Инновацион ишланмалар корхоналар фаолиятининг барқарорлигида муҳим ўрин тутади
  • 07 Февраль 2017

Инновацион ишланмалар корхоналар фаолиятининг барқарорлигида муҳим ўрин тутади

Бугунги жадал тараққиёт даври ҳар бир соҳага илғор ишланма ва технологияларни татбиқ қилишни талаб этаяпти. Зеро, ишлаб чиқаришга бундай инновацион маҳсулотларни қўллаш муваффақият гаровидир.

Таъкидлаш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 июлдаги “Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори айнан шундай мақсадларга хизмат қилаётгани билан алоҳида ажралиб туради. Ушбу қарор асосида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда  Жаҳон банки ҳамкорлигида бажарилаётган ишлар туфайли саноат корхоналарини  самарали бошқариш тизими такомиллаштирилиши баробарида, ишлаб чиқаришда рақобатдошлик таъминланмоқда. Яъни сарф-харажатлар камайиб, тайёрланаётган маҳсулотлар сифат жиҳатидан яхшиланаяпти. Бунда, айниқса, ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилган инновацион лойиҳалар кенг қўлланилаётгани ўз самарасини бераётир.

Бинобарин, мазкур лойиҳадан кўзланган мақсад корхона ва ташкилотлардаги эскирган ускуналарни замонавийсига алмаштириш, ишлаб чиқариш жараёнини тежамкор технологиялар ҳисобига модернизациялашдан иборат. Яъни энергия истеъмолида янги йўналишларни ўз ичига қамраган бу каби юмушлар илмий-техник, энергетика соҳасидаги чуқур тадқиқотларни молиявий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ёқилғи-энергетика ресурсларидан унумли фойдаланишга хизмат қилаяпти. Масалан, қарорга мувофиқ, ўтган йили “Қизилқумцемент” акциядорлик жамиятида клинкер цехларининг иссиқлик таъминоти қурилмаларига хом ашёни узатиш тизимини янгилаш лойиҳаси рўёбга чиқарилди. Бунинг учун зарур бўлган 883 минг АҚШ долларилик ускуналар Буюк Британиянинг “IE Engineering LP”  компанияси томонидан етказиб берилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, сублойиҳа муваффақиятли амалга оширилиши билан мазкур корхонада йилига 1,8 миллион кВт/с электр энергияси ҳамда 5 миллион куб метр табиий газни иқтисод қилиш имконияти вужудга келди. 

Ушбу лойиҳа доирасида, шунингдек, иккинчи ва еттинчи тегирмон янада замонавийлаштирилиб, уларда ўттизта автоматлаштирилган лентасимон тортиб берувчи ускуна ишга туширилди. Умумий қиймати 1,4 миллион АҚШ долларига тенг бўлган мазкур жиҳозларнинг 1,1 миллион доллари Халқаро тараққиёт уюшмаси маблағлари ҳисобидан тижорат банки томонидан молиялаштирилди. Бу ҳам амалда ўз натижасини бериб, корхонада қўшимча 3,5 миллион кВт/с электр энергия тежаб қолинадиган бўлди.

Бундан ташқари, “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси бўйича “Бекободцемент” акциядорлик жамиятида ҳам бир қанча тадбирлар бажарилди. Фильтрлаш, шамоллатиш ва ташиш тизимларини модернизациялаш шулар жумласидандир. Бу ерга ўрнатилган аэрацион плиталар ва кичик фильтрлар ҳам  Буюк Британиянинг “Skyoffice Developments LLP” компаниясидан харид қилинди. Умумий қиймати 810 минг АҚШ долларини ташкил этувчи ушбу ускуналарнинг самарадорлиги шундан ҳам маълумки, у қисман ишлатилиши биланоқ 28 фоиз энергия ресурслари тежалди. 

Энг муҳими, бу каби модернизациялаш тадбирлари корхоналарга иқтисодий барқарорлик келтириш билан бирга, чиқиндиларни камайтириш, иш унумдорлигини ошириш,  маҳсулот тайёрлашда йўқотишларнинг олдини олишда қўл келаяпти. 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn