Замонавий саноат марказлари
  • 20 Январь 2017

Замонавий саноат марказлари

янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга

Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида хорижий инвестицияларни жалб этишни кенгайтириш, юқори технологияли саноат корхоналарини барпо қилиш ҳамда экспорт ҳажмини оширишда эркин иқтисодий зоналарнинг ўрнига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Видеоконференц алоқа шаклида ташкил этилган мазкур тадбирда давлат органлари, тегишли -вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари қатнашди.

Жаҳон тажрибасидан маълумки, саноат салоҳиятини юксалтириш, ички бозорни қўшимча қийматга эга маҳсулотлар билан тўлдириш, энг муҳими, янги савдо йўлакларини очишда эркин иқтисодий зоналар муҳим роль ўйнайди. Шу боис юртимизда ана шундай ҳудудлар ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, бундан саккиз йил олдин “Навоий”, сўнгра “Ангрен” ҳамда “Жиззах” эркин иқтисодий зоналари барпо этилди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида қайд этганидек, ушбу яхши ташаббус охиригача аниқ ҳаракатлар билан мустаҳкамланмагани оқибатида кутилган натижаларга эришилмади.

Биргина “Навоий” эркин иқтисодий зонасида ўтган давр мобайнида 24 та лойиҳа амалга оширилиб, атиги 900 киши ишга жойлаштирилгани, 2016 йилда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 24 фоиз пасайгани бунга мисол бўла олади.

Давлатимиз раҳбари томонидан шу йил 12 январда имзоланган “Ургут”, “ўиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармон йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф қилиш, ушбу йўналишдаги ислоҳотларни сифат жиҳатидан чуқурлаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А. Шайхов ва бошқалар принципиал жиҳатдан янги асосларда ташкил этилаётган “Ургут”, “ўиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналари олдига ҳудудлар ишлаб чиқариш ҳамда ресурс салоҳиятидан самарали фойдаланиш орқали хорижий ва маҳаллий инвестицияларни кенг жалб қилиш, замонавий саноат корхоналари бунёд этиш, янги иш ўринлари яратиш, пировардида аҳоли даромадларини ошириш каби улкан вазифалар қўйилганлигини таъкидлади. 

Дарҳақиқат, янги эркин иқтисодий зоналар фаолият кўрсатиш муддати кейинчалик узайтириш имконияти билан 30 йил қилиб белгиланди. Бу ерда алоҳида солиқ, божхона ҳамда валюта режими амал қилиши кўзда тутилгани ҳам инвесторлар учун қўшимча қулайликдир. Уларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, тўқимачилик, фармацевтика, озиқ-овқат, электротехника, машинасозлик ҳамда автомобилсозлик саноати, қурилиш материаллари, пойабзал ва чарм-атторлик буюмлари тайёрлаш каби йўналишларда янги қувватларни ишга тушириш бўйича лойиҳаларига алоҳида устуворлик берилади. Бундан кўзланган асосий мақсад маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш ҳамда ташқи бозорларга рақобатдош маҳсулотлар етказиб бериш ҳажмини муттасил равишда ошириб боришдир.

Анжуман онлайн шаклда ташкил этилгани туфайли ушбу мулоқотни ҳудудлардаги иштирокчилар ҳам реал вақт режимида бевосита кузатиш, ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассисларидан батафсил жавоб олишга муваффақ бўлдилар.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Қўшимча даромад манбаи Қўшимча имконият »