Кичик бизнес ва экспорт имкониятлари
  • 29 Апрель 2014

Кичик бизнес ва экспорт имкониятлари

ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш баробарида иқтисодиётимиз салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади

Кейинги йилларда Сурхондарё вилоятида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда кичик бизнес субъектларининг ҳиссаси тобора ошиб бормоқда. Бу мамлакатимизда соҳа вакиллари фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, уларга қатор имконият ва имтиёзлар яратиб берилаётгани самарасидир.
Албатта, имконият изланишга ундайди, рағбат эса муваффақиятлар сари йўл очади. Бу айни пайтда воҳадаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари фаолиятида ўз ифодасини топмоқда. Қувонарлиси, улар сафи ишбилармон аёллар ҳисобига йилдан-йилга кенгайиб бораётир. Хусусан, биргина ўтган йили вилоятдаги тижорат банклари томонидан 2171 нафар хотин-қизга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун 43,7 миллиард сўмликдан зиёд кредит маблағлари ажратилди. Бу эса, ўз навбатида, 3216 та иш ўрни яратилишига хизмат қилди.  Узун туманидаги “Тўмарис-Истиқлол текстиль” хусусий корхонаси фаолияти ҳам ана шундай имкониятлар туфайли тобора кенгайиб бораяпти. Ҳозир бу ерда болажонлар учун тайёрланаётган бежирим кийим-кечакларнинг бозори чаққон.
Корхона раҳбари Дилафрўз Тўхтасинованинг  касби — тикувчилик. У дастлаб 4 нафар чевар билан тадбиркорликка қўл урганди. Ўшанда банк томонидан ажратилган 45 миллион сўмлик маблағ пайпоқ тўқиш дастгоҳларини харид қилишга йўналтирилди. Тадбиркор қисқа фурсатда кредитни тўлиқ қоплаб, яна 47 миллион сўмлик молиявий ёрдам олишга муваффақ бўлди. Ушбу маблағ ҳисобига корхонага замонавий тикув дастгоҳлари келтирилди. Ҳозир “Тўмарис-Истиқлол текстиль”нинг 12 кишилик жамоаси томонидан тайёрланаётган маҳсулотларнинг асосий қисми экспортга йўналтирилаяпти. Бу эса корхонанинг иқтисодий имкониятлари йилдан-йилга кенгайишида муҳим омил бўлмоқда.
— Чеварларимиз ўтган йили 3000 дона болалар либоси тайёрлаб, савдо шохобчаларига етказиб беришди,— дейди тадбиркор. — Маҳсулот рақобатбардошлиги хом ашё сифатига ҳам боғлиқ. Шу боис мато ва ипларни пойтахтдаги “BF продукции”, Янгиер шаҳридаги “Кармента Ян текс” ҳамда Жарқўрғон туманидаги “Сурхонтекстиль” корхоналаридан олаяпмиз. Натижада 30 турдаги маҳсулотларимиз нафақат маҳаллий, балки хорижлик буюртмачиларга ҳам бирдек манзур бўлмоқда.
Дарҳақиқат, пухта бизнес лойиҳа муваффақиятлар гаровидир. Буни яхши англаган Дилафрўз Тўхтасинова ҳамиша ишни обдон режалаштириб, сўнг уларни бажаришга киришади. Бу жиҳат тадбиркорни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаётган банк жамоасига ҳам маъқул. Шу сабабли яқинда тадбиркорга яна 80 миллион сўмлик кредит ажратиладиган бўлди. Ишбилармон аёл ушбу маблағ эвазига корхона фаолиятини янада кенгайтириш ҳамда қўшимча иш ўринлари яратишни мақсад қилган.

Нормурод ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn