Нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизими
  • 05 Январь 2017

Нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизими

кўлами кенгайиб, сифати яхшиланади

Мамлакатимизда молия-банк тизими томонидан тадбиркорликни жадал ривожлантириш, хусусий мулкни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ишчанлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга қаратилган ишлар  изчил давом эттирилмоқда. Ўтган йил охирида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан пластик карточкалар орқали ҳисоб-китоб тизимини янада ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар қабул қилингани шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир.

Унга кўра, тижорат банклари жорий йил охиригача чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларидаги тўлов терминалларини 220 мингтага, пластик карточкалар сонини 20 миллионтага, инфокиоскларни 4,6 минг ҳамда банкоматларни 700 тага етказиши режалаштирилган. Бунинг учун эса банклар ўрганишлар натижаси ва мижозлар талабидан келиб чиққан ҳолда, пластик карточкалар ва тўлов терминаллари бўйича етарли миқдорда резерв шакллантириб, пластик карточка эгаларига кўрсатилаётган хизматлар кўламини кенгайтириш чораларини кўради. Мобиль алоқа қамраб оладиган ҳудудлар ва алоқа каналларини кенгайтириш учун Тошкент шаҳри ҳамда вилоятлар марказларида йирик савдо мажмуалари, туманларда эса тақдим этилган алоқа каналларини тафтишдан ўтказади. 

Шунингдек, банклар аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида  мобиль иловаларни фаол татбиқ этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Хусусан, онлайн режимида ишловчи банк карточкаларидан кредитларни қоплаш, бюджет ва солиқ тўловларини амалга ошириш, товар ва хизматлар учун ҳисоб-китоблар қилиш бўйича янги дастур ҳамда хизматлар йўлга қўйилади.

Пластик карточкаларнинг кўп функциялилигини таъминлаш учун тижорат банкининг мижози бўлган корхона ходимлари —  жисмоний шахсларнинг сўм пластик карточкалари орқали кредитлар ажратиш кўзда тутилмоқда. Бунинг учун паспорт нусхаси, иш ҳақи тўғрисида маълумот, корхонанинг ўз ходими мажбуриятлари учун кафолатномаси бўлса, кифоя.

Яна бир эътиборга молик жиҳати, жорий йилда мобиль иловалар орқали пластик карточкалари қайси банк эмитенти бўлишидан қатъи назар, бир пластик карточкадан иккинчисига пул кўчириш учун олинадиган хизмат ҳақи қайта кўриб чиқилади.

“DUET” тизимидаги пластик карточкалар эса босқичма-босқич онлайн тизимида ишловчи “Smartvista ЕMV” карточкаларига алмаштирилиб,  уларни ишлатиш муддати 5 йил қилиб белгиланади.

 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Янгича дизайн асосида Ҳавзадаги хазина »