«Standard & Poor’s» халқаро рейтинг агентлиги навбатдаги ҳисоботни эълон қилди
  • 27 Январь 2017

«Standard & Poor’s» халқаро рейтинг агентлиги навбатдаги ҳисоботни эълон қилди

Яқинда “Standard & Poor’s” халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон банк тизимининг соҳавий ва мамлакат таваккалчиликларини баҳолаш масалаларига бағишланган навбатдаги ҳисоботини эълон қилди. Унда Ўзбекистон банк тизимининг рейтингини аниқловчи асосий омиллар, иқтисодий ҳамда соҳавий ечимлар, уларнинг йўналиши, бошқа мамлакатлар билан қиёсий таққосламалари, ҳукуматнинг банк тизимини қўллаб-қувватлаши ва бошқа масалалар инобатга олинган.

Агентлик экспертларининг фикрича, Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш истиқболлари юзага келаётган бюджет профицити ва жорий операциялар ҳисобварағи ижобийлиги, тижорат банкларининг мижозларнинг депозит ҳамда ривожланишга қаратилган молия-вий маблағларидан таркиб топган ресурс базаси, давлат томонидан ўрнатилган назорат асосий ижобий омиллардир.

Шу билан бирга, мутахассислар республика Марказий банки томонидан банк тизими капиталлашувини ошириш ва кредит операцияларини назорат қилиш борасида ўрнатилган қатъий интизом ижобий аҳамиятга эга бўлаётганини қайд этишган. 

Агентлик баҳосига кўра, кредитлашнинг юқори суръатлари муайян мураккабликларни келтириб чиқариши мумкин, бироқ таҳлилчилар “улар иқтисодий ўсиш суръатларига номинал қийматда мос келади ва иқтисодиётда “баҳо пуфаклари”нинг пайдо бўлишига йўл қўймайди”, деб ҳисоблайди.

Экспертлар, шунингдек, корпоратив кредитлар портфелига боғлиқ бўлган иқтисодий ўсиш ва ечимларнинг прогноз қилинаётган юқори суръатларини эътиборга олиб, кредит портфелидаги муаммоли кредитлар яқин 12 — 18 ой ичида 1,5 фоиздан ошмаслигини таъкидлашган.

“Standard & Poor’s” банк тизимида тўпланган молиявий маблағларни баҳолар экан, кредитларнинг салмоқли қисми мижозлар депозитлари ҳисобидан молиялаштирилаётгани ва четдан жалб этилган маблағлар атиги 14 фоизни ташкил этаётганини эътиборга олган.

Бундан ташқари, экспертлар Ўзбекистон банк тизимининг соҳавий таваккалчилигини “барқарор” деб баҳолади. Мамлакатимиз банкларининг барқарор мавқеи молия муассасаларига бўлган ишонч ҳамда корпоратив депозит ва аҳолининг бўш пул маблағларини жалб қилишнинг мустаҳкам асоси бўлиб қолмоқда. Натижада тижорат банкларида сўнгги беш йилда жами депозитлар ҳажми 3,5 баробар, охирги бир йил ичида эса 25,2 фоиз ошди.

Республика банк тизими кўрсаткичлари баъзи меъёрлар бўйича халқаро стандартлар -талабларидан ҳам юқори бўлаётгани диққатга сазовордир.

Банк тизимининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган аниқ мақсадли чора-тадбирлар сўнгги беш йилда жами капитални 2,5 марта, охирги бир йилда эса 20 фоиз кўпайтириш имконини берди. Шу боис капиталнинг етарлилик  даражаси халқаро стандартлардан уч баробар юқори бўлиб қолмоқда. Қолаверса, тизимнинг жорий ликвидлик даражаси ҳам халқаро стандартлардан икки баробар зиёддир.

Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча тижорат банклари “Standard & Poor’s”, “Moody’s” ва “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентликларининг ижобий баҳосига эга эканлиги тизимнинг кўрсаткичлари юқори бўлишини таъминламоқда, албатта.

Д. УЛУҒМУРОДОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn