Эркин иқтисодий зоналар — тараққиёт таянчи
  • 24 Январь 2017

Эркин иқтисодий зоналар — тараққиёт таянчи

Мамлакатимизда инвестиция сиёсатининг муҳим устувор йўналишларини амалга ошириш, замонавий юқори технологияларни жорий этиш ҳисобига жаҳон бозори талабларига мос келадиган рақобатдош, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, мавжуд хом ашёни чуқур қайта ишлаш орқали тайёр маҳсулотлар турини ва улушини кўпайтириш ҳамда янги иш ўринларини  барпо қилиш жараёни янада жадал тус олмоқда.

Бинобарин, иқтисодиётни эркинлаштириш ва модернизациялаш, энг аввало, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш бўйича қулай шарт-шароитлар яратиш ҳар қандай давлат учун энг долзарб ҳамда кечиктириб бўлмайдиган масала ҳисобланади. Бундай вазифаларни амалга оширишда эркин иқтисодий зоналарнинг ўрни ғоятда муҳимдир.

Шунга кўра, 1996 йилдаёқ Ўзбекистон Республикасининг “Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниши мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга йўналтирилган ислоҳотлар узоқни кўзлаб амалга оширилганидан далолат беради.

Ушбу ҳужжат инвестициялар жалб этиш имкониятларини кенгайтиришга замин яратди. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 12 январдаги “Ургут”, “ўиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини янада оширишнинг мантиқий давоми сифатида иқтисодиётимизни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши билан беқиёс аҳамият касб этади. Ишлаб чиқариш инфратузилмаларини ташкиллаштириш, уларни молиялаштириш, тадбиркорларни кредитлаш, солиқлар ва бошқа имтиёзлар билан таъминлаш механизмлари, амалга ошириш йўллари ва аниқ муддатлари белгилаб берилган Фармон, хусусан, азалдан ҳунарманд ҳамда омилкор бўлган қўқонликларнинг ғайратига ғайрат қўшди, десак, асло муболаға эмас.

Таъкидлаш жоизки, мазкур янги эркин иқтисодий зоналарда мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, тўқимачилик, гилам тўқиш, пойабзал ва чарм-галантерея, экологик жиҳатдан хавфсиз кимё, фармацевтика, озиқ-овқат, электротехника саноати, машинасозлик ва автомобилсозлик, қурилиш материаллари ва бошқа йўналишларда замонавий ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилади. Эркин иқтисодий зоналар ҳудудларда ишлаб чиқариш ҳамда ресурс салоҳиятларидан комплекс ва самарали фойдаланиш, шу асосда янги иш ўринларини очиш, пировардида аҳолининг барқарор даромади ҳамда турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Бу ерда фаолият кўрсатадиган тадбиркорлик субъектларига турли имтиёз ва қулайликлар тақдим этилиши хусусий сектор вакилларига ўз ташаббус ҳамда лойиҳаларини иккиланмасдан, қатъият билан рўёбга чиқариб, бизнесини ривожлантиришда ҳал қилувчи омил бўлиши муқаррардир. 

Бу ўринда яна бир долзарб жиҳатга эътибор қаратсак. Президентимиз мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида “Навоий” эркин иқтисодий зонасида ўтган 8 йил мобайнида атиги 24 та лойиҳа амалга оширилиб, уларда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар улуши жуда пастлиги ва атиги 900 нафар одам ишга жойлаштирилганини, принципиал жиҳатдан янги асосларда “Ургут”, “ўиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналари ташкил қилиниши, ўтган йиллардаги хатоларни яна такрорлашга энди йўл қўйиб бўлмаслигини алоҳида қайд этди. 

Шу нуқтаи назардан, Фарғона вилояти ҳокимлиги етакчилигида масъул ташкилот ва идоралар, депутатлар, вилоят фаоллари ва 500 дан ортиқ тадбиркорлар иштирокида йиғилиш ўтказилиб, “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида барпо этиладиган корхоналар ва ишлаб чиқариладиган маҳсулотларга бўлган талаблар, тадбиркорлар ва инвесторларга бериладиган қулайлик ҳамда имтиёзлар чуқур тушунтирилди. Эркин иқтисодий зона жойлашган Муқимий шаҳарчасида тадбиркорлар билан ишлаш ҳамда қабул жойлари йўлга қўйилди.

Албатта, мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини оширишда, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишнинг ўзига хос ва бетакрор механизмини жорий қилиш мақсадлари кўзланган Фармоннинг бажарилишида катта масъулият билан фаол қатнашиб, парламент назоратини изчил олиб бориш, тадбиркорлар манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда фидойилик кўрсатиш устувор вазифаларимиздан бирига айланди. Бинобарин, Президентимиз таъбири билан айтганда, замон талабини ҳис этмасдан, эскича ишлашга энди ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Чунки халқимиз бугун катта орзу-умидлар билан яшаяпти.

Ш. ЮЛДАШЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn