Биржа бозоридаги инновацион савдо мажмуаси
  • 15 Февраль 2017

Биржа бозоридаги инновацион савдо мажмуаси

олди-сотди жараёнини тез ва сифатли бажаришда қўл келмоқда

Республика биржа марказида Ягона дастурий-техник комплекснинг имкониятлари ҳамда афзалликларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази томонидан ташкил этилган ушбу анжуманда соҳа вакиллари, акциядорлик жамиятлари мутасаддилари, тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли топшириқлари ижросини -таъминлаш мақсадида Жанубий кореялик мутахассислар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган мазкур мажмуа амалиётга киритилиши билан қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларига талайгина қулайликлар яратилди. Жумладан, эндиликда ҳисоб-китоб-клиринг ҳамда депозитор тизимларидан фойдаланишга зарурат қолмади. Натижада олди-сотди жараёнида вақт ҳам, маблағ ҳам тежалмоқда. 

Илгари битта олди-сотди амалиёти учун олти кунгача вақт талаб этилган бўлса, ҳозирги пайтга келиб, атиги тўрт-беш дақиқа кифоя. Шу боис янги мажмуа хизматига бўлган талаб тобора ортиб, брокер ва мижозлар ўртасида ҳамкорлик -мустаҳкамланмоқда.

ЯДТКнинг ишга туширилиши уюшган савдоларга қимматли қоғозлар чиқариш технологиясини ўзгартириб, уни сотиш буюртмаси инвестиция воситачилари томонидан бевосита брокерлик тизимида, қимматли қоғозлар Марказий депозитарийсига ўтказиш ҳамда ҳаракатни тўхтовсиз амалга ошириш имконини вужудга келтирди. Қолаверса, савдо якуни бўйича қимматли қоғозларни етказиб бериш тартиби ҳам ўзгарди. 

Тадбир давомида, шунингдек, “Ўзбекистон капитал бозорида энг яхши” танловининг 2016 йил якунлари бўйича ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Танловда адолат ва шаффофликни таъминлаш учун Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қимматли қоғозлар маркази, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Давлат активларини бошқариш маркази, Марказий депозитарий, “Тошкент” Республика фонд биржаси ҳамда “Элсис-савдо” акциядорлик жамияти вакилларидан иборат махсус комиссия тузилди. 

Пировардида “Энг яхши корпоратив бошқарув”, “Энг яхши инвестиция воситачиси”, “Энг яхши инвестиция маслаҳатчиси” каби йўналишларда  ғолиблар аниқланди.

Тадбирда иштирокчиларга Ягона дастурий-техник комплекси имкониятларидан фойдаланган ҳолда, қимматли қоғозлар олди-сотди битимларини онлайн тарзда амалга ошириш жараёни кўрсатиб берилди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn