Ободлик манбаи
  • 22 Апрель 2014

Ободлик манбаи

“Бир йил тут эккан минг йил гавҳар теради”, деган гап бор халқимизда. Бу ҳикмат моҳиятини теран англаган қизилтепалик деҳқону соҳибкорлар ўз боғу роғларини яшнатиш пайидан бўлиб келишади.

Чунончи, тумандаги “Қўчқор Карим келажаги” фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор Қўчқор Каримов ҳам ана шундай тажрибали боғбонлардан бири. Яқинда у ўз ер майдонига 7 минг туп тут кўчати ўтқазди.
— Тутнинг хосияти кўп, — дейди фермер. — Барглари ипак қурти учун озуқа. Ёғочидан чолғу асбоблари, ёзув қоғози ишлаб чиқарилишини биламиз. Момоларимиз ушбу мевали дарахтдан ясалган бешикларга чақалоқни солишади. Меваси эса кўп дардга даво. Инсон иммун тизимини кучайтиради, терига барвақт ажин тушишидан сақлайди, кўриш қобилиятини оширади. Шу боис ундан халқ табобатида кенг фойдаланилади. Қолаверса, тут узоқ умр кўриши билан ҳам аҳамиятлидир. Ана шуларни ҳисобга олиб, хўжалигимизда тут кўчатлари экишни маъқул кўрдик.
Қизилтепадаги тажрибали деҳқонлардан яна бири Мустафо Азимовдир. У тумандаги боғдорчилик ва кўчатчиликка ихтисослаштирилган “Камсарой озода” фермер хўжалиги раҳбари. Ўттиз йилдан ошибдики, соҳибкорлик қилади.
— 7 гектар майдонда боғ яратганмиз, — дейди М. Азимов. — Унда олманинг эртапишар “Қизил моҳтоби”, кечпишар “Семеренко”, “Голден супер” ҳамда ўрик, нок, беҳи, шафтоли ва узумнинг бир неча навларидан юқори ҳосил олаяпмиз. Мутахассисларнинг эътирофича, агар экилган кўчатлар агротехника талабларига тўлиқ риоя этиб парваришланса, улар шиғил-шиғил мева беради. Жумладан, олманинг ҳар тупидан 500 килограммдан ортиқ, ўрикдан 200-250 килограмм, узумнинг бир гектаридан ўртача 40-50 тоннагача ҳосил олиш мумкин. Биз ҳам шу талаб ва қоидаларга амал қилиб кам бўлаётганимиз йўқ. Хўжалигимизда кўчат етиштириш салмоғи йил сайин ортиб бормоқда. Масалан, биргина ўтган йилнинг ўзида  фермер хўжаликлари, корхона ва ташкилотлар ҳамда аҳолига 7 минг туп ниҳол етказиб бердик. Бу йил эса ҳар қачонгидан ҳам юқори натижаларга эришишни мақсад қилганмиз.
Дарҳақиқат, кўчат экиб, боғ яратиш, ноз-неъматлар маъмурчилигини таъминлаш — халқимизнинг азалий қадриятларидан бири. Шу туфайли айни экин-тикин мавсумида юртдошларимизнинг эзгу ташаббус ва интилишлари, ободлик, бунёдкорлик борасидаги ғайрат-шижоатини кўриб ҳайратланмасликнинг имкони йўқ.
Бу борада Навоий вилоятида амалга оширилаётган ишлар эътирофга молик. Чунончи, жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, ҳудуддаги шаҳар ва қишлоқлар, хонадонларга қарийб 9 миллион 200 минг тупга яқин мевали, манзарали дарахт кўчатлари ва қаламчалари экилди. Айниқса, иқлим шароитига мос, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлайдиган япон софораси, каштан, игнабаргли қайрағоч каби манзарали дарахтлар бугун хиёбонлар, йўл атрофлари ва кўчаларга кўрк бағишлаб турибди. Шу билан бирга, бўш майдонлар, ариқ четларига 785 минг туп терак кўчати ҳамда 4 миллион 500 мингдан ортиқ қаламчалари қадалди.
— Бугунги ҳаракат — эртанги барокат, деб бежиз айтилмаган, — дейди Навоий вилояти марказий давлат ўрмон хўжалиги бош директори Шариф Худойқулов. — Шундай экан, атроф-муҳит мусаффолиги, шаҳару қишлоқларимиз кўрки, бозорларимиз тўкинлиги, дастурхонимиз зийнати манбаи бўлган боғ-роғларни яратиш, уларни меҳр билан парваришлаш ҳар биримизнинг кундалик юмушимизга айланмоғи керак. Зотан, обод юртда тараққиёт бардавом, осудалик барқарор бўлади.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn