«Moody`s»: Ўзбекистон банк тизимининг барқарор ривожланиши таъминланмоқда
  • 18 Апрель 2014

«Moody`s»: Ўзбекистон банк тизимининг барқарор ривожланиши таъминланмоқда

«Moody`s» халқаро рейтинг агентлиги томонидан «Ўзбекистон банк тизимининг ривожланиш истиқболлари» янги ҳисоботи 2014 йил 15 апрель куни нашр қилиниб,
унга мувофиқ, кетма-кет бешинчи йил Ўзбекистон банк тизими ривожланиш истиқболлари «барқарор» даражада тасдиқланди.

Ушбу агентликнинг фикрига кўра, «барқарор» прогнози Ўзбекистон иқтисодиётининг, шу жумладан, иқтисодиётга катта ҳажмдаги инвестициялар йўналтирилиши ҳисобидан юқори суръатларда ўсаётганлиги билан изоҳланади.  Шунингдек, иқтисодиётни кредитлаш ҳажмларининг ўсишини таъминловчи манба ҳисобланган Ўзбекистон банкларининг барқарор даромадлари банк тизими ривожланиши истиқболларига ижобий таъсир қилувчи муҳим омиллар қаторига киритилмоқда.
«Moody`s» агентлиги томонидан Ўзбекистонда охирги 10 йил мобайнида юқори иқтисодий ўсиш суръатлари сақланганлиги ҳамда Ўзбекистон экспорти таркибининг МДҲдаги бошқа давлатларга нисбатан диверсификацияланганлиги ҳисобига иқтисодий ўсиш суръатларининг барқарорлиги таъминлангани таъкидланмоқда. 
Шу билан бирга, «Moody`s» агентлиги Ўзбекистон банклари активлари сифатининг барқарор динамикасига эътибор қаратиб, жумладан, капитал инвестициялар соҳасидаги ижобий ҳолат активлар сифатининг юқори даражада сақланиб қолишига асос бўлишини қайд этди. 
2013 йил якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси тижорат банклари активлари умумий миқдори 30 фоиз, охирги беш йилда эса ушбу кўрсаткич 3,6 баробар кўпайган.
Банк тизими капиталлашувини ошириш бўйича амалга оширилган мақсадли чора-тадбирлар банклар жами капиталининг охирги беш йилда 3,5 баравар, 2013 йил давомида эса 25,1 фоиз ошишини  таъминлади.
Банк тизими капитали етарлилик даражасининг ушбу кўрсаткичи умумқабул қилинган халқаро стандартларга нисбатан 3 баробар юқоридир.
Рейтинг агентлигининг фикрича, 2014/2015 йиллар давомида кредитлаш ҳажмининг  йилига 20 фоиз ошиши шароитида капитал етарлилигининг жорий коэффициентини сақлаб қолиш учун «Moody`s» рейтингига эга бўлган Ўзбекистон банклари келгусида капитални қўшимча ошириш бўйича чора-тадбирлар кўришлари лозим.
Ўзбекистон банкларининг жорий ликвидлик даражаси банк тизими барқарорлигини баҳолашда муҳим омиллардан бири бўлиб, қатор йиллар давомида 65 фоиздан юқори, яъни  белгиланган минимал даражадан 2 баробар кўп миқдорни ташкил этади.
Таъкидлаш жоизки, хўжалик юритувчи субъектлар депозитлари ва аҳоли омонатлари, шунингдек, молиялаштиришнинг бошқа манбалари келгусида банк тизими ликвидлигини таъминлашга хизмат қилади. Жумладан, тижорат банкларидаги депозитларнинг умумий ҳажми охирги беш йилда 4,1 баробар, 2013 йилда эса 30,2 фоиз ошган.
«Moody`s» агентлиги томонидан прогноз даврида Ўзбекистон банкларининг ликвидлик ва даромадлилик кўрсаткичларининг барқарор даражада сақланиб туриши кутилмоқда.
Умуман олганда, «Moody`s» агентлигининг таъкидлашича, 12 — 18 ойни ташкил этувчи прогноз даврида мамлакат иқтисодиётининг юқори ўсиш суръатлари банклар учун қулай амалиёт муҳитини таъминлайди.

И. ЎТБОСАРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn