Савдо-инвестициявий алоқалар янада мустаҳкамланади
  • 12 Ноябрь 2016

Савдо-инвестициявий алоқалар янада мустаҳкамланади

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуасида ташкил этилган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси ўз ишини якунлади. Уч кун давом этган форумда мамлакатимизда етиштирилган 1421 минг тонна маҳсулотни экспортга чиқариш бўйича умумий қиймати бир миллиард 9 миллион АҚШ долларилик 355 та шартнома имзоланди. 

Бу Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари, “Ўзбекозиқовқатхолдинг”, “Ўзвиносаноат-холдинг” холдинг компаниялари, “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамияти, “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси томонидан уюштирилган мазкур тадбир кутилганидек томонлар учун самарали кечганидан яққол далолатдир.

Серқуёш юртимизда етиштирилган ноз-неъматларга хорижда талаб ниҳоятда ортиб бормоқда. Таъбир жоиз бўлса, улар юқори нуфузга эга бўлган ҳақиқий бренд — товар белгисига айланаяпти, десак, муболаға эмас. Зеро, бу истиқлол йилларида мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги тубдан ислоҳ қилиниб, соҳага замонавий илм-фан ютуқлари, интенсив агротехнологиялар жорий этилаётгани, деҳқон ва фермерлар фаолияти ҳар томонлама рағбатлантириб келинаётганининг амалий ифодасидир.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда аграр соҳанинг барча тармоғи, айниқса, мева-сабзавотчилик жадал суръатларда ривожланиб, ҳудудларнинг экспорт салоҳияти ортиб бораётир. Буни ярмаркада ҳар бир вилоят учун ажратилган намойиш бурчаклари боғ ва дала неъматлари билан тўлиб-тошгани, улар орасида ноанъанавий сабзавот ва кўкатларнинг кўплиги ҳам яна бир карра тасдиқлади. 

— Биз шу йили бўлиб ўтган навбатдан ташқари ярмаркадаги тажрибадан келиб чиқиб, нафақат мевалар, балки хорижда харидоргир бўлган кўкат ва сабзавотлар билан иштирок этдик, — дейди Андижон вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бош-қармаси бўлими бошлиғи Абдумутал Сулаймонов. — Натижа ҳам шунга яраша: 10 дан зиёд давлатларга келгуси йил ҳосилидан 500 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланди. Уларнинг асосий қисмини лимон, эртаки сабзавот ва кўкатлар ташкил этади. Буюртмачиларга шартномада кўрсатилган миқдордаги ноз-неъмат-ларни етказиб бериш учун имкониятимиз етарли. Масалан, вилоятимизда ҳозирданоқ қарийб 20 минг гектар майдонга оралиқ экин сифатида сабзавот ва кўкатлар экиш ишларига киришилди.   

Шубҳасиз, бугунги кунда мева-сабзавотчилик ва полизчилик қишлоқ хўжалигининг энг сердаромад тармоқларидан бирига айланди. Юртимизда ҳар йили 18 миллион тоннадан зиёд ноз-неъматлар етиштирилиб, уларнинг салмоқли қисми экспорт қилинаётир. Биринчи Президентимизнинг 2016 йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса экспорт географиясини янада кенгайтиришда қўшимча имкониятлар яратди. 

— Мазкур ярмарканинг ташкил этилгани биз, чет эллик ҳамкорлар учун айни муддао бўлди, — дейди хитойлик инвестор Лу Хонгхай. — Биз бундан икки йил аввал бизнес фаолиятимизни юртингиз билан боғлаб, Сурхондарё вилоятида ғишт заводини ишга туширган эдик. Жорий йилда эса Ўзбекистон ҳудудида логистика хизматларини кўрсатувчи яна бир фирмага асос солдик. Мамлакатингиздаги қулай инвестициявий муҳит яна бир лойиҳани амалга оширишга ундади. Яъни Сурхондарёда помидорни қайта ишлаш заводини бунёд этаяпмиз. Ярмаркага келиб, керакли миқдорда хом ашё сотиб олиш юзасидан шартномалар имзолаганимиздан хурсандмиз. 

Чиндан ҳам, форум чет эллик ҳамкорлар учун мазали мева-чевалари билан дунёда довруқ қозонган Ўзбекистон боғдорчилиги билан яқиндан танишиш, келгуси йил ҳосилидан сархил ва қуритилган мевалар, дуккакли маҳсулотлар хариди бўйича шартномалар тузиш учун қулай имконият бўлди. Шу боис у халқаро доирада катта қизиқиш уйғотди. Унинг ишида Жанубий Корея, Япония, Малайзия, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Буюк Британия, Франция, Польша, Италия, Испания, Голландия, АҚШ, Афғонистон, Туркманистон, Қозоғистон сингари ўттиздан ортиқ давлатларнинг савдо ташкилотлари, савдо-саноат палаталари, қишлоқ хўжалиги йўналишидаги вазирликлари, логистика компаниялари вакиллари иштирок этиб, савдо-сармоявий алоқаларни йўлга қўйгани шундай дейишимизга тўла асос бўлади. 

Ярмаркага ташриф буюрганлар жаннатмонанд юртимизнинг сўлим боғлари, файз-баракага бурканган сабзавот ва полиз пайкаллари “Ўзэкспомарказ” мажмуасига кўчибди, дея эътироф этишди. Бундай қиёс, ўхшатиш бежиз эмас, албатта. Сабаби, унинг барча кўргазма павильони маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, мева-сабзавотни қайта ишлаш корхоналарининг турли-туман маҳсулотлари билан тўлиб-тошди. Айниқса, деҳқон ва фермер хўжаликлари, агрофирмалар ўз ҳудудларининг қишлоқ хўжалиги ва экспорт салоҳиятини шундай маҳорат билан намойиш этишдики, бу ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмади. Масалан, Жиззах вилоятидан ташриф буюрган иштирокчиларнинг деярли барчаси ўз маҳсулотларини экспорт қилиш юзасидан шартномалар тузишга муваффақ бўлдилар. Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо бошқармаси бошлиғи Бекзод Акрамовнинг айтишича, вилоят соҳибкорлари келгуси йилда чет эллик истеъмолчиларга умумий қиймати 25 миллион АҚШ долларилик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш бўйича шартномалар имзолашди. Олма, узум, анор, хурмо, қовун, дуккакли маҳсулотлар ва кўкатлар шулар жумласидан.  

Халқаро ярмаркага ташриф буюрганлар унинг доирасида бўлиб ўтган вазирликлар, давлат ташкилотлари ва вилоят ҳокимликларининг тақдимотларида иштирок этиш билан бирга, ҳудудларга сафар уюштириб, мамлакатимиз боғдорчилик тармоғида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараларини бевосита жойларда кўриш имкониятига эга бўлдилар. Улар, хусусан, мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларини сифатли сақлаш, харидорларга сархил ҳолда етказиб бериш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги хом ашёсини чуқур қайта ишлаш жараёнлари билан яқиндан танишдилар. Меҳмонлар шу аснода Ўзбекистонда озиқ-овқат саноати ҳам жадал ривожланиб бораётганига амин бўлганликларини эътироф этдилар. 

Ярмарка қатнашчиларининг қай бири билан суҳбатлашманг, улар янги ҳамкорлар топгани, маҳсулотлар олди-сотдиси бўйича узоқ муддатли келишувларга эришганини мамнуният билан изҳор этишади. Зеро, I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси республикамиз деҳқон ва фермерлари, боғбону тадбиркорларига маҳсулотларини чет эл бозорларига дадил олиб киришлари учун беқиёс имкониятни туҳфа этди. Шу маънода, мазкур тадбир ҳар йили анъанавий равишда ўтказилишини инобатга оладиган бўлсак, у экспорт борасида бозор механизмларини янада такомиллаштириш, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар ва хорижий харидорлар ўртасидаги савдо-инвестициявий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.  

Саид РАҲМОНОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn