Энергия тежамкор технологиялар — иқтисодиётнинг барқарор ва жадал ривожланиши гарови
  • 02 Декабрь 2016

Энергия тежамкор технологиялар — иқтисодиётнинг барқарор ва жадал ривожланиши гарови

“Биз мамлакатимиз келажаги — инновацион ривожланиш ва инновацион иқтисодиётда деб биламиз ҳамда давлатнинг мувофиқлаштирувчилик фаолияти иқтисодиётнинг барқарор инновацион тараққиётида муҳим роль ўйнаши кераклигини эътироф этамиз.”

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Наримон Умаровнинг Сайловолди дастуридан.

“Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаровнинг Сайловолди дастурида инновацион иқтисодиётни ривожлантириш, давлат томонидан “яшил иқтисодиёт” ва юқори технологиялар кенг жорий этилишини самарали рағбатлантиришга қаратилган чора-тадбирларни кучайтириш, унинг инфратузилмасини яратишга сармоя жалб қилиш устувор йўналиш сифатида белгиланган.

Номзод Ўзбекистон келажагини халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти тўлиқ сафарбар қилинган, иқтисодиёти ривожланган, ўзининг буюк ўтмишига муносиб мамлакатни яратишда кўради. Зеро, республикамиз барча соҳада дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари билан рақобатга киришиши учун ҳамма имкониятларга эга. Шунинг учун соғлом рақобат иқтисодиётимиз жабҳаларида устувор тамойилга айланиши лозим. Биз давлатнинг асосий вазифаларидан бири жадал иқтисодий ўсишни таъминлаш ҳамда харажатларни қисқартириш учун зарур шароитларни яратиб бериш бўлиши керак, деб биламиз.

Келажак бу узоқ мавҳум истиқбол эмас, у бугундан, сизу бизнинг саъй-ҳаракатимиздан бошланади. Биз ҳар бир шахс ўз хатти-ҳаракати учун масъул бўлган, ўз устида мунтазам ишлайдиган, ўқиб-ўрганишдан тўхтамайдиган, фойдали меҳнат билан банд бўлган, юксакликка ва эзгу ишларга интиладиган мамлакат тарафдоримиз. Биз юртимизда бахтли яшашни, муносиб иш билан банд бўлишни, бунёдкорликни, Ватан манфаати учун иқтисодиёт, илм-фанда кенг кўламли ихтироларни амалга ошириш, юксак марраларга эришишни истаймиз. Биз инсоният тамаддунининг ажралмас қисми ҳисобланмиш буюк маданиятнинг ворислари эканимизни унутмаслигимиз лозим. Чунки бу зиммамизга мажбурият ва масъулият юклайди. Биз ўзимиздан кейинги авлодларга, фарзандларимизга ва набираларимизга юксак тараққий этаётган, юксак маданият намунаси бўладиган, янги минг йилликда илм-фан, маданият ривожланган, барқарор равнақ топаётган мамлакатни қолдиришимиз керак. Шундагина келажак авлод биздан рози бўлади ва фахрланади. Бунга эришиш омилларидан бири табиат бизга инъом этган бойликларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, шунингдек, табиий ресурслардан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш саналади. Бизнинг фикримизча, “яшил иқтисодиёт”ни шакллантирмасдан ва фуқароларимизда экологик маданиятни юксалтирмасдан изчил ва барқарор ривожланиш йўлига эришиб бўлмайди.

Мамлакат ишлаб чиқариш ва экспорти  таркибида чуқур қайта ишланган, юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотлар улушини оширишга йўналтирилган иқтисодиётни янада юксалтириш Ўзбекистонда узоқ муддатли барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашнинг ва жамият тараққиётига эришишнинг муҳим омили ҳисобланади. Замонавий шароитларда иқтисодиётни таркибий ўзгартириш мамлакатнинг жаҳон иқтисодиётида тутган ўрнини янада мустаҳкамлашга ҳамда Ўзбекистонда ривожланишнинг постиндустриал босқичига ўтишга хизмат қилади. Шу билан бирга, мамлакатнинг ишлаб чиқариш ва экспортида хом ашё товарларининг етакчи ўринни эгаллаши эса нафақат иқтисодий ривожланишга, балки жамият фаровонлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади, миллий иқтисодиётнинг жаҳон хом ашё товарлари бозори конъюнктурасига қарамлигини оширади ҳамда барқарор тараққиётга тўсқинлик қилади. Мамлакатда саноатнинг жадал ривожланиши ва аҳолининг ўсиши иқтисодиётнинг ресурсларга бўлган эҳтиёжини оширади ва бу, ўз навбатида, атроф-муҳитга салбий таъсирнинг ортишига олиб келади, табиатнинг биохилмахиллигига катта хавф туғдиради.

Бугун Ўзбекистонда таркибий ўзгартишларнинг узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқиш нафақат ички, балки глобал жараёнлар ва муаммоларни ҳисобга олишни тақозо этади. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, ривожланишнинг янги модели — ресурслардан самарали фойдаланишни кўзда тутадиган иқтисодиётга ўтиш изчил таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ҳамда барқарор тараққиётнинг энг самарали воситаларидан бири ҳисобланади.

Олдимизда мамлакат ялпи ички маҳсулоти йиллик ўсиш суръатларини жаҳоннинг ўртача кўрсаткичидан кам бўлмаган даражада таъминлаш вазифаси турибди. Бу борада йирик ишлаб чиқариш қувватлари ташкил қилиниши, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожлантирилиши каби чора-тадбирлар, табиийки, иқтисодиётнинг реал секторида энергия истеъмолига талабни оширади. Шу билан бирга, аҳоли сони ошиши ҳамда уларнинг даромадлари барқарор кўпайиши маиший турмушда электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг ортишига олиб келади. Бу ҳолат, шунингдек, электр энергетикаси, кимё, нефть, газ саноатлари, ишлаб чиқариш, уй-жойларни иситиш соҳаларида ҳам кузатилади.

Маълумки, иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга оширишда энергетика тармоғида ресурслардан тежамкорлик билан фойдаланиш алоҳида аҳамият касб этади. Бугун саноат соҳасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг чорак қисмидан кўпроғи энергетика тармоғига тўғри келмоқда. Агар энергетика ресурслари учун харажатлар қарийб товарлар таннархида ўз аксини топишини ҳисобга оладиган бўлсак, ушбу тармоқдаги ўзгаришлар (хусусан, энергия ресурслари нархларининг ўзгариши) саноатнинг турли тармоқларида рақобатдошликнинг кучайишига ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигига катта таъсир кўрсатади. Табиийки, бу иқтисодиётда таркибий ўзгаришлар истиқболларини белгилашга таъсир кўрсатади. Бироқ иқтисодиётимизда ривожланган мамлакатлардагига нисбатан кўп энергия сарфланаётгани маҳаллий товарларнинг ички ва ташқи бозорлардаги рақобатдошлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ресурслардан самарали фойдаланишга асосланган иқтисодиётга ўтиш энергия ресурсларини, жумладан, табиий газни тежаш имконини беради. Чунки бу табиий неъмат юқори қўшилган қийматга эга ва чуқур қайта ишланган маҳсулотларни ишлаб чиқаришда муҳим ўрин тутади. Келгусида экспорт қилинаётган табиий газнинг маълум қисмини қайта ишлаб, ундан олинадиган маҳсулотлар экспортини кенгайтириш зарур. Бу эса, ўз ўрнида, газни хорижий истеъмолчиларга қувурлар орқали етказиб бериш харажатларини камайтириш имконини беради. Энергетика ресурсларини тежашдан кўрилган даромадлар эса корхоналарни техник ва технологик модернизациялашга йўналтирилади. Маҳсулотлар таннархини технологиялар ва ускуналарни модернизациялаш, шу жумладан, энергиядан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда узлуксиз энергия таъминоти эвазига пасайтириш имкони мавжуд. Ўз навбатида, таннархнинг пасайиши маҳсулотнинг ички ва ташқи бозордаги рақобатдошлигини таъминлайди ҳамда таркибий ўзгаришлар жадаллашишига туртки беради. Ўзбекистонда ишлаб чиқаришга, ресурсларни тежашга омил бўладиган “яшил” меъёрларнинг кенг жорий этилиши маҳсулотларимизни ташқи бозорларга чиқаришга ҳамда юртимиз экспорт салоҳиятининг рақобатдошлиги барқарорлигини таъминлашга замин яратади.

Энергетика тармоғида ресурслар самарадорлигига эришиш талабнинг ўзгаришига ҳамда янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришга хизмат қилади. “Яшил энергетика”га ўтиш, аввало, инновацион ускуна ва технологияларга талабни рағбатлантиради. Бу эса “яшил” тамойилларни татбиқ этиш учун муҳим ҳисобланади. Ўзбекистонда кремний захираларининг мавжудлиги фотоэлектрик батареяларни ишлаб чиқариш истиқболини яратади. Республикадаги базальт захираларидан эса биноларни ташқи таъсирдан ҳимояловчи ва бошқа шу каби юқори технологик материалларни тайёрлашда фойдаланиш мумкин. Бу саноатнинг янги тармоқларини ташкил қилиш, экспорт таркибини шакллантириш ва юқори қийматли экспорт улушини ошириш имконини беради.

Бошқа томондан, янги “яшил” меъёр ва стандартларига ўтилиши истеъмолчилар маданияти ошишига ижобий таъсир кўрсатади ҳамда юқори энергия самарадорлигига эга бўлган товарларга талабнинг ортишига сабаб бўлади ҳамда талаб ва таклиф таркибида ўзгаришларга олиб келади. Бу, иқтисодиётда таркибий ўзгаришлар юз беришини таъминлайди. Бундан ташқари, ривожланишнинг ресурслар тежамкорлиги моделига ўтиш ушбу соҳа учун кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини юксалтириш заруратини туғдиради. Бу ҳам “яшил” маҳсулотларга талаб-таклифнинг ўсишига ҳамда шунга мос таркибий ўзгаришларнинг амалга ошишига асос яратади.

Шундай қилиб, энергия самарадорлигини оширишни қўллаб-қувватлайдиган тизимни ташкил этиш лозим, деб ҳисоблаймиз. Бунинг учун, аввало, энергия сарфи ҳисобини юритувчи тизимни ислоҳ қилиш мақсадга мувофиқдир. Амалдаги тизим фақат техник жиҳатдан йўқотишларни ҳисобга олади, тижорий йўқотишлар эса тан олинмайди. Бу энергетика компанияларининг энергия йўқотишларини камайтиришга ва энергия самарадорлигини юксалтиришга рағбатлантирадиган чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ва амалда татбиқ этишга ундамайди. Энергиянинг тижорий йўқотишлари ҳисобини юритиш ва уларни тизимли қисқартириш режаларини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ, деб биламиз. Чунки электр тармоқларида электроэнергиянинг тижорий йўқотишларини камайтириш энергияни тежаш ва электр тармоқларининг ўтказиш сиғимини оширишнинг энг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

Кейинчалик эса бюджетни мослашувчан режалаштириш тизимини жорий қилиш лозим бўлади. Негаки, бюджет ташкилотлари энергияни тежаш ҳисобига иқтисод қилган маблағларининг бир қисмини ўз тасарруфида олиб қолиш имконига эга бўлишлари керак. Давлат эса, ўз навбатида, тежаб қолинган маблағларни бошқа харажатлар учун ишлатишга рухсат бериши лозим. Бундай тизим энергиядан фойдаланиш самарадорлигини ошириш учун рағбат бўлиб хизмат қилади.

Бозор инфратузилмасининг ривожланиши ресурслар самарадорлиги моделини шакллантиришнинг зарур мезонидир. Бу борада банк тизимини такомиллаштириш, инновацион “яшил технологиялар”ни харид қилиш учун имтиёзли кредитлар бериш шартлари ва механизмларини белгилаш зарур. Бу жараёнда давлат энергия соҳасида хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг барқарор фаолият юритишлари учун шароит яратиши, яъни, аввало, керакли меъёрий-ҳуқуқий базани ишлаб чиқиши ва энергия хизматлари кўрсатиш бозоридаги ўзаро муносабатлар қоидаларининг бажарилиши устидан назоратни таъминлаши мақсадга -мувофиқ.

Институционал масалалар ҳал этилиб, “яшил энергетика”га ўтишни рағбатлантиришга оид чора-тадбирлар тизими ҳамда иқтисодиётнинг таркибий ўзгариши учун шароитлар яратилганидан сўнг янги тармоқлар, хусусан, ишлаб чиқаришни ривожлантиришга, ёқилғи-энергетика комплексида технологиялар ва ускуналарни модернизациялашга, бошқа энергия истеъмол қилувчи тармоқларга сармоялар киритишни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этади. 

“Яшил” товарларга талабни рағбатлантириш, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган алоҳида саноат товарларининг ташқи бозорга чиқарилишини таъминлаш ва мамлакат экспортининг узоқ муддатли истиқболда барқарор рақобатдошлигини таъминлаш учун янги “яшил” меъёрлар ва стандартларни жорий қилиш лозимлигини яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчимиз. 

Шу билан бирга, самарали таълим тизимини ташкил қилмай туриб, “яшил энергетика”га ўтиш ва таркибий ўзгаришларни амалга оширишнинг имкони йўқ. Ушбу йўналишда кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масаласи муҳим аҳамиятга эга. “Яшил” ривожланиш доирасида, шунингдек, эришилган натижаларни, имкониятларни, муаммо ва истиқболни баҳолашнинг, статистик маълумотларнинг мавжудлиги ва сифати, самарали индикаторлар тизимини яратиш, турли ижтимоий-иқтисодий моделларни қўллаш масалаларини ҳам қамраб олган ҳолда, кенг кўламли услубий чораларни ишлаб чиқиш ва амалда қўллаш ҳам устувор ўрин тутади.

Муқобил энергия манбаларининг муҳимлиги ва афзалликларига қарамай, нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг бошқа кўпгина мамлакатларида улардан нисбатан кам фойдаланилмоқда. Бунинг сабаби ушбу манбаларнинг бошқаларига нисбатан иқтисодий жиҳатдан катта сармоя талаб қилишидадир. Шуни таъкидлаш жоизки, дунё бўйлаб муқобил энергетикани жорий қилиш тараққий этган мамлакатларда жадал амалга оширилаётган бир вақтда, бу жараён ҳали аксарият ривожланаётган мамлакатларда бошланганича йўқ. 

Тараққий топган давлатлар томонидан энергиянинг муқобил манбаларини саноат соҳасида қўллашга оид илмий, технологик лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун катта маблағлар сарфланмоқда. Ушбу соҳада эришилган натижалар, шунингдек, бундай манбалардан фойдаланишни рағбатлантиришга оид иқтисодий механизмлар кейинчалик ривожланаётган мамлакатлар томонидан ҳам қўлланилиши мумкин. Шу билан бирга, ҳар қандай давлат, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам энергия танқислиги ва қайта тикланмайдиган энергия ресурслари нархларининг ортиб бориши шароитида муқобил манбалардан фойдаланиш ҳамда бу борадаги халқаро тажрибани ўзлаштиришга тайёр туриш муҳим аҳамият касб этади.

Келгусида углеводород ресурсларига эга бўлган мамлакатлар орасида энергияни тежаш ва уни ишлаб чиқаришга муқобил технологияларни жорий қила олганларигина иқтисодий устунликка эга бўладилар. Чунки бундай давлатлар энергияни кўпроқ тежаш ва кейинчалик ундан нафақат энергия ишлаб чиқариш, балки қайта ишлаш учун хом ашё сифатида ҳам фойдаланадилар. Яъни энергияни тежаш ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш мамлакатнинг энергияга бўлган эҳтиёжларини қондиради ҳамда келажакда кимё ва нефтгазкимё саноатини ресурслар билан узлуксиз таъминлашга хизмат қилади. 

Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда энергиянинг муқобил манбалари учун жуда катта имкониятлар мавжуд. Айниқса, қуёш энергияси, кичик дарёлар, сув омборлари ва каналлар, қолаверса, органик ва ноорганик чиқиндилардан ишлаб чиқариладиган биогаз энергияси бу борада истиқболли ҳисобланади. 

Мамлакатимизда қуёш энергетикасини ривожлантириш энергетика сектори тараққиётининг етакчи йўналиши бўлиши лозим, деб ҳисоблаймиз. Бу нафақат мамлакатда қуёш энергиясидан фойдаланишнинг жуда катта салоҳиятга эга эканлиги билан, балки  унинг ривожланиши мамлакат иқтисодиётига катта таъсир кўрсатиши ва бошқа тааллуқли тармоқлар маҳсулотларига бўлган талабни рағбатлантириши, ўз навбатида, қатор ижобий ўзгаришларга туртки бўлиши билан аҳамиятлидир. Қуёш нури асосида иссиқ сув билан таъминлаш тизимига эга бўлган тажриба объектларидан фойдаланиш амалиёти йилнинг илиқ даврида (апрель — октябрь) тураржой ва коммунал-маиший объектларида иссиқ сув истеъмолига бўлган эҳтиёжларнинг 70 фоизга яқини қуёш энергияси ҳисобига қондирилиши мумкинлигини кўрсатмоқда. 

Электр энергиясини ишлаб чиқаришда қуёш электростанцияларидан анъанавий манбалар билан бирга уйғун равишда фойдаланиш ҳар йили 1,8 млрд. куб метр табиий газни тежаб қолиш имконини беради. 

Муқобил энергия манбаларини жорий этишни рағбатлантириш учун, энг аввало, қайта тикланувчи энергия манбаларининг қонунчилик базасини шакллантириш зарурдир.

Бу мақсадларда яқин келажакда энергиянинг муқобил тури сифатида “Муқобил энергия манбалари тўғрисида”ги, “Қуёш энергияси тўғрисида”ги, “Электр таъминоти тўғрисида”ги қонунларни қабул қилиш таклиф этилади.

Шу билан бир вақтда, қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги келишувни, қайта тикланувчи энергия манбалари тариф ставкаларини тартибга солишнинг меъёрларини, лойиҳалаш бўйича стандартларни, айни пайтда объектларни танлаш ва рухсат олишнинг соддалаштирилган тартибини амалиётга татбиқ этиш, ускуналар учун талабларни, соҳа вакилларини ўқитиш ва бошқаларни амалга ошириш учун стандартларни ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш -зарур.

Ушбу чора-тадбирларни қабул қилиш ва изчил амалга ошириш истиқболда нафақат энергетика тармоғининг, балки миллий иқтисодиётимизнинг жадал ривожланишига хизмат қилади.

Бизнинг мақсадимиз — иқтисодий ривожланишнинг белгиланган асосий йўналишларига келажак авлодни экологик хатарлар ва тақчилликлар таъсирига дучор қилмаган ҳолда эришишни таъминлашдан, мамлакатда табиий ресурслардан самарали фойдаланиш масаласига муносабатни ўзгартиришдан иборат.

Шунинг учун биз ресурс тежовчи технологияларнинг ҳамда муқобил энергия манбаларининг жадал ривожланишига устувор вазифа сифатида қараймиз. “Адолат” СДП янги технологияларга асосланган иқтисодиёт давлат қудратини оширади, халқимиз фаровонлиги ва жамиятимизнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади, деб ишонади. Биз бу борада аниқ қарашларга эгамиз ва ушбу мақсадга эришишнинг амалий ечимларини илгари сураяпмиз.  

 

Абдукамол РАҲМОНОВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Сиёсий кенгаши раиси ўринбосари,

Елена ИКАЕВА,

партия эксперти.

 

Биз энергия сарфини иқтисод қилишни рағбатлантиришга қаратилган замонавий технологияларни кенг миқёсда жорий этиш, мавжуд муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш орқали рақобатдош энергия бозори яратилишини рағбатлантириш тарафдоримиз.

Мамлакатимизда уй-жой-коммунал соҳаси ва кундалик турмушда кенг фойдаланишга мўлжалланган қуёш батареяси ва бошқа қайта тикланувчи энергия олишга ихтисослашган инновацион технологияларни аҳолининг харид қобилиятига мос нархларда ишлаб чиқаришни кенгайтириш лозим, деб биламиз.

Муқобил энергия манбалари, хусусан, қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланишни ривожлантириш бўйича қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, соҳадаги зарур стандарт ва меъёрларни тасдиқлаш зарур, деб ҳисоблаймиз.

“Яшил иқтисодиёт”га ва унга мос технологияларга ўтишни давлат томонидан кенг рағбатлантириш чораларини кучайтириш ва бу йўлда, айниқса, зарур инфратузилма яратилишига сармоя киритиш, бошқарувнинг самарали тизими ва хусусий сармоялар эвазига экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантиришни янада фаоллаштириш — бош мақсадимиз.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn