Савдо-иқтисодий алоқалар янада кенгаяди
  • 18 Ноябрь 2016

Савдо-иқтисодий алоқалар янада кенгаяди

Пойтахтимизда Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон — Буюк Британия кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда икки давлатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, нефть-газ, энергетика, тоғ-кон, озиқ-овқат, фармацевтика, молия, консалтинг, аудит, таълим, сайёҳлик, меъморлик, қурилиш материаллари, суғурта каби соҳалар учун масъул вазирлик ҳамда идоралари, компания ва концернлар раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири, мазкур кенгаш ҳамраиси Э. ўаниев, Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон — Буюк Британия кенгаши ҳамраиси Б. Ҳэй ва бошқалар истиқлол йилларида мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, яъни халқаро доирада тараққиётнинг “ўзбек модели” сифатида тан олинган ривожланиш стратегияси ўз самарасини бераётганини алоҳида таъкидладилар. Охирги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётида барқарор равишда 8 фоизлик ўсиш суръатлари кузатилаётгани, тармоқларда  кўплаб янги ишлаб чиқариш қувватлари фаолияти йўлга қўйилаётгани, қулай ишбилармонлик муҳити яратилаётгани туфайли хорижий сармоядорларнинг ҳамкорлик қилишга бўлган қизиқиши ортиб, саноат корхоналарининг экспорт салоҳияти юксалиб бораётгани шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир. Бу жараёнда, табиийки, инглиз ишбилармонлари ҳам фаол қатнашмоқда. 

Буюк Британия Ўзбекистоннинг Европа минтақасидаги энг йирик савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси 105,7 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, жорий йил январь — сентябрь ойларида бу кўрсаткич 106,8 миллион долларга етказилди. 

Ҳозирги кунда юртимизда мазкур мамлакат капитали иштирокида 544 та компания ҳамда фирма фаолият юритмоқда. Уларнинг аксарияти озиқ-овқат, кимё, тоғ-кон, фармацевтика, тўқимачилик саноати каби иқтисодиётимизнинг етакчи соҳалари улушига тўғри келиши билан аҳамиятлидир. Шунингдек, мамлакатимизда Буюк Британиянинг 71 компанияси аккредитациядан ўтказилган. 

Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар ҳукуматлараро ва идоралараро келишувларга мувофиқ, тобора мустаҳкамланиб бораётир. Айниқса, иқтисодий соҳада энг кўп қулайлик яратиш, икки томонлама солиққа тортишдан воз кечиш, инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилишга доир ҳужжатлар ижроси таъминланаётгани бунда муҳим омил бўлмоқда. Натижада кўплаб қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилиб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилаяпти.

Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон — Буюк Британия кенгашига 1994 йилда асос солинган. Унинг охирги йиғилиши 2015 йилнинг 18 ноябрида Лондон шаҳрида бўлиб ўтган эди. 

Тадбирда Ўзбекистон иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятининг тақдимоти ўтказилиб, унда хорижлик ишбилармонларга юртимизда иқтисодиётни равнақ топтириш йўлида қабул қилинаётган кенг кўламли дастурлар, айниқса, “Навоий”, “Жиззах” ва “Ангрен” эркин иқтисодий зоналарида чет эллик сармоядорларга яратиб берилаётган имкониятлар хусусида батафсил маълумот берилди.  

Анжуманда Ўзбекистон ва Буюк Британиянинг иқтисодий салоҳияти ҳамда имкониятлари, икки мамлакат ўртасида автомобилсозлик, энергетика, тоғ-кон ва кимё саноати, қурилиш, ахборот технологиялари, чиқиндиларни қайта ишлаш ҳамда таълим каби қатор соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш масалалари юзасидан фикр юритилди. 

Йиғилиш доирасида, шунингдек, Буюк Британиянинг нуфузли нашрларидан бири — “FDI Magazine” журнали томонидан ташкил этилган халқаро танловнинг бир нечта йўналишларида ғолиб, деб топилган “Навоий” эркин иқтисодий зонасини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Шу куни икки давлат бизнес вакиллари иштирокида кооперация биржаси уюштирилдики, бу ҳам  манфаатли ва истиқболли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун айни муддао бўлди.

 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn