Саноатчилар форуми
  • 23 Апрель 2014

Саноатчилар форуми

Бугунги кунда Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ривожланиши барқарор, халқ турмуш фаровонлиги юксак мамлакат сифатида дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Президентимиз томонидан ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилган тараққиётнинг “ўзбек модели” бу борада мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаяпти.

Айниқса, юртимизда Маҳал лийлаштириш дастури асосида саноат тармоқлари қуввати ортиб бораётгани, қўшимча иш ўринлари ташкил этилаётгани, бозорларимиз ўзимизнинг сифатли маҳсулотлар билан тўлдирилаётгани, экспорт имконияти кенгаяётгани диққатга сазовордир.
Шу билан бирга, кўчаларимизни тўлдириб юрган автомобиллар, уй бекалари мушкулини осон қилаётган маиший техникалар, телерадиотехника ва мобиль алоқа қурилмалари, бошқа яна кўплаб воситалар ўзимизда ишлаб чиқарилаяпти. Албатта, мазкур ижобий натижаларга эришишда тадбиркорлик ва ишбилармонлик равнақига қаратилаётган катта эътибор, яратиб берилаётган шарт-шароитлар ва преференциялар, қулай сармоявий муҳит муҳим омил бўлаётир.
Кеча “Ўзэкспомарказ”да ўз ишини бошлаган машинасозлик, электротехника ва авиация саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари мажмуаси ярмаркаси ана шу ютуқларимиз тақдимоти, имкониятларимиз платформасига айланди. Ушбу тадбир манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар томонидан давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармони асосида мунтазам ўтказиб келинаётган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси(ХСЯКБ)нинг дастлабки босқичи доирасида ташкил қилинди.
Шубҳасиз, бу форум мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини кенг намоён этиш, республикада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тўғрисида атрофлича хабардор қилиш, ишончли ҳамкорлар ва шериклар топиш, истиқболли битимлар имзолаш, хўжалик алоқаларини ривожлантириш, соҳа янгиликларидан яқиндан воқиф этиш ҳамда тажриба алмашишда алоҳида аҳамиятга эга.
Шунга уйғун тарзда ярмарка иштирокчилари сони ҳам йилдан-йилга ортиб бораётгани эътиборга лойиқ. Хусусан, ўтган йили 110 та корхона ўзининг 800 хил, жумладан, 168 турдаги янги маҳсулотлари билан қатнашган эди. Бундан ташқари, унда қарийб 2000 киши иштирок этган бўлса, ўз навбатида, маҳсулот етказиб бериш ҳамда экспорт қилиш бўйича мос равишда 117,3 млрд. сўм ва 2,6 млн. АҚШ доллари миқдорида шартномалар имзоланганди.
Жорий йилда эса “Ўзавтосаноат”, “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компаниялари, “Тошкент трактор заводи”, “Тошкент механика заводи”, “Чирчиқсельмаш”, “Агрегат заводи”, “Технолог” ОАЖ таркибига кирувчи, шунингдек, енгил саноат, мебелсозлик ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган 130 дан зиёд хўжалик юритувчи субъектлар иштирок этаётир. Шунинг ўзиёқ кўп нарсани англатади. Табиийки, намойиш этилаётган товарлар ва хизматлар ассортименти ҳам шунга яраша кўп ва кенг. Уларнинг асосий қисми Маҳаллийлаштириш дастури асосида тайёрланган, импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлардир. 
Тадбир давомида саноат корхоналари, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари ўз фаолиятлари билан меҳмонларни муфассал таништириб бормоқда. Бевосита жонли мулоқот, илғор ахборот-коммуникация технологиялари кўмагидаги тақдимотлар, ўзаро ҳамкорлик қилишнинг энг қулай шартлари шулар жумласидандир. Қайси бурчакка борманг, барчасида ўзингизни қизиқтирган саволларга тўлиқ жавоб оласиз.
— Корхонамиз 2010 йилда ташкил топган, — дейди Фарғона вилоятидаги “Avtosanoat Komponent” МЧЖ лойиҳа менежери Элбек Мадвалиев. — Асосий қисми ёшлардан иборат қарийб юз кишилик жамоамиз томонидан “GM Uzbekistan” ёпиқ акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилаётган автомобиллар учун етмиш турга яқин эҳтиёт қисмлар етказиб берилаётир. Чунончи, 2012 йилда 1,5 млн.дан зиёд маҳсулот тайёрланган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 2 млн. донадан ошиб кетди. Ушбу ярмаркада иштирокчиларни имкониятларимиз билан таништириш баробарида, кўплаб битимларга эришиш ниятидамиз. Яна шуни айтишни истардимки, корхонамизда барча ишчилар қаторида мен каби ёш мутахассислар  самарали фаолият юритиши, униб-ўсиши учун қулай шарт-шароит яратилиб, “Устоз — шогирд” мактаби йўлга қўйилган. Бундан унумли фойдаланиб, жамиятда муносиб ўрин топаётганимиздан, оиламиз бюджетига ҳисса қўшиб келаётганимиздан мамнунмиз.             
— Мамлакатимизда барча соҳалар қаторида қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди “All Solar” МЧЖ вакили Орифжон Шукуров. — Чунки ушбу йўналиш тараққиёти учун она диёримизнинг иқлими, табиий шароити жуда мос. Юртимизда қуёшли кун давомийлиги 10 соатга тенг бўлса, бир йилнинг 300 кунидан зиёди офтобли ўтиши шундан далолатдир. Шу боис аҳоли, айниқса, тадбиркорлар ўртасида мазкур йўналишдаги технологиялардан фойдаланишга қизиқиш кучайиб бораяпти. Буни инобатга олган ҳолда, кичик корхоналар, ижтимоий муассасалар, уй-жой, дала ҳовлиларга буюртма асосида муқобил энергия тизимлари — қуёш панеллари, табиий нурда ишлайдиган сув иситгичлар, насослар ўрнатиб бераяпмиз, қуёш батареялари ёрдамида кўчаларни ёритадиган қурилмаларни таъмирлаяпмиз. Қисқа вақт ичида Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент ва бошқа вилоятларда доимий мижозларга эга бўлдик. Кўргазма асносида эса уларнинг сафи янада кенгайишидан умидвормиз.
...Маҳсулотлар сотиб олиш ёки ўз бизнесини йўлга қўйишни дилига туккан маҳаллий ва хорижий харидорлар, фирма ва компаниялар вакиллари учун ҳар йили нашр этилаётган электрон каталог асқатаяпти. Унинг 2013/2014 йилги сонида юртимиздаги 10 мингдан ортиқ корхона томонидан етказиб берилаётган 30 мингга яқин маҳсулот ҳақида маълумотлар жой олган. Булар ҳақида ХСЯКБ Дирекцияси расмий веб-сайти (www.cooper.uz)да ҳам ўқиш мумкин.  
Мухтасар айтганда, шу йилнинг 24 апрелигача давом этадиган ушбу ярмарка мамлакатимиз саноатини янада тараққий топтириш, соҳага хориж сармоясини кенг жалб этиш, ҳали ишга солинмаган имкониятларни юрт равнақига сафарбар этишга хизмат қилади.
Тармоқ саноат ярмаркаси очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У. Розуқулов сўзга чиқди

Саиджон МАХСУМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn