«London Business Matters» Юртимизнинг иқтисодий имкониятлари ҳақида
  • 18 Апрель 2014

«London Business Matters» Юртимизнинг иқтисодий имкониятлари ҳақида

Британияда нашр қилинадиган “London Business Matters” журналининг апрель ойи сонида мамлакатимиз иқтисодиёти ва сармоявий салоҳиятига бағишланган “Ўзбекистондаги имкониятлар” сарлавҳали мақола чоп этилди.

Унда мустақилликка эришилганидан сўнг мамлакатимизда ривожланишнинг “ўзбек модели”га таянган ҳолда, эркин бозор иқтисодиётига асосланган кучли демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўли танлаб олингани қайд этилади. Мақолада 30 миллион нуфусга эга бўлган мамлакат аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этиши, мавжуд бой табиий захира салоҳияти, яратилган инфратузилма ҳамда юқори малакали ишчи кучлари республикада иқтисодиёт ривожланишининг юқори даражага кўтарилишида ва ялпи ички маҳсулот ўсиши 8 фоизни ташкил этишида муҳим омил бўлиб хизмат қилгани ўз эътирофини топган.
Маълумки, ҳозирги пайтда юртимизда нефть ҳамда газ қазиб олиш ва уларни қайта ишлаш, транспорт, тоғ-кон ва металлургия соҳаларида 55,4 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган
300 дан зиёд сармоявий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мазкур мақолада макроиқтисодий барқарорликнинг асосий кўрсаткичлари, фойдали қазилмалар захиралари ва энергетика мустақиллигига оид маълумотлар ҳам ўз ифодасини топган.
“Ўзбекистон минтақада энг диверсификациялашган иқтисодиётга эга бўлгани ҳолда, турли русумдаги кўплаб енгил ва юк автомобилларини, қишлоқ хўжалиги техникаларини, кимё, тўқимачилик, дори-дармон, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда қурилиш материалларини ишлаб чиқармоқда.
Мамлакатда фаолият юритаётган иқтисодий ва индустриал зоналар замонавий транспорт ва логистика инфратизимига боғланган юқори технология қўшма корхоналарини тузишни мўлжалга олганки, бу ривожланиб бораётган бозорларга маҳсулотни тўғридан-тўғри экспорт қилиш имкониятини таъминлайди. Корхоналар учун солиқ сиёсатида рағбатлантиришлар мавжуд, шу жумладан, солиқ ва божхона тўловларидан озод этиш, тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажмига қараб белгиланган имтиёзлар яратилган”, дея ёзилади нашрда.
Шу билан бирга, “London Business Matters” журнали ўз ўқувчиларини савдо-иқтисодий соҳадаги Британия — Ўзбекистон ҳамкорлиги тажрибаси билан таништирар экан, мамлакатимизда 100 фоиз Британия капитали асосидаги 110 дан зиёд, Буюк Британия капитали иштирокидаги 200 дан ортиқ компания фаолият кўрсатаётгани қайд этади. “Улар орасида “UzBAT”, “Rio Tinto”, “Worley Parsons”, “ITE” ва бошқа компаниялар бор”, дея қайд этилади мақолада.
Хусусан, “ҳар йили навбат билан Тошкентда ва Лондонда ўз йиғилишларини ўтказадиган Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон — Британия кенгаши икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликка кўмаклашишга даъват этилган асосий икки томонлама форум ҳисобланиши” алоҳида таъкидланади.
“London Business Matters” журналхонларни Ўзбекистонда муваффақиятли бизнес юритиш ва сармоявий фаолият олиб боришга оид маълумотлар билан ҳам қисқача таништирган. Нашр мамлакатимиз сармоявий қонунчилиги минтақадаги энг илғор қонунчиликлардан бири эканлигини ва у халқаро сармоя ҳуқуқининг асосий қоидаларини ўзида мужассамлаштирганини эътироф этади.
Ушбу журнал Буюк Британияда аккредитациядан ўтган энг йирик ва  нуфузли палаталардан бири — Лондон Савдо-саноат палатасининг расмий нашри ҳисобланади. Унга 1881 йили асос солинган. Шундан буён жаҳон молиявий-иқтисодий марказларидан бири бўлган Лондондаги ишбилармон доиралар тизимида халқаро савдо-сотиқ ва рақобатбардошликни оширишга кўмаклашиш мазкур нашр фаолиятининг устувор йўналиши бўлиб келмоқда.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn