Мамлакатимиз озиқ-овқат саноати салоҳиятининг намойиши
  • 29 Апрель 2014

Мамлакатимиз озиқ-овқат саноати салоҳиятининг намойиши

Шу йилнинг 5-6 июнь кунлари Тошкентда “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтади.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 2 апрелда қабул қилинган Фармойишига мувофиқ ўтказиладиган мазкур конференцияда Хитой, АҚШ, Франция, Германия, Италия, Буюк Британия, Корея Республикаси, Австрия, Ҳиндистон, Озарбайжон, Бельгия, Болгария, Венгрия, Индонезия, Латвия, Литва, Польша, Словакия каби давлатлардан олимлар, экспертлар, инвесторлар, шунингдек, нуфузли халқаро ташкилотлар, жумладан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Жаҳон банки ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Бугунги кунда агросаноат комплекси нафақат маҳсулот ишлаб чиқариш, балки чет эл инвестициясини жалб қилиш, юқори технологияли асбоб-ускуналарни жорий этиш, экспорт салоҳиятини кенгайтиришда етакчи тармоқлардан бирига айланди. Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантириш бўйича 550, паррандачиликда 262, балиқчиликда 345, асаларичиликда 255 лойиҳанинг амалга оширилгани ҳам шун-
дан далолат беради. Қишлоқ хўжалиги соҳаси маҳсулдорлигини оширишга доир чора-тадбирларнинг ҳаётга татбиқ этилиши самарасида сабзавот етиштириш ҳажми 10,8 фоиз, гўшт 6 фоиз, сут 6,7 фоиз, тухум тайёрлаш 13,5 фоиз ошди. Йирик қорамоллар умумий сони 4 фоиз ўсиб, 10,6 миллион бошга етди.
Асосий икки йўналишнинг ривожлантирилаётгани, яъни қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириб, уни тўлиқ қайта ишлаётган ва ўз бизнесини юқори даражада диверсификация қилаётган фермер хўжаликларининг қўллаб-қувватланаётгани, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ускуналари ва технологиялари ишлаб чиқарадиган етакчи хорижий компаниялар билан қўшма корхоналар ташкил этилаётгани бу муваффақиятларда муҳим омил бўлаётир.
Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган иккита дастурий ҳужжат — 2012 — 2015 йилларда озиқ-овқат саноатини кенгайтириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари дастури ва 2012 — 2015 йилларда қишлоқ хўжалиги хом ашёсини чуқур қайта ишлаш ва истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва уларнинг турини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар дастури яқин истиқболда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат саноатини янада ривожлантиришга асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Тошкентда бўлиб ўтадиган мазкур халқаро конференцияда ана шу ва бошқа масалалар хусусида батафсил маълумотлар берилади.
Конференция иштирокчилари Самарқанд ва Тошкент вилоятларидаги фермер хўжаликлари, қайта ишлаш корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик инфратузилмаси объектларига ташриф буюради. Халқаро конференция бўлиб ўтадиган Симпозиумлар саройида ташкил қилинадиган ихтисослаштирилган кўргазмада озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг йўналишлари ҳам намойиш этилади. Бундан ташқари, мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш имкониятлари, захира ва салоҳияти тўғрисидаги видеофильм иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинади.
Ялпи ва секцияларга бўлинган мажлисларда жаҳон озиқ-овқат саноатини ривожлантириш, инсоннинг тўйиб овқатланишига эришиш, истеъмол саватининг мақбул тузилмасини шакллантириш, замонавий агротехнологияларни жалб этиш, узум ва мева-сабзавот экинлари ҳосилдорлигини кўпайтириш, инфратузилма ва логистика тизимларини такомиллаштиришга оид лойиҳаларни амалга оширишда халқаро молия институтлари, инвесторлар билан ҳамкорликка доир ҳамда бошқа масалалар муҳокама этилади.

Меҳрибон МАМЕТОВА,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn