Қурилиш индустрияси ривожи
  • 22 Ноябрь 2016

Қурилиш индустрияси ривожи

соҳа корхоналарида амалга оширилаётган модернизация жараёни билан бевосита боғлиқ

Бугун юртимиз қурилиш индустриясида ижобий маънода  “портлаш эффекти” кузатилмоқда. Зеро, бунёдкорлик ишларининг кўлами ой сайин кенгайиб, шаҳару қишлоқларимизда замонавий тураржойлар, кўркам ижтимоий соҳа объектлари, йирик саноат корхоналари фойдаланишга топширилмоқда. Буни биргина жорий йилнинг тўққиз ойида пудрат-қурилиш ишлари 15 фоиз ўсгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Ушбу жараёнда зарур бўлган қурилиш ва пардозлаш материалларининг асосий қисми маҳаллий корхоналар томонидан етказиб берилаётгани, айниқса, қувонарлидир. Бу — кичик бизнесга янада кенгроқ эркинлик бериш, тадбиркорлар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар самарасидир. 

Чиндан ҳам, яратиб берилган қулай ишбилармонлик муҳити қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноатида кўплаб янги қувватлар пайдо бўлиши, мавжудларининг фаолияти кенгайишида муҳим омил бўлмоқда. Натижада улар ички бозорни импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдиришга муносиб ҳисса қўшмоқда. 2016 йилнинг уч чораги мобайнида қурилиш материаллари тайёрлаш ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 12,9 фоиз ошгани бунга асос бўла олади. 

Пойтахтимизда фаолият юритаётган “Ideal Inter Biznes” масъулияти чекланган жамияти ҳам тизимдаги янги, шу билан бирга, илғор ишлаб чиқариш субъектларидан бири ҳисобланади. Мазкур корхона ўтган йили ташкил этилган бўлиб, ички бозорда тезда ўрнини топа олди. Сабаби, бу ерда бозор талаби чуқур ўрганилган ҳолда, полиэтилен қувурлар ҳамда уларни улашда ишлатиладиган фитинглар тайёрлаш йўлга қўйилган. 

Қурилиш индустрияси ривожининг ҳозирги босқичида фойдаланишга топшириладиган ҳар бир объект иситиш, ичимлик ва иссиқ сув етказиб бериш тизимига эга бўлиши шарт. У бенуқсон ва узоқ муддат ишлаши эса кўп жиҳатдан материаллар сифатига боғлиқ. Шу боис аксарият бунёдкорлар полиэтилен қувурлардан фойдаланишни маъқул кўришмоқда. Чунки улар енгил, эластиклиги туфайли монтаж қилиш қулай ҳамда осон. Қолаверса, сифати юқорилиги боис ташқи таъсирларга чидамли: турли об-ҳаво шароитида ҳам йиллар давомида емирилмайди. 

“Ideal Inter Biznes” корхонаси жамоаси томонидан дастлаб бир неча хилдаги ана шундай қувурлар ишлаб чиқарилган бўлса, айни пайтда маҳсулот тури ҳам, ҳажми ҳам кўпайди. Бунда цехлар модернизация қилиниб, қувур тайёрлашга мўлжалланган учта линия, тўртта термопласт-автомат ҳамда фитинг ишлаб чиқаришда қўлланиладиган 60 та пресс-қолип билан жиҳозлангани айни муддао бўлди. Пировардида корхонанинг хом ашёни қайта ишлаш қуввати ойига 200 тоннага етказилиб, маҳсулот тури 150 дан ошди. Жумладан, турли диаметрдаги қувурлар тайёрланаётган бўлиб, улардан иситиш ҳамда иссиқ сув таъминотида ҳам фойдаланиш мумкин.

— Юқори сифат — фаолиятимизнинг бош мезонига айланган, — дейди корхона раҳбари Шуҳрат Тошхўжаев. — Шу мақсадда “ISO 9001:2001” сифат менежменти тизимини жорий қилганмиз. Тайёрланаётган маҳсулот эса жиддий сифат синовидан ўтказилади. Натижада рақобатдош қувур ва фитинглар тайёрланаяпти. Уларга ички ва ташқи бозорда талаб тобора ортмоқда. Бу эса зиммамиздаги масъулиятни янада оширади.   

Жамият жамоаси буюртмаларни ўз вақтида адо этиш мақсадида уч сменада иш олиб бормоқда. Келгусида қўшимча ускуналар олиб келиниб, корхона фаолиятини янада кенгайтириш режалаштирилган. Бу эса маҳсулот тури кўпайиши баробарида, яна 25 — 30 та доимий иш жойи яратилишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Бахтиёр АКРАМОВ олган суратлар. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn