Замонавий технологиялар ва илғор инновациялар
  • 24 Ноябрь 2016

Замонавий технологиялар ва илғор инновациялар

қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат саноати тараққиётида устувор аҳамиятга эга

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатига ихтисослаштирилган “UzAgroExpo — 2016” ҳамда “UzProdExрo — 2016” ўн иккинчи халқаро кўргазмалари иш бошлади. Мазкур тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўмагида “IEG Uzbekistan” кўргазмалар компанияси томонидан ташкил этилди.
Мамлакатимизда аҳолининг муҳим истеъмол товарларига бўлган эҳтиёжлари тўлиқ қондирилиши баробарида, турфа хилдаги ноз-неъматлар экспорт ҳам қилинмоқда. Халқаро кўргазмаларнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, бу қишлоқ хўжалигида таркибий ўзгаришларни янада чуқурлаштириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг беқиёс самарасидир.
Дарҳақиқат, фермерлик ва тадбиркорлик ҳаракати ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, амалиётга интенсив агротехнологиялар, инновацион ишланмалар изчил татбиқ этилаётгани туфайли маҳсулот етиштириш ҳажми тобора ортиб, қайта ишлаш саноати тараққий этмоқда.
Бунда 2016 — 2020 йилларда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича дастурий чора-тадбирлар муҳим омил бўлаётир.
Унга мувофиқ, биргина 2016 йилнинг тўққиз ойида чорвачилик истиқболига тижорат банкларининг 380 миллиард сўмликдан зиёд кредитлари йўналтирилдики, бунинг ҳисобига  чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ва балиқчилик тармоқларида 5,2 мингта лойиҳа муваффақиятли рўёбга чиқарилди. Натижада 1,6 миллион тонна гўшт, 6,9 миллион тонна сут, 4,5 миллиард донадан ортиқ тухум ва бошқа маҳсулотлар тайёрланди.
Шу билан бирга, мева-сабзавотчилик йўналишида ҳам юқори самарадорликка эришилиб, 2,3 миллион тонна картошка, 8,2 миллион тонна сабзавот, 1,5 миллион тонна полиз маҳсулотлари, 1,2 миллион тоннадан ортиқ узум, 2 миллион тонна мева ва резаворлар етиштирилгани диққатга сазовор.
Қўлга киритилаётган бундай муваффақиятлар чет эллик сармоядорлар, йирик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш компанияларининг юртимизга бўлган қизиқишини тобора оширмоқда. Буни халқаро кўргазмаларнинг бирлашган экспозициясида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан бирга, Беларусь Республикаси, Германия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Голландия, Польша, Россия, Туркия сингари ўндан зиёд мамлакатларнинг 70 дан ортиқ компаниялари иштирок этаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Улар ўзларининг замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари ва жиҳозлари, боғ ҳамда иссиқхоналарда ишлатиладиган асбоб-ускуналар, ветеринария препаратлари, уруғлик донни саралаш машиналари, ресурс тежамкор технологияларини таклиф этишмоқда.
— Бизнинг компаниямиз донни қайта ишлаш ҳамда ёғ ишлаб чиқариш технологик линиялари тайёрлашга ихтисослаштирилган, — дейди -Хитойнинг “Huatai” компанияси вакили Жулли Жанг. — Улар унумдорлиги, энергия тежамкорлиги боис ташқи бозорда ҳам харидоргир. Масалан, бугунги кунда дунёнинг 15 дан зиёд мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистонга ускуна ва жиҳозлар етказиб бераяпмиз. Юртингизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни йўлга қўйиш, озиқ-овқат саноати корхоналарини модернизация қилишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Натижада кўплаб замонавий корхоналар ишга туширилаяпти.
Бу галги кўргазмадан умидимиз катта. Унга янги ҳамкорлар топиб, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ниятида келганмиз.
Кўргазмада паррандачилик ускуналарига ҳам кенг ўрин берилган. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки мамлакатимизда чорвачиликнинг мазкур сердаромад тармоғи жадал ривожланмоқда. Айни пайтда 40 дан ортиқ паррандачилик фабрикалари, кўплаб фермер хўжаликлари фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларнинг ҳар бирида 50 мингтадан 1 миллионтагача парранда парваришланаяпти. Шунинг эвазига ички бозор ўзимизда етиштирилган парҳез гўшт, тухум билан тўлдирилмоқда.
Паррандачиликни ривожлантиришга доир дастур асосида тармоқ корхоналари модернизация қилиниб, илғор технологиялар билан қайта жиҳозланаяпти. Шу маънода, кўргазмада Ҳиндистоннинг  “Venky’s India ltd.”, Ўзбекистоннинг “Imkon Premix” компанияларининг иштироки алоҳида аҳамият касб этмоқда. Улар томонидан таклиф қилинаётган парранда боқиш жиҳозлари, энергия тежамкор ускуналар, вакцина, ем ва витамин-минералли қўшимчалар соҳа вакилларига манзур бўлаётир.
“UzProdExрo — 2016” ўн иккинчи халқаро кўргазмасига ажратилган намойиш майдончалари ҳам одатдагидек гавжум. Сабаби, бу ерда озиқ-овқат маҳсулотларидан ташқари, савдо дўконлари, меҳмонхоналар, кафе ва ресторанлар учун махсус жиҳозлар, қадоқлаш ҳамда ўраш ускуналари, шунингдек, бошқариш ва хизматлар бўлимлари ишлаб турибди.
Юртимизда мева-сабзавотчилик тармоғининг тараққий этиши замонавий омборхоналар, меваларни саралаш ҳамда қадоқлаш машиналари, музлатиш камералари, бундай иншоотлар учун ускуналарга эҳтиёжни тобора оширмоқда. Мазкур жиҳатлар инобатга олинган ҳолда,  Голландия, Россия ва Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари томонидан ана шундай инновацион технологиялар кенг намойиш этилаяпти.
Уч кун давом этадиган ушбу тадбирларга ташриф буюрган соҳа вакилларининг энг илғор ускуна ҳамда жиҳозлар билан яқиндан танишиши, ўзларига маъқулларини танлаб, сотиб олиш бўйича келишувларга эришиши учун барча шарт-шароит муҳайё этилган. Зеро, кўргазмалардан кўзланган асосий мақсад ҳам қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатини модернизациялаш, уларга янги технологияларни жалб этиш орқали  рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кескин оширишга хизмат қиладиган лойиҳаларни амалиётга татбиқ этишдан иборатдир.


Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn