Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичи
  • 25 Январь 2017

Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичи

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик -палатасида 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат стратегиясининг лойиҳаси муҳокамаси юзасидан қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида ушбу Стратегия лойиҳаси ҳамда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига тааллуқли бошқа -масалалар қизғин муҳокама этилиб, бу борада атрофлича фикр алмашилаяпти.

Чунончи, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилишида депутатлар масаланинг энг муҳим жиҳатларига эътибор қаратиб, ундан келиб чиқадиган устувор вазифалар хусусида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Таъкидланганидек, ушбу Стратегияда иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари алоҳида қайд этилгани ЎзЛиДеП дастуридаги мақсад ва вазифаларга ҳамоҳангдир. Хусусан, солиқ юкини камайтириш ва солиққа тортиш тизимини соддалаштириш йўлини давом эттириш, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва рағбатлантиришнинг тегишли чораларини кенгайтириш, қолаверса, банк тизимини ислоҳ қилиш, уларнинг молиявий барқарорлиги ва ишончлилигини мустаҳкамлаш, истиқболли инвестициявий лойиҳалар ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредитлашни янада кенгайтириш шулар жумласидандир.
— Яқин беш йилга мўлжалланган Ҳаракат стратегиясида хусусий мулкнинг ҳуқуқ ва кафолатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, барча турдаги тўсқинликлар ва чеклашларни бартараф этиш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш учун тўлиқ эркинлик беришга алоҳида эътибор қаратилаётгани муҳокама марказида бўлмоқда, — дейди фракция аъзоси Гулшана Худоёрова. — Эътироф этилаётганидек, бу орқали кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал равнақ топтириш мақсадида қулай ишбилармонлик муҳити яратилади, тадбиркорлик тузилмаларининг фаолиятига давлат, назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ноқонуний аралашувининг қатъий олди олинади. ЎзЛиДеП ҳам давлатнинг аграр соҳадаги муносабатларини такомиллаштириш, фермер ва деҳқон хўжаликлари ривожлантирилишини қўллаб-қувватлайди ва бу ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этади.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда партия Марказий кенгаши Ижроия қўмитасининг йиғилишида қатнашчилар бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини юксалтириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ҳамда жадал ривожланиши учун шароитлар яратиш, барча соҳани модернизация қилиш ва либераллаштиришга қаратилган янги тараққиёт босқичи бошланаётганини таъкидлади.
— Айни пайтда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан тақдим қилинган Ҳаракат стратегияси лойиҳаси қатор сайтларга жойлаштирилиб, кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама этилаётир, — дейди фракция аъзоси Акмал Умурзоқов. — Турли ташкилотлар, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва аҳоли томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ўрганилаяпти. Айниқса, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларига оид ахборотни тақдим қилишнинг замонавий шаклларини жорий этиш бўйича ўртага ташланган фикрлар кўпчилик диққатини тортмоқда. Албатта, бундай муҳокамалар, ўз навбатида, давлат ҳокимиятининг демократик асослари янада мустаҳкамланаётгани, халқимизнинг энг муҳим қарорлар қабул қилишдаги иштироки кенгаяётганидан далолат беради. Халқ, фуқаролар ва фуқаролик жамиятининг барча институтлари амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланаётгани эътиборга молик жиҳатлардандир.
Йиғилишда, шунингдек, “Миллий тикланиш” демократик партиясининг таклифлари, шу жумладан, туризм соҳасини ривожлантириш, мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда ижтимоий соҳани тараққий эттиришнинг устувор йўналишларида таълим ва илм-фан соҳасини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштиришга доир таклифлари Ҳаракат стратегиясида ўз ифодасини топгани қайд этилди.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси йиғилишида сўзга чиққанлар Ҳаракат стратегиясини ўз вақтида ва самарали амалга ошириш барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг бирламчи вазифаси ва энг устувор йўналиши ҳисобланишини таъкидладилар.
— Муҳокамалар жараёнида лойиҳада кўзда тутилган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизациялашда, давлат бошқаруви ва давлат хизмати ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантиришда парламент, сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш, ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларини янада кенгайтириш ҳаракатлари бўйича қизғин фикр--мулоҳазалар ўртага ташланди, — дейди фракция аъзоси Собитхон Турғунов. — Бу борада кенг кўламли қонун ижодкорлиги ишларини амалга ошириш, шу муносабат билан фракциянинг барча аъзоси режалаштирилаётган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда янада фаол иштирок этишлари лозим.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси йиғилишида депутатлар ҳамда экспертлар эътироф этганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тақдим этилган Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракат стратегияси лойиҳаси инсон манфаатларини муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этади. Унинг умумхалқ муҳокамасига қўйилгани юртимизда “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг амалий ифодаси бўлиб, бу мамлакат аҳолисининг мазкур жараёнда фаол қатнашишини таъминлашга, пировардида сиёсий ва ҳуқуқий маданияти янада юксалишига хизмат қилади.
— Ушбу лойиҳанинг ишлаб чиқилиши ва такомилига етказилишида Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳамда унинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан илгари сурилган кўплаб таклифлар инобатга олингани партия ҳамда унинг депутатлик корпуси олдига катта масъулият юклайди, — дейди фракция аъзоси Абдуғани Умиров. — Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, маҳалла институтининг жамият бошқарувидаги ўрни ва фаолияти самарадорлигини юксалтириш, оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, илмий тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш каби вазифалар шулар жумласидандир.
Тадбирларда фракциялар томонидан Ҳаракат стратегияси лойиҳаси қўллаб-қувватланди, уни янада такомиллаштириш бўйича қатор таклифлар ишлаб чиқилди ҳамда асосий фаолият йўналишлари юзасидан аниқ мақсадли вазифалар белгилаб олинди.
Фракциялар йиғилишларида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада оширишга қаратилган бунёдкорлик ҳамда ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан учрашиш ва мулоқот қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида белгиланган вазифалар ҳам кўриб чиқилди.


Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn