Тараққиётнинг етакчи кучи
  • 07 Февраль 2017

Тараққиётнинг етакчи кучи

Иқтисодиёт ривожини жадаллаштирувчи омиллардан бири — бу, шубҳасиз, инвестиция эканлиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Нега деганда, чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, саноатни диверсификациялашга қаратилган лойиҳалар ижросини, ишлаб чиқаришни техник ва технологик янгилашни, умуман, мамлакатимизни модернизация қилишни  сармоясиз тасаввур этиб бўлмайди. Таъбир жоиз бўлса, фаол ва оқилона инвестиция сиёсати тараққиёт локомотивидир.

Давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишида инвестициялар, айниқса, хорижий инвестицияларни кўпроқ жалб қилиш, чет эллик сармоядорлар ва тадбиркорлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласига бот-бот тўхталаётганининг боиси ҳам шунда. Илғор ускуналар билан жиҳозланган замонавий корхоналарнинг барпо этилиши саноатнинг янги тармоқларини ўзлаштириш, ташқи бозорларда рақобатдош маҳсулотлар тайёрлашни кўпайтириш, пировардида экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилади. 

Шу маънода, Ўзбекистонда қулай инвестициявий муҳит яратиш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилаётгани ўз самарасини бермоқда. 2016 йилда  мамлакатимизда жалб қилинган инвестициялар ҳажми 9,6 фоиз ортиб, 16,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этгани, жумладан, ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми 11,3 фоиз ўсиб, 3,7 миллиард доллардан ортгани бунга яққол мисолдир.

Вазирлар Маҳкамасининг яқинда бўлиб ўтган кенгайтирилган мажлисида таъкидланганидек, мавжуд имкониятдан оқилона фойдаланилса, ушбу кўрсаткичларни янада яхшилаш мумкин. Бинобарин, юртимизни инвестициявий жозибадор давлатга айлантириш мақсадида соҳанинг ҳуқуқий асоси такомиллаштирилиб, чет эллик сармоядорларга қўшимча имтиёз ва енгилликлар тақдим қилинмоқда. Ушбу жараёнда маҳаллий хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлашни таъминлайдиган, юқори технологияларга асосланган янги ишлаб чиқаришларни ташкил этишга қаратилган лойиҳаларга устувор аҳамият берилаяпти. Натижада маблағлар, асосан, замонавий саноат корхоналари барпо қилиш, мавжудларини техник ва технологик жиҳатдан модернизациялашга йўналтирилаяпти.

Пойтахтимизда фаолият кўрсатаётган “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси таркибига кирувчи масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Green  World” қўшма корхонасида яратиб берилаётган ана шундай шарт-шароитлардан унумли фойдаланилаётгани туфайли  унинг фаолияти йил сайин кенгаймоқда. Мева-сабзавотларни чуқур қайта ишлашга ихтисослаштирилган мазкур корхона Америка Қўшма Штатлари, Жанубий Корея инвесторлари иштирокида ташкил этилган.

Мазкур ишлаб чиқариш субъекти жамоаси эришилаётган муваффақиятларни қулай инвестициявий муҳит самараси билан боғлайди. Чунки бу ерда жалб этилаётган сармоялар, энг аввало, корхона фаолиятини кенгайтириш, амалиётга замонавий технологик линияларни татбиқ этишга сарфланади. Масалан, қайта ишлаш цехи Корея Республикасининг “Chang Shin Engineering Co., Ltd” фирмаси ускуналари билан жиҳозланган бўлиб, улар ёрдамида соатига 5 тонна хом ашёни чуқур қайта ишлаш мумкин. Қадоқлаш цехлари ҳам дунёга машҳур компаниялар технологиялари билан таъминланган. Хусусан, Швейцариянинг “Tetra Pak Square” компаниясидан харид қилинган линия ёрдамида соатига 7 минг дона идишда табиий шарбат ва нектарлар қадоқланади. 

Бугунги кунда корхонада табиий шарбат ва нектарлардан ташқари, мева-сабзавот концентрати ва қайласи, мураббо, шинни сингари жами 100 номдаги маҳсулотлар тайёрланиб, буюртмачиларга етказиб берилаяпти. Улар юқори сифати, бежирим дизайнда қадоқлангани, энг асосийси, табиийлиги билан истеъмолчиларга маъқул тушмоқда. Шу боис маҳсулотларнинг асосий қисми Франция, Россия, Туркия, Хитой, Туркманистон, Қозоғистон каби давлатларга экспорт қилинаяпти.

Корхонада маблағлар мақсадли йўналтирилаётгани имкониятлар эшигини янада кенг очиб берди. Айни пайтда унинг Андижон, Фарғона, Хоразм ва Тошкент вилоятларида заводлари фаолият кўрсатаётгани бунга асос бўла олади. Уларда, асосан, консерваланган сабзавотлар тайёрланиб, харидорларга турли ҳажмдаги шиша идишларга қадоқланган ҳолда тақдим қилинади. 

 “Green  World” қўшма корхонасида инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишлар кўлами йил сайин кенгайиб бормоқда. Инвестиция дастурига киритилган ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва техник қайта жиҳозлашга доир лойиҳа шулардан биридир. 2014 — 2020 йилларда амалга оширилиши кўзда тутилган мазкур лойиҳа доирасида 5 миллион АҚШ доллари миқдорида  сармоя жалб этилади. Бунинг эвазига фақат шарбат ва нектарлар тайёрлаш қуввати йилига 25 миллион шартли идишга кўпайиши кутилаяпти. 

Бундан ташқари, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси томонидан тақдим этилаётган имтиёзлар, тижорат банк-лари кредитлари ҳисобига жойлардаги заводлар қувватини ошириш, янги маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйиш, қолаверса, қўшимча савдо йўлакларини очиб, экспорт ҳажмини кўпайтириш бўйича амалий саъй-ҳаракатлар кўрилаётир.

Таъкидлаш керакки, хорижий давлатлар, шунингдек, дунёга машҳур компаниялар ҳамда халқаро молия институтларининг молиявий кўмагида энергетика, машинасозлик, металлургия, кимё, енгил ва озиқ-овқат, нефть-кимё, қурилиш материаллари каби саноатимизнинг етакчи соҳаларида  кўплаб ана шундай лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Биргина 2016 йилда умумий қиймати 5,2 миллиард долларга тенг бўлган 164 та йирик инвестициявий лойиҳани амалга ошириш ишлари якунлангани сўзимиз тасдиғидир. Уларнинг аксарияти аҳоли зич ҳудудларда рўёбга чиқарилди. 

Кейинги йилларда янги соҳалар ўзлаштирилиши, йирик ишлаб чиқариш объектлари бунёд этилиши, қисқача айтганда, иқтисодиётимизнинг  инвестициявий жозибадорлиги ортишида эркин иқтисодий зоналар муҳим аҳамият касб этаяпти. Президентимизнинг шу йил 12 январдаги “Ургут”, “ўиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони ушбу йўналишдаги ислоҳотларни сифат жиҳатидан чуқурлаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Унга кўра, барпо этилаётган янги эркин иқтисодий зоналар олдига ҳудудлар ишлаб чиқариш ҳамда ресурс -салоҳиятидан самарали фойдаланиш орқали хорижий ва маҳаллий инвестицияларни кенг жалб қилиш, йирик саноат корхоналари бунёд этиш, қўшимча иш ўринлари яратиш, пировардида аҳоли даромадларини ошириш каби улкан вазифалар қўйилди. 

Уларнинг изчил ижроси жаҳон бозорида рақобатдош бўлган маҳсулотлар тайёрлашни ўзлаштириш, экспорт ҳажмини кўпайтириш, аҳоли фаровонлиги ва ҳаёт сифатини янада яхшилашга мустаҳкам пойдевор бўлади. Зеро, чуқур ўйланган ва босқичма-босқич амалга оширилаётган инвестиция сиёсати иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига кенг йўл очади.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Бахтиёр АКРАМОВ олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn