Сайёҳлик индустрияси салоҳияти
  • 18 Апрель 2014

Сайёҳлик индустрияси салоҳияти

пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуида очилган “Дам олиш дунёси” Халқаро Ўзбекистон сайёҳлик кўргазмасида кенг намойиш этилмоқда

Мазкур нуфузли тадбир “Ўзбектуризм” миллий компанияси ва “Буюк Ипак йўли” реклама агентлиги томонидан Жаҳон   сайёҳлик ташкилоти, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда бошқа бир қатор мутасадди ташкилотлар кўмагида ташкил этилди.
Халқаро кўргазманинг очилиш маросимида таъкидланганидек, мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор ўз самараларини бермоқда. Бу юртимизга келаётган сайёҳлар сони йилдан-йилга ошиб бораётгани мисолида ҳам яққол ифодасини топаяпти. Масалан, ўтган йили республикамизга 1 миллион 977 минг 600 нафар сайёҳ ташриф буюрди. Ушбу соҳада хизматлар кўрсатиш ҳажми 16  фоиз ўсди.
Гўзал ва бетакрор заминимизга бўлган қизиқишнинг ортиши жуда кўп омиллар билан изоҳланади. Хусусан, Ўзбекистон сайёҳлик кўлами ва тарихий қадамжолари кўплиги бўйича дунёдаги етакчи ўн мамлакат қаторида туради. Юртимизда тўрт мингдан зиёд тарихий ва маданий ёдгорликлар бор. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарлари ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган бўлиб, улар доимо хорижликларни қизиқтириб келган. Ана шуларни инобатга олиб, мустақиллик йилларида туризмни ривожлантиришга, хусусан, унинг муҳим таркибий қисми бўлган меҳмонхона хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси, транспорт-коммуникация тизимини замон талаблари даражасида такомиллаштиришга алоҳида аҳамият қаратилаётир. Ўзбекистон Республикасининг “Туризм тўғрисида”ги Қонуни, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистонда туризм соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш тўғрисида”ги Фармони, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистонда тўққиз юздан зиёд сайёҳлик ташкилотлари, жумладан, 430 меҳмонхона, 530 дан ортиқ туристик компаниялар фаолият юритаяпти. Дам олиш масканлари сони йил сайин кўпайиб, уларда хизмат кўрсатиш сифати яхшиланиб бораётгани, янги сайёҳлик йўналишлари таклиф этилаётгани туристлар оқимининг сезиларли даражада ошишига замин яратмоқда. Айтайлик, кейинги йилларда қатор янги халқаро авиарейслар очилди, бир қатор шаҳарларимиздаги аэропортлар модернизация қилинди. Шунингдек, замонавий поездлар қатновининг йўлга қўйилгани сайёҳликдаги имкониятларимизни янада кенгайтирди.
“Дам олиш дунёси” Халқаро кўргазмаси Ўзбекистонда баҳор — ёз сайёҳлик мавсумини очиб берадиган ўзига хос лойиҳа ҳисобланади. Кўргазмани ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад маҳаллий ва хорижий туроператорлар ҳамда мамлакатимиз ҳудудларида фаолият юритаётган кичик туристик бюролар ва агентликларга янги сайёҳлик мавсумида ўз туристик маҳсулоти бўйича таклифларни илгари суришига ёрдамлашиш, хорижий ва маҳаллий корпоратив мижозлар билан шартномалар тузиш, туризм бозорида таътил мавсумига оид стратегик режалар ишлаб чиқиш учун имконият яратишдан иборатдир. Бу йил иккинчи бор ўтказилаётган мазкур анжуманда ўттиздан ортиқ хорижий сайёҳлик компанияси вакиллари иштирок этаяпти.
— Биз, асосан, Сингапур ва Индонезия давлатларига сайёҳларни таклиф қилиш, уларга хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланамиз, — дейди Сингапурнинг “I-Asia” туристик компанияси ижрочи директори Эрик Яп. — Масалан, ўтган йили биргина Сингапурга 30 мингдан ортиқ туристнинг сафарини ташкиллаштирдик. Ўзбекистонга биринчи бор келишим. Ушбу кўргазма орқали нафақат ўз хизматларимизни таништириш, балки маҳаллий сайёҳлик компания ва фирмалар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, келгусида икки томонлама фойдали лойиҳаларни амалга оширишни мақсад қилганмиз. Яқинда Сингапур билан Ўзбекистон ўртасида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилгани бу борада катта қулайлик яратади. Юртингизнинг сўлим ва хушманзара табиати, бу ердаги қадимий осориатиқалар, меҳмонхоналар, сервис хизматлари ҳақида жуда яхши хабардорман. Бундай имкониятларга эга мамлакат ҳар қандай диди нозик сайёҳни ҳам ўзига жалб эта олади. Айнан шундан келиб чиқиб, биз келажакда Ўзбекистонга хорижлик туристларни таклиф қилиш билан ҳам шуғулланмоқчимиз.
Халқаро кўргазмада хорижнинг халқаро сайёҳлик фирмалари, миллий сайёҳлик компаниялари, меҳмонхона ва ресторанлар, музейлар ва бошқа ташкилотлар вакиллари мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти ҳамда таклиф этилаётган хизматлар, мафтункор табиат ва тарихий обидаларимиз акс этган экспонатлар, халқ ҳунармандчилиги буюмлари, фотоэкспози- циялар, экотуризм ва спорт туризми, авиатранспорт, меҳмонхона, суғурта ва банк хизматлари, миллий ва ҳудудий сайёҳлик ташкилотлари, сайёҳлик операторлари ва агентлари фаолиятига оид кўплаб маълумот ва адабиётлар билан танишиш имконияти яратилган.
“Дам олиш дунёси” Халқаро кўргазмасида республикамиз ҳудудлари ҳам ўз туристик имкониятларини кенг намойиш этмоқда. Бу йил, масалан, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Хоразм ва Бухоро вилоятлари ўз стендларини ташкил қилган.   
Ушбу халқаро тадбир жаҳон жамоатчилигини мамлакатимизнинг сайёҳлик борасидаги улкан салоҳияти билан кенг таништириш ва хорижнинг сайёҳлик компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, ички туризмни янада ривожлантиришга хизмат қилади. Икки кун давом этадиган кўргазма доирасида мамлакатимизга сайёҳларни янада кенгроқ жалб қилиш борасида чет эллик мутахассислар билан ўзаро фикр ва мулоҳазалар алмашилади ва ҳамкорликда кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилади. Хорижнинг сайёҳлик компаниялари билан ҳамкорликка оид қатор битимлар имзоланади.
Кўргазманинг биринчи иш кунида “Гастрономик туризм — рақобатбардош маҳсулот омили” мавзуида Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг халқаро илмий-амалий конференцияси ўтказилди. Айтиб ўтиш жоизки, гастрономик туризм пазандачилик билан боғлиқ барча туристик фаолият турлари, хусусан, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи компаниялар, гастрономик фестиваллар, озиқ-овқат ярмаркалари ва бу борада тажриба орттиришга хизмат қилувчи саёҳатлар мажмуидан иборатдир. Анжуманда мамлакатимизда гастрономик туризмни ривожлантириш истиқболлари юқори экани алоҳида таъкидланди. Бу борадаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Кўргазманинг иккинчи кунида “Ипак йўли лаззати” миллий ошхона фестивали ўтказилади. Ушбу тадбир доирасида моҳир ошпазларимиз палов ҳамда балиқ гўштидан таом тайёрлаш жараёнини кўрсатишади.
Шунингдек, сайёҳлик фирма ва компанияларининг тақдимотлари бўлиб ўтади.

Шавкат ОРТИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn