Истиқболли лойиҳалар ва самарали ҳамкорлик
  • 30 Ноябрь 2016

Истиқболли лойиҳалар ва самарали ҳамкорлик

Кеча пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуида ресторан бизнеси ҳамда умумий овқатланиш соҳаси учун ускуна ва жиҳозлар намойишига ихтисослаштирилган “EXPO Restaurants & Cafе — 2016” I Халқаро кўргазмаси иш бошлади.

Ривожланган давлатлар тажрибасидан маълумки, иқтисодиётни таркибий ўзгартириш ҳамда диверсификация қилишни чуқурлаштириш, аҳоли бандлигини таъминлашда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасининг ўрни ғоятда катта. Шу боис мамлакатимизда мазкур жабҳа истиқболига аҳоли даромади, ҳаёт сифатини оширишнинг муҳим омили сифатида жиддий эътибор қаратилмоқда. Бунда 2016 — 2020 йилларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга доир дастур қабул қилингани айни муддао бўлди.

Дарҳақиқат, ушбу ҳужжат доирасида жорий йилнинг тўққиз ойи давомида 9 мингта янги сервис объекти ташкил этилгани, бу даврда кўрсатилган хизматлар ҳажми 12,4 фоиз ўсиб, унинг ялпи ички маҳсулот таркибидаги улуши 51,7 фоиз ошгани қувонарлидир. Шу маънода, илк бор ўтказилаётган кўргазма соҳада қўлга киритилаётган ушбу ютуқларнинг чинакам намойиши сифатида уни сифат жиҳатидан янада тараққий топтириш, тармоқлараро кооперацияни мустаҳкамлаш, чет эл инвестицияларини жалб қилиш, амалиётга замонавий ускуна ва жиҳозларни кенгроқ қўллаш, қисқача айтганда, истиқболли лойиҳаларга дебоча бўлиши кутилаяпти.

Кўргазмага ташриф буюрган киши ўзини худди мегаполис шаҳарлардаги кўнгилочар мажмуага келгандек ҳис этади. Сабаби, бу ерда республикамизнинг энг олди ресторан, ошхона, кафе, тамаддихона, бар ва караоке-клублари ўз хизматлари билан қатнашаяпти. Улар орасида миллий таомлар тайёрлашга ихтисослаштирилган хўжалик юритувчи субъектлардан ташқари, чет эл ошхоналарининг ҳам кўплиги барчада катта қизиқиш уйғотмоқда.

— Хитой миллий таомларини бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам севиб истеъмол қиладиганлар кўплиги бизни мамнун этади, — дейди хитойлик соҳа мутахассиси Ма Жиаожиао. — Айни шу жиҳат, қолаверса, юртингизда бизнес юритиш учун яратилган қулай шарт-шароит, чет эллик инвесторларга берилаётган имтиёзлар Тошкент шаҳрида ресторан очишимизга туртки бўлди.

У мамлакатларимиз ўртасида тобора ривожланиб бораётган иқтисодий алоқаларнинг ёрқин ифодаси сифатида юртингиз мустақиллигининг 25 йиллик байрами арафасида ишга туширилди. Айни пайтда бу ерда хитойлик моҳир ошпазлар томонидан 130 хилдан ортиқ таомлар тайёрланиб, хўрандаларга тақдим этилаяпти. Кўргазмада улардан айримларини ташриф буюрувчилар кўз ўнгида тайёрлаб кўрсатаяпмиз.

Кўргазмадан ресторанлар учун илғор ускуна ва жиҳозлар, идиш ҳамда мебеллар, кузатиш ва вентиляция тизимлари, шунингдек, махсус кийимлар ишлаб чиқариш корхоналари ҳам ўз маҳсулотлари билан қатнашаяпти. Бу соҳа вакилларига хизматларини тарғиб қилиш асносида, фаолиятида зарур бўладиган жиҳозлар сотиб олиш бўйича шартномалар тузиш, янги ҳамкорлар топиш учун қулай фурсатдир. Хусусан, пойтахтимизда фаолият юритаётган “Jihoz-Ventilyatsiya” масъулияти чекланган жамияти маҳсулотларига қизиқувчилар кўп.

— Корхонамиз юртимизда биринчилардан бўлиб вентиляция ускуналари тайёрлашни йўлга қўйган субъектлардан биридир, — дейди мазкур жамият раҳбари Ихтиёр Ҳамроев. — Саноат корхоналари, ошхона ва ресторанлар учун мўлжалланган бундай жиҳозларни лойиҳалаштиришдан тортиб, ишлаб чиқаришгача бўлган жараённинг барчаси ўзимизда бажарилади. Қолаверса, уларни тайёрлашда тўлиқ маҳаллий хом ашёдан фойдаланамиз. Бу эса импорт ўрнини босувчи маҳсулотларимизнинг сифати юқори, нархи эса турдошларига нисбатан арзонлигини таъминлашга хизмат қилаяпти. Натижада ойига ўртача 1 миллиард сўмлик маҳсулотлар тайёрланиб, буюртмачиларга етказиб берилаётир.

Кўргазманинг биринчи кунидаёқ бир неча корхоналар билан музокаралар олиб бордик. Ўйлайманки, тадбир якунига қадар кўплаб янги ҳамкорлар топиб, қўшимча шартномалар тузамиз.

Уч кун давом этадиган халқаро кўргазма тегишли вазирлик ва идоралар кўмагида “Expo Position” кўргазма компанияси томонидан ташкил қилинган бўлиб, унинг кундалиги ниҳоятда ранг-баранг. Жумладан, тадбир доирасида соҳада фаолият юритаётган ишбилармонлар учун бизнес мулоқотлар, моҳир ошпазларнинг маҳорат дарслари, янги таом ва ичимликлар тақдимотлари, шунингдек, кўнгилочар дастурлар уюштирилади.

Кўргазманинг очилиш маросимида сўзга чиққан мутахассислар алоҳида эътироф этганидек, буларнинг барчаси нафақат ресторан бизнесини ривожлантириш, балки у билан боғлиқ бўлган меҳмонхона ва сайёҳлик хизматлари каби тармоқлар равнақида янги саҳифалар очиб бериши билан янада аҳамиятлидир. Шу боис уни анъанавий равишда ўтказиш ҳар томонлама мақсадга мувофиқ.

 

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn