Ўзбекистонда яратилган қулай инвестиция муҳити хорижий компанияларда катта қизиқиш уйғотмоқда
  • 26 Апрель 2014

Ўзбекистонда яратилган қулай инвестиция муҳити хорижий компанияларда катта қизиқиш уйғотмоқда

Бельгиянинг Антверпен провинцияси Савдо-саноат палатасида Ўзбекистон савдо-иқтисодий ва сармоявий салоҳиятининг тақдимоти бўлиб ўтди. У мамлакатимизнинг Бельгиядаги дипломатия миссияси томонидан ташкил этилди.

Антверпен — Бельгиянинг бешта фламанд провинцияларидан бири бўлиб, у Шельда дарёси оқими бўйлаб Шимолий денгизга туташади. Провинция пойтахти ҳам Антверпендир. У Бельгиянинг Брюсселдан кейин турадиган иккинчи шаҳри ва Фландриядаги энг йирик шаҳар саналади. Антверпеннинг денгиз порти дунёдаги энг йирик ўнталикка киради. Провинцияда машинасозлик, атом энергетикаси, нефть-кимё ва дори-дармон ишлаб чиқариш сингари соҳаларнинг етакчи саноат марказлари жойлашган. Шу билан бирга, Антверпен йирик таълим маркази ҳамдир. У ерда университет ва бир неча олий мактаблар фаолият кўрсатмоқда.
Ушбу провинция компаниялари фаолиятининг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, шаҳар Европада катталиги бўйича иккинчи ўринда турувчи денгиз порти ва жаҳондаги етакчи логистика нуқталаридан бирига эга бўлиб, бу ердаги кўпгина корхоналар логистика хизматлари кўрсатиш ҳамда транспортда юк ташишга ихтисослаштирилган.
Тақдимот чоғида Антверпен Савдо-саноат палатасига аъзо компаниялар вакилларига Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ҳамда юртимизда яратилган қулай инвестиция муҳити тўғрисидаги батафсил ахборот тақдим этилди. Шунингдек, улар мамлакатимиздаги махсус индустриал зоналар ва уларнинг имкониятлари, Бельгия корхоналари иштирок этиши мумкин бўлган инвестициявий лойиҳалар борасида ҳам зарур маълумотларга эга бўлдилар.
Тадбир доирасида мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари, иқтисодиётни диверсификациялаш бўйича ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар ҳамда қонунчиликдаги хорижий сармояларни жалб қилишни рағбатлантиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақидаги ахборотлар ҳам тақдим қилинди.
Алоҳида таъкидланганидек, республиканинг улкан салоҳияти, унинг бой минерал, хом ашё ва ёқилғи-энергетика ресурслари, юқори малакали мутахассислари, қулай жуғрофий жойлашуви мамлакатнинг жадал иқтисодий тараққиёти ва хорижий шериклар билан фаол ҳамкорлик алоқаларининг ривожланишига хизмат қилаётир.
Анжуман иштирокчиларига юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларда эришган муваффақиятлари, хорижий сармоядорлар учун яратилган имкониятлар ҳақидаги махсус материаллар тақдим этилгани баробарида, Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиётига бағишланган ҳужжатли фильм ҳам намойиш қилинди.
Бельгиялик ишбилармонлар Ўзбекистон билан инвестиция соҳасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш юзасидан катта қизиқиш билдирдилар.
Хусусан, Антверпен Савдо-саноат палатасининг бош менежери Жил Сутенс Ўзбекистондаги ички сиёсий барқарорлик ва жадал иқтисодий тараққиёт хорижий сармоядорларни мамлакат бозорига жалб қилаётганини қайд этди.
“Махсус индустриал зоналарда амал қиладиган қулай шарт-шароитлар ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш учун янги имкониятларни тақдим этмоқда. Антверпен Савдо-саноат палатасига аъзо бўлган кўплаб компаниялар Ўзбекистон таклиф қилаётган инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқишга қизиқиш билдирмоқда. Биз савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни жадаллаштириш учун барча саъй-ҳаракатни амалга оширишга тайёрмиз”, деди у.
“Induss” компанияси президенти Ивен Геиленкоттен 2013 йилда республикамизда ижтимоий-иқтисодий жабҳада эришилган ютуқларга юксак баҳо берар экан, улар мамлакатнинг изчил ривожланиб бораётганидан далолат эканини таъкидлади.
— Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёт йўли мамлакатга ривожланиш жараёнидаги барча  қийинчиликни енгиб ўтиш  имконини  берди, —  деди у. — Тарихан қисқа муддат мобайнида республикада мустаҳкам иқтисодиёт барпо этилгани жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий таъсирини бартараф қилишда муҳим аҳамият касб этди. Бугунги кунда мамлакат дунёдаги энг юқори иқтисодий ўсиш кўрсаткичларидан бирини намоён қилмоқда. Ўзбекистонда ишбилармонлик фаолиятини юритиш учун яратилган ҳамда қўшма лойиҳаларнинг муваффақиятли тарзда амалга оширилиши билан мустаҳкамланган қулай шарт-шароитлар Антверпен компанияларининг республика билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга ундамоқда.
Бу каби учрашувларнинг ўтказилиши Ўзбекистон — Бельгия савдо-иқтисодий шериклигини чуқурлаштириш ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.
“Orfit Industries” компаниясининг Шарқий Европа ва МДҲ мамлакатлари бўйича минтақавий директори Йохан Фоке ҳам тадбирда намойиш этилган маълумотлар ва ўзаро манфаат касб этадиган таклифлар Ўзбекистон ва Антверпен ишбилармон доиралари ўртасидаги иқтисодий ҳамда сармоявий ҳамкорликнинг янада ривожланишига кўмаклашишини қайд этди. 
— Компаниямиз тиббиёт асбоб-ускуналари ва технологияларини етказиб бериш билан шуғулланади, — деди Йохан Фоке. — Ўтган йили биз “UzMed EXPO” VI Халқаро ихтисослаштирилган тиббиёт кўргазмасида қатнашдик.
Шу ўринда айтиш жоизки, Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида ўтказилаётган халқаро кўргазмалар миллий ва хорижий товар ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. Мамлакатингизда тиббиёт муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш борасида амалга оширилаётган ишлар аҳоли саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлашнинг муҳим омили сифатида намоён бўлаётир. 2013 йилда соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтирилган инвестициялар ҳажми 2010 йилдагига нисбатан 3,8 баробар ошгани диққатга сазовордир.
Ўзбекистон — улкан иқтисодий салоҳиятга эга мамлакат. Биз ўзбекистонлик шерикларимиз билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришдан, тиббиёт соҳасидаги тегишли идора, фирма ва компаниялар билан тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдормиз.

«Жаҳон» АА.
Бельгия

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn