Замонавий саноат корхоналари
  • 02 Ноябрь 2016

Замонавий саноат корхоналари

ҳудудлар иқтисодий салоҳиятини юксалтириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳам бизнес юритишнинг янада қулай муҳитини таъминлаш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди, десак, айни ҳақиқат.
Фарғона вилоятида истиқлолнинг дастлабки йилларида 210 та саноат корхонаси мавжуд эди. Бугунги кунга келиб, уларнинг сони қарийб 5000 тага етгани, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури 500 хилдан ортиб, шундан 150 таси тайёр маҳсулот эканлиги соҳанинг жадал ривожланаётганини кўрсатади.
Айни пайтда Ўзбекистон туманининг “Шўрсув” ШФЙ ҳудудида ўнлаб кичик ишлаб чиқариш субъектлари орасидан йилига 100 минг тонна цемент тайёрлаш қувватига эга “Turon Eco Cement Group” масъулияти чекланган жамиятига алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Негаки, ушбу корхона тўлиқ замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнига инновацияларнинг изчил татбиқ этилаётгани ижобий натижалар бераяпти.
— Корхонамиз тўққиз ой мобайнида барпо этилди, — дейди унинг раҳбари Авазбек Турдиев. — Бунинг учун 1 миллион 980 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланди. Зарур хом ашёнинг 80 — 90 фоизи Шўрсув массивидаги маъданлар эвазига тўлдирилмоқда. Қолган қисми эса Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳридаги корхоналар билан ўрнатилган -кооперация алоқалари асосида таъминланаётир.
Бундан йигирма — йигирма беш йил илгари Фарғона вилоятида кичик бизнеснинг саноат маҳсулотлари тайёрлашдаги улуши атиги 2,9 фоизни ташкил этарди. Эндиликда эса бу кўрсаткич қарийб 15 фоизга етказилди.
Ҳудудда ушбу кўрсаткичларни янада юксалтириш, тармоқ саноат корхоналари ва ҳудудий саноат ўртасидаги ўзаро кооперация алоқаларини ривожлантириш, энг олис қишлоқларда янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил қилиш ҳамда бу -орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
— Яқинда Хитойнинг “Henan Yigong Machinery” компаниясидан 500 минг АҚШ долларилик гипс ишлаб чиқариш линияси келтириб, фаолиятимизни янада кенгайтиришга муваффақ бўлдик, — дейди “New Line Produсtion Sho‘rsuv” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Улуғбек Жўраев. — Бу билан маҳалламиз ва қўшни маҳаллалардан 70 нафар йигит-қизни меҳнат жамоамизга жалб қилиш баробарида, маҳсулот тайёрлаш ҳажмини йилига 60 минг тоннага етказдик. Айни пайтда маҳсулотларимизни 50 дан ортиқ қурилиш саноати корхоналари ҳамда хорижлик буюртмачиларга етказиб бераяпмиз. Ўтган йилда чет эллик ҳамкорларимиз биздан 30 минг 800 долларлик маҳсулот харид қилишган бўлса, жорий йилнинг 9 ойида бу миқдор 45 минг долларни ташкил этди.
Жорий йилнинг тўққиз ойида Фарғона вилояти саноат тармоғида қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 15,5 фоиз ўсди. Барқарор фаолият, асосийси, керакли хом ашёнинг шу ерда мавжудлиги ишбилармонларни истиқболли режалар тузиш, уларни дадил амалга оширишга ундаётир.


Элёржон ЭҲСОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn