Изланиш ва ташаббус
  • 18 Апрель 2014

Изланиш ва ташаббус

кичик бизнес субъектлари фаолиятини ривожлантирувчи муҳим омилдир

Президентимизнинг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида таъкидланганидек, халқ хўжалигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда.
Бу мамлакат иқтисодиёти таркибида ижобий ўзгаришлар давом этаётганидан далолат беради, албатта. Хусусан,  Бухоро вилоятида ўтган йилнинг ўзида 1540 дан зиёд кичик бизнес субъектлари ташкил этилиб, уларнинг сони 8724 тага етди.
Бухоро шаҳридаги “Тола ипак текстиль” масъулияти чекланган жамияти ҳам ана шундай тадбиркорлик субъектларидан биридир. Мазкур корхонада умумий қиймати бир миллиард 150 миллион сўмлик лойиҳа муваффақиятли амалга оширилишида банк томонидан ажратилган 650 миллион сўмлик кредит қўл келди.
— Корхонамиз йилига 720 минг погон метр мато ишлаб  чиқариш имкониятига эга, — дейди жамият раиси Миршод Ҳалимов. — Бошқача айтганда, у республикамизда шу турдаги маҳсулот ишлаб чиқарувчи учта корхонанинг бири ҳисобланади. Айни пайтда ўндан зиёд турдаги матоларимиз сифати, пишиқлиги билан алоҳида ажралиб турибди. Яқинда улар сафига махсус кийимлар учун мўлжалланган полиэстр аралаштирилган мато ҳам қўшилди. Энг муҳими,  унинг 78 фоизини маҳаллий хом ашё ташкил этади. Умуман олганда, маҳсулотларимиз харидоргир. Масалан, яқинда Қарши шаҳридаги “Санам” корхонасига 92 миллион сўмлик  мато етказиб бердик. 2013 йилда эса буюртмачиларга умумий миқдорда 592 миллион сўмлик маҳсулот сотган эдик.
Корхона жамоаси эришаётган ютуқлар замирида ишга янгича ёндашув ётибди, десак, асло муболаға эмас. Бу ўринда у Бельгиянинг “Пиконоль” компанияси тўқув дастгоҳлари билан жиҳозланганини таъкидлаш жоиз.
Дарвоқе, “Тола ипак текстиль” МЧЖ тадбиркорлари мазкур компания билан яна 14 та тўқув дастгоҳи харид қилиш юзасидан шартнома тузган. Жорий йилда шу мақсад рўёбга чиқиши билан корхона фаолияти янада кенгайтирилади, қўшимча тарзда ўнта  иш ўрни яратилади.
— Бухоро енгил саноат касб-ҳунар коллежида таҳсил олганман, — дейди ишчи Дилфуза Шарипова. — Илгари “Бухоротекс” ҳиссадорлик жамиятида ишлаб, касб маҳоратимни оширгандим. Шу боис замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланган “Тола ипак текстиль” МЧЖда ишлаш менга қийинчилик туғдирмади. Бу ерда самарали меҳнат қилиш учун барча шарт-шароит етарли. Ишлаб, оиламиз фаровонлигига ҳисса қўшаётганимдан хурсандман.
Дарҳақиқат, вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Соҳада модернизациялаш ва технологик янгилаш жараёнлари изчил давом эттирилаяпти. Жорий йилда ушбу йўналишдаги дастурлар доирасида 1680 та бизнес лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Бу — яна 14 мингдан зиёд киши иш билан таъминланади, деганидир.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn