Энг яхши лойиҳаларга — имтиёзли сертификатлар
  • 19 Апрель 2014

Энг яхши лойиҳаларга — имтиёзли сертификатлар

Тижорат банкларининг қанчалик самарали фаолият юритиши мижозлар билан ҳамкорлик алоқалари қай даражада мустаҳкам ўрнатилганлигига бевосита боғлиқ.

Эътиборлиси, юртимизда банк-молия соҳасини ислоҳ қилиш, молия муассасалари томонидан кўрсатилаётган хизматларни янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар туфайли бундай муносабатлар тобора яхшиланмоқда. Айни пайтда “Ипотека-банк” акциядорлик тижорат ипотека банки тизимидаги 37 та филиал, 114 та минибанк, салкам 500 та жамғарма ва коммунал касса орқали аҳоли ҳамда 71,8 мингга яқин хўжалик юритувчи субъектларга намунали хизмат кўрсатилаётгани бунинг яққол тасдиғидир.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда инсон манфаати, унинг фаровон турмуш кечиришини таъминлашга қаратилган ишлар кўлами ниҳоятда кенг. Жумладан, сўнгги йилларда қишлоқ ва шаҳарларимизда кўплаб замонавий тураржойлар барпо этилиб, уларга минглаб оилалар кўчиб ўтди. Табиийки, ушбу жараёнда “Ипотека-банк” ҳам ўз маблағ ва хизматлари билан фаол иштирок этаяпти.
Хусусан, бундай амаллар яқинда пойтахтимизда бўлиб ўтган банк технологиялари, асбоб-ускуналари ва хизматлари — “BankExpo — 2014” миллий кўргазмасида яна бир бор намойиш этилди. Унда, айниқса, “Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шу жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, оилавий бизнес, тадбиркорликни бошлаш истагида бўлган таълим муассасалари битирувчилари, уй меҳнатини енгиллаштириш мақсадида хотин-қизларга таклиф этилаётган банк хизматлари бўйича маълумот ва маслаҳатлар беришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, аҳоли турмуш даражасини оширишда муҳим ўрин тутувчи кичик бизнес субъектлари ва хусусий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳам банк жамоаси фаолиятининг устувор мақсадларидандир. Ҳозиргача соҳа вакилларига қарийб 160,2 миллиард сўм миқдорида кредит ва 38,8 миллиард сўмлик микрокредитлар ажратилгани ана шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир.
Бундан ташқари, “Ипотека-банк” жорий йилда ёшлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати билан ҳамкорликда танлов эълон қилган эди. Бу тадбирда жойлардан кўплаб ишбилармонлар ўз бизнес-лойиҳалари билан иштирок этди. Унинг якунига кўра, “Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича энг яхши лойиҳа” номинацияси бўйича ғолиблик Тошкент шаҳридаги  “Zetomaksimum” масъулияти чекланган жамиятига насиб этган бўлса, Жиззах вилоятидаги “White Dragon” хусусий корхонаси мазкур йўналишда совриндор бўлди. “Ҳунармандчиликни ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича энг яхши лойиҳа”га фарғоналик якка тартибдаги тадбиркор Нилуфар Юсупованинг иши муносиб кўрилди. Ушбу йўналишдаги  совринни эса наманганлик Мунаввар Жалолова қўлга киритди. Шунингдек, “Аёлларнинг тадбиркорлик фаолияти борасидаги энг яхши лойиҳа” номинациясида  Хоразм вилоятидаги “Mahliyo textile”, “Она ва болаларга тиббий хизматлар кўрсатувчи энг яхши лойиҳа” йўналишида Қорақалпоғистон Республикасидаги “Gulmed servis” масъулияти чекланган жамиятлари, “Ёшларнинг фермерлик фаолияти бўйича энг яхши лойиҳа” номинациясида Сурхондарё вилоятидаги “Холиёр бобо” фермер хўжалиги, “Ёшларни ўқитиш тизимини ташкил қиладиган энг яхши лойиҳа” номинациясида Тошкент шаҳридаги “Karving master” нодавлат таълим муассасаси ғолиб, деб топилди. Бухоро вилоятидаги “Erkatoy Bolajon” масъулияти чекланган жамияти, Самарқанд вилоятидаги “Самарқанд Универсал Мед Фарм” хусусий корхонаси, Навоий вилоятидаги “Shaxzod-2000” фермер хўжалиги, Тошкент вилоятидаги “Ибодулло Дил Мирзо” хусусий корхонаси мос равишда совриндорлар қаторидан жой олди.
“Банкнинг кредит маблағлари ҳисобига тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилган энг яхши ёш тадбиркор лойиҳаси”, “Банкнинг кредит маблағлари ҳисобига ёшларни қонунчиликка кўра, иш билан таъминлаш борасида салмоқли ҳисса қўшган энг яхши тадбиркор лойиҳаси”, “Ипотека-банк” филиаллари билан жойларда ёшларни узвий боғлаб турган энг яхши “Камолот” етакчиси”, “Ипотека-банк” филиаллари орасида ёшларга энг кўп хизматлар (кредит ва бошқа банк хизматлари) кўрсатган банк филиали” сингари қўшимча номинациялар бўйича эса Бухоро вилоятидаги “Kamalak Shabnam teks”, Тошкент вилоятидаги “Улуғ Хушрав” масъулияти чекланган жамиятлари, “Камолот” ЁИҲ Бухоро вилояти Кенгаши қошидаги “Ёш тадбиркор” консультатив маркази координатори Ҳикматулло Тўраев ҳамда “Ипотека-банк”нинг Фарғона вилояти филиали энг яхши, деб топилди.
ўолибларнинг барчасига имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификат ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Кўргазмада, шунингдек, ташкилотчилар томонидан таъсис этилган номинациялар бўйича ғолиб банкларни тақдирлаш маросими ҳам  бўлиб ўтди. Унга кўра, “Ипотека-банк” очиқ акциядорлик тижорат ипотека банки “Кичик бизнес субъектларининг инновацион лойиҳаларини қўллаб-қувватловчи энг яхши банк” сифатида эътироф этилган бўлса, Олмалиқ ва Бухоро вилояти филиаллари “Тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаётган энг яхши ҳудудий банк филиали” номинациясига лойиқ кўрилди.
Мухтасар айтганда, бугунги кунда “Ипотека-банк” кичик бизнес субъектларининг молиявий ҳамкори сифатида уларнинг лойиҳаларини руёбга чиқариш, замонавий банк хизматларини кўрсатиш орқали аҳоли турмушини фаровонлаштириш, иқтисодиётимиз тараққиётини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Д. УЛУFМУРОДОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn