Тенг манфаатли ҳамкорлик ва истиқболли келишувлар
  • 29 Сентябрь 2016

Тенг манфаатли ҳамкорлик ва истиқболли келишувлар

“Ўзэкспомарказ” мажмуида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда технологияларининг “FoodWeеk Uzbekistan — 2016” ва “AgriTek Uzbekistan — 2016” халқаро ихтисослаштирилган кўргазмалари очилди.

Республикамизда иқтисодиётни барқарор тараққий эттириш, саноат тармоқларини диверсификация қилиш, уларнинг рақобатдошлигини таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, барча соҳа, хусусан, қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат саноати жадал суръатларда ривожланаяпти. Жорий йилнинг биринчи ярмида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 6,8 фоиз, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш суръати эса 13,9 фоиз ўсгани бунинг яққол далилидир.

Натижада ички бозор юқори сифатли истеъмол товарлари билан тўлдирилиши баробарида, муайян даражада экспортга ҳам йўналтирилаётир.

Дарҳақиқат, юртимизда кўп миқдорда боғ ва дала неъматлари етиштирилиши билан бирга, уни чуқур қайта ишлаш ҳажми ҳам муттасил равишда ортмоқда. Бунда жойларда замонавий корхоналар ташкил этилаётгани айни муддао бўлаяпти. Масалан, шу йилнинг олти ойида 69 турдаги янги қандолат, консерваланган мева-сабзавот ҳамда сут-гўшт маҳсулотлари тайёрлаш ўзлаштирилди.

Тизимда қўлга киритилаётган бундай ютуқларда анъанавий равишда ўтказиб келинаётган кўргазмалар, айниқса, муҳим аҳамиятга эга бўлаётир. Чунки уларда юртимиз ва хориж компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган юқори унумли ҳамда тежамкор ускуналар намойиш қилинаяптики, бу ишлаб чиқаришга илғор технологияларни кенг жалб этиш, мавжуд қувватларни техник ва технологик жиҳатдан модернизациялаш имконини бермоқда.

Йигирма биринчи марта ташкил қилинган мазкур халқаро кўргазмаларнинг бирлашган экспозициясида Россия, Ҳиндистон, Хитой, Италия, Германия, Озарбайжон, Япония, Чехия сингари дунёнинг 10 дан зиёд мамлакатларидан қарийб 50 та компания ўз маҳсулотлари билан қатнашаяпти.

— Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ҳамда у билан узвий боғлиқ бўлган бошқа соҳалар мунтазам тараққий топаётганидан хабардормиз, — дейди Италиянинг “Italia Components” компанияси савдо ва маркетинг менежери Валентина Бабина. — Шу боис биз кўргазмада аграр тармоқ учун барча турдаги техникалар, ускуна ҳамда жиҳозлар, улар учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган олтита заводимиз маҳсулотларини намойиш этаяпмиз. Улар юртингиз фермерларига ҳар томонлама манзур бўлаяпти. Ўйлайманки, тадбир давомида кўплаб ишбилармонлар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатамиз.

Кўргазмаларда тўртта махсус бўлим фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларда қишлоқ хўжалиги техникалари, чорвачилик, паррандачилик ва ветеринария асбоб-ускуналари, минерал ўғитлар ҳамда препаратлар, хом ашёни чуқур қайта ишлаш линиялари, мева-сабзавотни қуритиш ва қадоқлаш ускуналари, қандолатчилик учун минитехнологиялар, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари, чанқовбосди ичимликлар намойиш қилинмоқда. Айниқса, юртимиз ишбилармонлари томонидан таклиф этилаётган маҳсулотлар юқори сифати, бежирим дизайни билан барчада катта қизиқиш уйғотаяпти. Мисол учун, пойтахтимиздаги “Hassons” масъулияти чекланган жамиятида тайёрланаётган қандолатлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмаяпти.

— Бизнес фаолиятимизни бошлаган дастлабки пайтда музқаймоқ ишлаб чиқарганмиз, — дейди ушбу корхона раҳбари Қодиржон Раҳимов. — 2009 йилдан эътиборан эса қандолат маҳсулотлари тайёрлашни йўлга қўйдик. Ҳозирги кунда 25 кишилик жамоамиз томонидан ойига 100 тонна 15 хилдаги ширинликлар ишлаб чиқарилаяпти. Унинг бир қисми қўшни давлатларга экспорт қилинмоқда.

Бугунги кўргазмада иккита янги маҳсулотимизни ҳам намойиш этаяпмиз. Уларга юртимиз ишбилармонлари ҳамда хорижликлар катта қизиқиш билдиришмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Фермерлар кенгаши кўмагида “Expo Position” компанияси томонидан уюштирилган ушбу кўргазмалар уч кун фаолият кўрсатади. Бу эса мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат саноати ютуқларини кенг намойиш этиш имконини берибгина қолмай, маҳаллий ва чет эллик ишлаб чиқарувчиларнинг ўзаро тажриба алмашиши, тенг манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиши учун айни муддаодир.

 

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ

олган суратлар. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn