Тўқимачилик саноати ривожи учун қулай бизнес майдони
  • 08 Сентябрь 2016

Тўқимачилик саноати ривожи учун қулай бизнес майдони

Кеча пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуасида “Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари — CAITME — 2016” ҳамда “Тўқимачилик саноати — TextileExpo Uzbekistan — 2016” халқаро кўргазмалари очилди.

Тўқимачилик ва енгил саноат Ўзбекистон иқтисодиётининг жадал суръатларда ривожланаётган, экспорт салоҳияти тобора ортиб бораётган тармоқларидан ҳисобланади. Фақатгина 2016 йилнинг биринчи ярмида тўқимачилик, кийим-кечак ҳамда чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш жабҳасида 16,6 фоиз ўсишга эришилгани буни яққол тасдиқлаб турибди. Истиқлол йилларида соҳа истиқболига алоҳида эътибор қаратилиб, қулай инвестициявий муҳит яратилгани, пахта хом ашёсини чуқур қайта ишлаш, қўшимча қийматга эга маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйиш мақсадида замонавий корхоналар қурилаётгани қўлга киритилаётган ютуқларнинг муҳим омили бўлаётир.
Дарҳақиқат, соҳага ички ва ташқи инвестициялар жалб этилган ҳолда, янги корхоналарга асос солиниб, мавжудлари эса тубдан реконструкция қилинмоқда. Хусусан, охирги уч йилда умумий қиймати 575 миллион АҚШ долларилик, экспорт салоҳияти 216 миллион долларлик 92 та саноат корхонаси фойдаланишга топширилди.
Бу каби таркибий ўзгаришлар самараси ўлароқ, ҳозир бозорларимизда газламадан тортиб, қишки кийим-кечакларгача бор. Юртдошларимиз уларни танлаб, ўзларига маъқул бичим ҳамда моделдагисини сотиб олишади. Тайёрланаётган маҳсулотларга ортиб бораётган талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, ишлаб чиқариш ҳажми йил сайин кўпайтирилаяпти. Мисол учун, “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти тасарруфидаги корхоналар йилига 450 минг тонна калава ип, 176 миллион погон метр газлама, 90 минг тонна трикотаж мато, 260 миллион донадан зиёд тикувчилик-трикотаж маҳсулотлари тайёрлаш қувватига эга.
Кўргазмаларнинг очилишида сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, юртимизда ишлаб -чиқарилаётган енгил саноат маҳсулотларига хорижда ҳам талаб ортиб бораётир. Чунки ўзбек пахта толасидан тайёрланаётган халқ истеъмоли моллари ўзининг табиийлиги, юқори сифати билан ажралиб туради. Шу боис истиқлол йилларида экспорт ҳажми 140 баробар ўсди.
Зеро, бугунги кунда турфа хилдаги эркаклар, аёллар ҳамда болалар либослари, спорт кийимлари, шунингдек, яримтайёр маҳсулотлар “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” бренди билан дунёнинг 50 дан зиёд мамлакатларига етказиб берилмоқда.
Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган кўргазмалар эса республикамизда фаолият кўрсатаётган енгил саноат корхоналарини техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш тадбирларининг янада жадаллашувига хизмат қилаяпти. Сабаби, эндиликда юртимиз саноатчилари ўзларига зарур ускуна ҳамда жиҳозларни хориждан излашларига ҳожат йўқ. Жаҳонга машҳур компаниялар ҳар йили Тошкентга энг сўнгги маҳсулотлари ва ишланмалари билан ташриф буюраётир. Жумладан, халқаро кўргазмаларнинг бу галги бирлашган экспозициясида Австрия, Беларусь, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Ҳиндистон, Италия, Хитой, Голландия, Корея Республикаси, Россия, Руминия, АҚШ, Таиланд, Франция, Швейцария, Япония сингари дунёнинг 22 мамлакатидан 271 дан зиёд компаниялар ўз ускуна ҳамда жиҳозлари, техника ва технологияларини намойиш қилмоқда.
— Бизнинг компаниямиз тўқимачилик саноати учун замонавий машиналар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган, — дейди Италиянинг “Corina Macchine” компанияси савдо директори Силвано Риззо. — Уларнинг унумдорлиги юқори, тежамкор, энг асосийси, халқаро стандартларга тўла мос келадиган сифатли маҳсулот тайёрлаш имконини бериши боис жаҳон бозорида талаб ниҳоятда катта. Айниқса, ип йигириш ҳамда газлама тўқиш ускуналаримиз дунёнинг деярли барча мамлакатига экспорт қилинади. Хусусан, Ўзбекистон бизнинг Марказий Осиёдаги энг ишончли, доимий ҳамкоримиздир. Юртингизда кейинги йилларда енгил саноат барқарор суръатларда ривожланаётгани, қулай бизнес муҳити яратилгани иқтисодиётингизга қизиқишимизни тобора кучайтираяпти.
Аслида, компаниямиз ўзбекистонлик саноатчилар билан тенг манфаатли алоқаларни ўрнатганига 10 йилдан ошди. Мамлакатингизга ҳар гал келганимда, Тошкент ва бошқа шаҳарлардаги ўзгаришларга, иқтисодиёт соҳалари бири-бирига узвий боғланган ҳолда, изчил тараққий топиб бораётганига гувоҳ бўламан.
Кўргазма залларини айланган киши, хорижлик ишбилармон эътироф этганидек, Ўзбекистонимизда енгил саноатнинг жадал суръатларда ривожланаётгани, унинг бугунги ютуқлари ҳамда нурли истиқболини яққол тасаввур қилади. Чунки бу ерда республикамизда фаолият кўрсатаётган кўплаб замонавий корхоналар томонидан намо-йиш этилаётган турфа хилдаги маҳсулотлар, ҳатто, тўқимачилик машина ва ускуналари ўзининг юқори сифати билан бемалол рақобатга кириша олади. Шу боис улар учун ажратилган бўлмалар чет эллик мутахассислар билан гавжум. Уларга мамлакатимизда хорижлик инвесторлар учун яратиб берилган шарт-шароит, қулайликлар ҳақида атрофлича маълумотлар берилаётир.
— Бу йилги кўргазмада жамиятимиз тизимидаги 100 дан ортиқ корхоналар 150 турдаги экспортбоп маҳсулотлари билан қатнашмоқда, — дейди “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамиятининг Маркетинг бўлими бош мутахассиси Маҳбуба Султонова. — Уларнинг аксарияти Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқариш ўзлаштирилганлиги билан эътиборга моликдир. Жинси газламаси, кўйлакбоп, сочиқбоп матолар, кийим-кечакларнинг безак қисмлари, тугмачалар, тақилмалар ана шулар сирасига киради. Бозор талаби чуқур ўрганилган ҳолда, рақобатдош маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилаётгани, айниқса, янги савдо йўлакларининг очилишида ҳам муҳим омил бўлаяпти.
Зарафшон шаҳрида жойлашган “Orianna Yarns Textile” масъулияти чекланган жамияти ҳам импорт ўрнини босувчи маҳсулот тайёрлаётган субъектлардан бири ҳисобланади. Бу ерда Германия, Швейцария, Франция технологик линиялари ёрдамида акрил иплар ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилди. Ваҳолонки, авваллари мазкур турдаги иплар хориждан келтирилар эди.
— Корхонамиз ойига 100 тонна ана шундай ип тайёрлаш имкониятига эга, — дейди жамият раҳбари Баҳодир Тўлаганов. — Маҳсулотимиз сифати юқорилиги боис дастлабки партияси ҳам экспорт қилинди. Мақсадимиз акрил ипларга бўлган ички эҳтиёжни таъминлаш баробарида, унинг ташқи савдосини мунтазам ошириб боришдир. Бугунги кўргазма шунга туртки беради.
“Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари — CAITME — 2016” халқаро кўргазмасида йигирув, калавалаш, тўқув, тикув, бўяш ҳамда пардозлаш ускуналари бўлимлари фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларда Италия, Германия, Швейцария, Хитой, Чехия, Япония каби давлатларнинг дунёга машҳур 70 та компанияси маҳсулотлари жой олган. Ёрлиқ босиш ва каштачилик ускуналари, пайпоқ тўқиш автоматлари, компрессорлар, доирали тўқиш ҳамда роликли босма машиналар, шунингдек, тўқимачилик учун кимёвий маҳсулотлар ҳамда бошқа кўплаб жиҳозлар шулар жумласидандир. Кўргазма иштирокчилари булар билан нафақат яқиндан танишиш, балки шу ернинг ўзида ишлатиб кўриш имкониятига ҳам эгалар. Бу эса тадбирларнинг қизғин кечиши, томонлар ўртасида кўплаб шартномалар имзоланишида муҳим омил бўлаётир.
— Ўзбекистонда давлат томонидан саноатни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилиб, айниқса, тўқимачилик тармоғига энг замонавий ускуналарни татбиқ этишга устувор аҳамият берилмоқда, — дейди Хитойнинг “Jack” компанияси Ўрта Осиё мамлакатлари бўйича савдо менежери Лью Лью. — Биз билан ҳамкорлик қилиб келаётган тадбиркорлар фаолияти мисолида бунга кўп бора гувоҳ бўлганман. Чунки охирги икки йилда юртингизнинг 10 та ҳудудида компаниямиз дўконларини очишга эришдик. Навбатдаги кўргазмада энг сўнгги русумдаги, энергия тежамкор тикув машиналарини намойиш этаяпмиз. Улар орасида “А-4”, яъни “гапирувчи” машинамиз кўпчиликда қизиқиш уйғотаяпти. Ўзбекистонлик буюртмачилар талабига биноан, келгусида уларни ўзбек тилида ҳам “гапиртириш” ниятидамиз.
Айтиш жоизки, кўргазмалар доирасида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида турли тадбирлар, тақдимотлар ўтказилиши режалаштирилган. Буларнинг барчаси пировардида тўқимачилик ва енгил саноатни янада ривожлантириш, Ўзбекистон бозорига чет эллик корхоналарни кенгроқ жалб этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Жаҳон тўқимачилик машинасозлиги ҳамда енгил саноат вакиллари “ҳақиқий бизнес майдони” дея таъкидлаётган мазкур нуфузли тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти, Савдо-саноат палатаси, “Осиё рамзи” Ўзбекистон модельерлар ва дизайнерлар уюшмаси кўмагида “ITE Uzbekistan” халқаро кўргазмалар компанияси томонидан ташкил этилди.


Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Шомурот ШАРАПОВ
олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn