Истиқболли лойиҳалар, манфаатли келишувлар
  • 26 Апрель 2014

Истиқболли лойиҳалар, манфаатли келишувлар

илмий муассасалар ва ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади

Мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларига илғор технологиялар изчил татбиқ этилаётгани, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро уйғунлигини таъминлашга жиддий эътибор берилаётгани туфайли бугун уларда юқори самарадорликка эришилаяпти.
Жорий ҳафтанинг охирги кунларида пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуи, том маънода, ана шу ютуқларимизнинг ҳақиқий майдонига айланди, десак, асло муболаға бўлмайди. Чунки бу ерда бўлиб ўтган “Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар”
VII Республика ярмаркаси доирасида саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, ахборот-коммуникация технологиялари, фан ва таълим соҳаларидаги юзлаб инновацион маҳсулотлар намойиш этилдики, уларни амалиётда қўллаш ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, маблағ ва воситаларни тежаш, ички бозорда миллий маҳсулотлар улушини кўпайтиришдек эзгу мақсадларга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ўтказилаётган ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳам шунга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Хусусан, ЎзФА Полимерлар кимёси ва физикаси институти томонидан таклиф этилган “Техник ва тозаланган микрокристалл целлюлоза олиш технологияси” истиқболли ишланмалардан бири ҳисобланади. Негаки, ҳозирги кунда микрокристалл целлюлозадан озиқ-овқат, кимё, фармацевтика ҳамда саноатнинг бошқа тармоқларида кенг қўлланилса, мазкур технология эса уни маҳаллий хом ашё — пахта целлюлозаси ва момиғидан ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Яъни уни амалиётга татбиқ этиш орқали нафақат ушбу маҳсулотга бўлган ички эҳтиёж қондирилади, балки уни экспорт қилиш имконияти ҳам вужудга келади.
Маълумотларга кўра, ҳосилдорлик кучсиз шўрланган экин майдонларида 25, ўртача шўрланган ерларда 50, кучли шўрланган тупроқда эса 80 фоизгача камайиб кетар экан. Шу маънода, Тупроқшунослик ва агрокимё илмий тадқиқот институти олимларининг “Фермер хўжаликларининг суғориладиган ерларида “Тупроқ шўрланиши картограммасини тузиш” ҳамда Ўзбекистон Миллий университети мутахассисларининг “Фермерларни тупроқ унумдорлигини ошириш бўйича ўқитиш” лойиҳалари бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиши билан алоҳида ажралиб туради. 
Ярмарка иштирокчиларида, шунингдек, кичик бизнес вакиллари маҳсулотлари ҳам катта қизиқиш уйғотди. Пойтахтимизда фаолият юритаётган “Zara Shaft” хусусий корхонасида тайёрланган зинапоя майдонларини ёритувчи автомат ускунаси шулардан биридир. Унинг аҳамияти шундаки, кўп қаватли тураржой ва корхоналарда электр энергиясини тежаш имконини беради. Айтайлик, унинг махсус датчиги зарур вақтда, яъни йўлакда одам пайдо бўлганини қайд этсагина чироқ ёнади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра,  ушбу автомат амалиётга жорий этилса, биргина Тошкент шаҳрида йилига 200 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ тежалиши мумкин экан.
Мухтасар айтганда, уч кун давом этган тадбир қатнашчилар учун ниҳоятда самарали бўлди. Унда иқтисодиёт тармоқларига янги технологияларни жалб этиш самарадорлиги ва корхоналарнинг бундай ишланмаларга бўлган эҳтиёжи бўйича тақдимот маросимлари ўтказилиб, якунда инновацияларни жорий қилиш борасидаги ҳамкорлик бўйича 14,1 миллиард сўмлик 320 дан ортиқ шартнома ва келишувлар имзолангани бунинг яққол тасдиғидир.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn