Хусусий сектор тараққиётининг кафолати
  • 08 Сентябрь 2016

Хусусий сектор тараққиётининг кафолати

Юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг илғор ғоя ҳамда ташаббус-ларини рўёбга чиқариш учун барча шарт-шароит муҳайё этилган. Бинобарин, хусусий сектор аҳоли бандлиги ва даромадлари ошишини таъминлашнинг муҳим манбаи ҳисобланади.

Шу ўринда бугун Хоразм вилоятида 10 минг 656 та кичик бизнес субъекти фаолият юритаётгани, жорий йилнинг ўтган етти ойида воҳа бўйича 858 та янги кичик бизнес субъекти ташкил этилганини таъкидлаш жоиз. Қолаверса, соҳанинг вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотидаги улуши 61,7 фоиз, аҳоли бандлигидаги улуши эса 82 фоизга етгани тармоқнинг иқтисодиётдаги ўрни қанчалик юқори эканлигини кўрсатиб турибди.
Маълумки, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашда молиявий кўмакнинг аҳамияти беқиёс. Жорий йилнинг саккиз ойида тижорат банк-
лари томонидан ушбу йўналишга 389 миллиард сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилгани тадбиркорлик равнақига катта ҳисса бўлиб қўшилди. Зеро, ишбилармонлар бундай молиявий ёрдам эвазига илғор технологияларни харид қилиб, замонавий ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқдалар.
Ана шулардан бири — Шовот тумани марказидаги қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Жой қур” масъулияти чекланган жамиятидир. Бундан етти йил олдин, уч нафар киши билан иш бошлаган мазкур корхона банкнинг 400 миллион сўм миқдоридаги кредити ҳисобига Хитой, Россия давлатларидан келтирилган илғор технологиялар билан жиҳозланиб, янги иш ўринлари яратилди. Айни пайтда бу ерда қишлоқ ёшларидан 15 нафари самарали меҳнат қилаяпти.
Корхона йилига 2,5 минг тонна қурилиш маҳсулотлари тайёрлаш қувватига эга. Жамоа  ҳар ойда ўртача 130 миллион сўмлик 20 турдан ортиқ турли бўёқлар ҳамда қуруқ аралашмалар ишлаб чиқариш ва уни ички бозорда сотишга эришмоқда. Шубҳасиз, бунда замонавий технологиялар афзаллиги қўл келаётир. Масалан, бу ерга ўрнатилган ускуналар маҳаллий хом ашё ҳисобига чиқиндисиз ишлайди, энергия тежамкор. Корхона фаолият бошлаганидан буён 800 миллион сўмликдан зиёд модернизациялаш тадбирлари олиб борилгани иш суръатининг ошишига имкон яратди.
— Маҳсулотларимизнинг бозори чаққон, чунки сифати хорижникидан асло қолиш-майди, — дейди МЧЖ раҳбари Иномжон Саидов. — Ўзимизнинг савдо марказимизга эгамиз. Бундан ташқари, 20 дан ортиқ йирик қурилиш корхоналари мижозларимиз ҳисобланади. Албатта, фаолиятимизнинг бу жиҳати ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш, ишчи-ходимларимизнинг даромадларини оширишда асосий омил бўлмоқда. Жамоамизда унумли меҳнат қилиш учун барча қулайлик яратилган. Рақамлар мисолида айтадиган бўлсак, ўтган йили 2 миллиард 200 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаришга эришдик. Шу йилнинг ўтган даврида эса
1 миллиард сўмликдан кўпроқ қурилиш материаллари тайёрланди. Келгусида бўёқнинг янги турларини ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўймоқчимиз. Натижада  қўшимча иш ўринлари яратилади, маҳсулот хили кўпаяди. Шу орқали бозорни рақобатдош қурилиш материаллари билан тўлдириш, аҳоли турмуш фаровонлигини тобора юксалтиришдек хайрли ишга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.
Дарҳақиқат, изланиш, ташаббус ва самарали меҳнат бор жойда изчил ривожланиш, барқарор ўсиш кузатилади. Бу, шунингдек, барча соҳада, айниқса, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уни янада кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар, аниқ чора-тадбирларнинг амалий ифодасида кўриниб турибди.


Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Шомурот ШАРАПОВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn