Суғурта хизматининг янги турлари
  • 18 Апрель 2014

Суғурта хизматининг янги турлари

Иқтисодиётнинг ҳар бир соҳасида, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги ривожида суғурта хизматларининг ўз ўрни ва аҳамияти бор. Шу боис кейинги йилларда бундай хизмат турларига бўлган талаб тобора ортиб бормоқда.

Бунга мос равишда суғурта ташкилотлари томонидан қишлоқ хўжалиги субъектларига тезкор ҳамда сифатли хизматлар кўрсатилаётгани деҳқон ва фермерлар фаолиятини турли эҳтимоллардан ҳимоялаш баробарида, ишига ҳам барака киритаяпти. 
“Ўзагросуғурта” давлат  акциядорлик суғурта компанияси ўз мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, тузилган суғурта шартномалари бўйича олинган мажбуриятларини бажариш борасидаги фаолиятини тобора кенгайтирмоқда.  Хусусан, ҳозирги кунда компаниямиз томонидан юридик ва жисмоний шахсларга 100 дан ортиқ турдаги суғурта хизматлари таклиф этилаётган бўлса, шундан 40 таси қишлоқ хўжалиги суғуртасидир. Айни чоғда қишлоқ хўжалиги вакилларининг экинлар ҳосили, чорва моллари ва паррандалар, мол-мулклари ҳамда молиявий муносабатларини суғуртавий ҳимоялаш учун хизматларимиздан кенг фойдаланаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Ўтган йили табиий офатлар натижасида экини зарар кўрган фермер хўжаликларига 1,3 миллиард сўмлик,  имтиёзли кредит маблағларининг қайтарилмаслик хавфини суғурталаш бўйича  1,5 миллиард сўмлик суғурта товонлари тўлаб берилгани бунинг тасдиғидир. Бухоро  туманидаги “Ихти Бекзод Муҳаммад”, Катта-қўрғон туманидаги  “Ёндала АЖС”, Янгиқўрғон туманидаги  “Бекмирза Дилмурод Жўрабек”, Қонликўл туманидаги “Уббигалиев Талгат”, Зангиота туманидаги “Рустамбек Турсунбек”, Олтиариқ туманидаги “Холматжон” фермер хўжаликлари айнан шундай хизматларимиздан фойдаланган қишлоқ мулкдорлари сирасидан.
Умуман, суғурта хизматлари кўрсатилишида мижозлар учун бир қатор енгилликлар берилаяптики, бу ҳам улар билан ҳамкорликни кенгайтиришда айни муддао бўлаётир. Хусусан, жорий йилдан бошлаб фермер хўжаликларига экинлар ҳосили бўйича суғурта таваккалчиликлари сони 14 тадан 17 тага кўпайтирилди. Суғурта тарифлари ҳар бир таваккалчилик туридан келиб чиқиб, алоҳида белгилангани эса уларга танлаш имкониятини берди.
Бундан ташқари, агар фермер ўз хўжалигини барча қалтисликлардан суғурта қилдирса, тариф 10 фоизга  камайтирилди. Кетма-кет уч йил давомида суғурта қилдириб, суғурта товони олмаган тақдирда эса, кейинги йил учун  шартнома тузишда 30 фоизлик имтиёз белгиланди. 
Бугунги жадал тараққиёт даври замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланишни тақозо этмоқда. Компаниямизда айни шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилаётгани маълумотлар алмашиш, уларни сақлаш ва  қайта ишлаш, қисқача айтганда, мижозлар билан алоқаларни тобора мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаяпти. Буларнинг бари аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, фермер ва тадбиркорларнинг барқарор фаолият юритишини таъминлаш, пировардида мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса қўшишдек эзгу мақсадларга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. 

Абдурашид ВАҲОБОВ,
«Ўзагросуғурта» давлат- акциядорлик суғурта компаниясининг қишлоқ хўжалиги ва молиявий таваккалчиликларни суғурталаш бўлими менежери.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn