Модернизациялашнинг изчиллиги — юксалиш кафолати
  • 23 Апрель 2014

Модернизациялашнинг изчиллиги — юксалиш кафолати

Мамлакатимизда истиқлол йилларида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли аҳоли жон бошига нисбатан ғалла, гўшт, сут, тухум ва мева-сабзавот сингари асосий маҳсулотлар етиштириш ҳажми кескин кўпайди.

Кеча пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси томонидан “Озиқ-овқат саноати: янги корхоналарни ташкил этиш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш — тараққиёт кафолати” мавзуида ташкил этилган матбуот анжуманида ана шу ҳақда сўз юритилди.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг 1-чорагида уюшма таркибидаги корхоналар томонидан таққослама нархларда 742,6 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилгани, ўсиш суръатлари қандолатчилик тармоғида 254,8, озиқ-овқат тармоғида 243,6, ёғ-мой тармоғида 100,6 фоизга етгани ана шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир.
Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ёки янги корхоналар барпо этиш учун катта маблағ зарур, албатта. Шу боис уюшма жамоаси чет эллик сармоядорлар иштирокида истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2013 йил 18 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган Давлат инвестиция дастурига мувофиқ, жорий йилда тизимдаги корхоналарда 42 та лойиҳани жорий этиш режалаштирилган бўлиб, бунинг учун 81,62 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя жалб қилинади. Ўтган уч ой мобайнида эса ушбу йўналишда 11,54 миллион доллар ўзлаштирилди.
Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда, айниқса, соҳанинг янги тармоқларини ривожлантириш масаласига жиддий аҳамият берилаётгани диққатга сазовордир. Масалан, жорий йилнинг иккинчи чорагида Тошкент вилоятида “Ангрен шакар” корхонаси ишга туширилгач, республикамиз аҳолисининг бу маҳсулотга бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилса, Самарқанд вилоятидаги “Сиёб Шавкат Орзу” фермер хўжалиги негизида сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган кичик корхонани қуриш ишлари якунланади. Бундан ташқари, Тошкент вилоятидаги “Mehnat Malt” масъулияти чекланган жамиятида буғдой ва арпа ёрмаси ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. Қашқадарё вилоятидаги “Асл консерва” корхонасининг тўлиқ модернизация қилиниши натижасида эса унинг мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш қуввати янада оширилади.
Шу билан бирга, Иқтисодиёт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликлари билан ҳамкорликда 275 та лойиҳа амалга оширилдики, бу нафақат ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдиришга, балки 2 минг нафар кишининг бандлигини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
 Қолаверса, тизимдаги корхоналарнинг эски ускуналари замонавийси билан босқичма-босқич алмаштирилаётгани хом ашё сарфини камайтириш ва тежамкорликка эришиш баробарида, маҳсулотлар таннархини пасайтиришда айни муддао бўлаётир. Январь — март ойларида маҳсулот таннархи 8,5 фоизга арзонлаштирилгани  бунинг яққол тасдиғидир.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ободлик манбаи Саноатчилар форуми »