Аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш
  • 23 Январь 2017

Аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш

“Агробанк” акциядорлик тижорат банки олдидаги энг устувор вазифалардан бири ҳисобланади

Юртимизда аҳолининг тадбиркорликка бўлган қизиқиши янада кучайди. Боиси сўнгги пайтларда кўплаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, бизнес фаолиятини бошлаш истагидаги кишилар ташаббуси ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, ишбилармонларга қўшимча имтиёз ва енгилликлар берилаётгани бунда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида ушбу масалага алоҳида тўхталиб, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, айниқса, йирик тижорат банклари ўз иш услубларини тубдан ўзгартириб, фуқароларимиз ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ишончини қозониши, уларга кўмакдош бўлиши кераклигини таъкидлаб, мазкур соҳа олдига бир қатор вазифалар қўйди. Шундан келиб чиқиб, “Агробанк” акциядорлик тижорат банки Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида бажарилиши зарур бўлган устувор вазифаларни белгилаб олди. Хусусан, 2017 йилда мамлакатимизда хусусий тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, аҳолининг банкка нисбатан ишончини юксалтириш ҳамда янги иш ўринлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга ошириладиган комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Айтиш жоизки, “Халқни тадбиркор қилиш” шиори остида аҳолини бизнесга кенгроқ жалб этиш, уларнинг ишбилармонлик борасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, ташкилий-молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш юзасидан амалий ишлар бошлаб юборилди. Жумладан, тасдиқланган комплекс дастурни амалиётга тўла татбиқ этиш мақсадида банкнинг марказий аппаратида махсус бошқарма ташкил қилинди. Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоят бошқармалари ҳамда мавжуд 177 та филиалда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш ва микрокредитлар бериш учун алоҳида бўлимлар иш бошлади. Ушбу янги бошқарма ва бўлимларга 577 нафар малакали мутахассис ишга қабул қилинган бўлса, дастур ижросини сифатли ташкиллаштириш мақсадида яна 1878 нафар тажрибали банк ходими ҳам жалб этилди.

“Агробанк” томонидан аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, айниқса, шахсий томорқалардан самарали фойдаланишга кўмаклашиш мақсадида йил давомида республикамизнинг барча ҳудудидаги 1 миллион 300 мингдан зиёд хонадонни қамраб олиш режалаштирилган. Бунинг учун аҳоли билан мулоқот ўтказиш махсус жадвали ишлаб чиқилиб, қишлоқ ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда жойларда учрашувлар уюштирилаяпти. Бундан ташқари, ҳар бир хонадонга банк томонидан мактублар йўлланмоқда. Уларда мамлакатимизда амалга оширилаётган -ислоҳотлар содда усулда тушунтирилиши баробарида, одамларнинг бизнес юритишга бўлган қизиқишларини аниқлашга қаратилган махсус сўровномалар ҳам жой олгани эътиборга моликдир. Бугунги кунга қадар 900 мингга яқин хонадонларга шундай мактублар жўнатилди.

Қолаверса, банк ходимлари хонадонма-хонадон юриб, одамларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун мавжуд имконият ва шарт-шароитларини атрофлича ўрганишаяпти. Шу аснода махсус сўровлар ҳам ўтказилиб, аҳолининг соҳага бўлган қизиқишини кучайтириш, юз бераётган ўзгаришлардан хабардорлигини ошириш мақсадида махсус буклет шаклидаги намунавий бизнес лойиҳалар тарқатилмоқда. -Фуқаролар йиғинлари ва банк биноларида “Тадбиркорлик бурчаклари” ташкил этилгани эса кенг жамоатчиликнинг имтиёзли кредитлаш тартиб-таомиллари, бошқа меъёрий ҳужжатлар мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот олишида айни муддао бўлаётир. Натижада тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдираётган оилалар сони тобора ортаяпти. Уларнинг бизнес лойиҳалари банк филиаллари томонидан қисқа муддатларда ўрганилиб, тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришда яқиндан кўмак кўрсатилмоқда. Кредит ажратиш жараёни эса кунлик мониторинг қилиб борилаяпти.

 Бундай саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, ўтган қисқа фурсат ичида 813 та аҳоли пункти ва мавзеларидаги 400 мингга яқин хонадонларда сўровлар ўтказилди. Улар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, аҳолининг асосий қисми тадбиркорликнинг у ёки бу тури, айниқса, боғдорчилик, чорвачилик, ҳунармандлик, касаначилик, хизмат кўрсатиш, сервис ва бошқа соҳалар билан шуғулланиш истагини билдирган.

— Президентимиз ташаббуси билан оддий аҳолини тадбиркор қилиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар туфайли мен каби ишбилармон бўлиш ҳаракатида юрган минг-минглаб юртдошларимизнинг орзуси ушалмоқда, — дейди паркентлик Дилноза Адашова. — Бунда тижорат банклари вакиллари билан бирга, қишлоқ фуқаролар йиғинларининг ҳамкорликда ишлаши қўл келаяпти. Масалан, мен “Агробанк”нинг Паркент филиали томонидан ажратилган 7,4 миллион сўмлик кредит эвазига наслли эчкилар сотиб олдим. Буни қарангки, кунлик соғилаётган эчки сутига доимий харидорлар ҳам топилди. Бу эса ишимизга унум бағишламоқда.

— Халқ фаровонлигини ошириш, ишбилармонлар сафини кенгайтириш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган, — дейди Хўжаобод туманилик якка тартибдаги тадбиркор Робия Исакова. — Бу жараёнда, айниқса, тижорат банклари фаол иштирок этиб, аҳолига молиявий жиҳатдан кўмак бераётгани алоҳида эътиборга лойиқ. Ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, тикувчиликни йўлга қўйишимда “Агробанк”нинг -Хўжаобод филиали томонидан берилган 24 миллион сўмлик кредит қўл келди. Ҳозирги пайтда аҳолига сифатли хизмат кўрсатмоқдамиз.

Юртдошларимизнинг ишбилармонлик фаоллигини оширишда ҳар бир ҳудуд имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, намунавий бизнес лойиҳалар таклиф этилаётгани муҳим омил бўлмоқда. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “...банклар энди халқимизни тадбиркорликка, ишбилармонликка ўргатиши ва шунга етаклаши лозим бўлади”, деган сўзларидан келиб чиқиб, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, оддий аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш, мижозларга замонавий банк хизматлари ҳамда зарур молиявий кўмак кўрсатиш бундан кейин ҳам “Агробанк” АТБ фаолиятидаги энг асосий вазифа бўлиб қолаверади.

Хайрулла ХОЛТЎРАЕВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn