Енгил саноат: Юқори сифат ва самарадорлик
  • 15 Апрель 2014

Енгил саноат: Юқори сифат ва самарадорлик

Енгил саноат — мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бири. Мазкур соҳа ривожига қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли у кейинги йилларда сифат жиҳатидан бутунлай юқори босқичга кўтарилди.

Замонавий технологик линиялар билан жиҳозланган кўплаб корхоналар ишга туширилгани, мавжудлари эса тубдан модернизация қилингани ишлаб чиқариш ҳажмини йил сайин ошириш, экспортда тайёр ва яримтайёр маҳсулотлар улушини кўпайтириш имконини бераётир.
Республикамиз экспорт салоҳиятининг ошишида бундан уч йил муқаддам Бувайда туманининг Янгиқўрғон  қишлоғида  иш бошлаган “Los Gigantes Textiles” масъулияти чекланган жамиятининг ҳам муносиб ҳиссаси бор, албатта. Негаки, бу ерда тайёрланаётган маҳсулотларнинг катта қисми “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи билан экспорт қилинаяпти.
Дарҳақиқат, ўтган йили корхона томонидан чет эллик буюртмачиларга 1 миллион 150 минг АҚШ долларилик маҳсулот етказиб берилди. Маҳсулот сифат кўрсаткичлари юқорилиги туфайли унга бўлган талаб тобора ортиб, экспорт географияси ҳам кенгаймоқда.
Бу ерда дастлаб фақат калава ип ишлаб чиқарилган бўлса, уни чуқур қайта ишлаш борасида олиб борилган изланишлар туфайли жорий йил бошида сочиқ тўқиш ўзлаштирилди. Бу тайёр маҳсулотга ҳам хорижликлар харидор бўлишди. Натижада илк маҳсулот шартнома асосида четга жўнатилди.
Айни пайтда 100 дан зиёд киши меҳнат қилаётган корхонада яна бир янги йўналиш — мева шарбатлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани, ушбу маҳсулотлар ҳам экспорт қилинаётгани, айниқса, қувонарлидир. Пировардида корхонанинг экспорт салоҳияти янада ошди: шу йилнинг дастлабки икки ойи давомида 265 минг АҚШ долларилик тайёр маҳсулотлар экспорт қилинди.
“Los Gigantes Textiles”да бу билан чекланиб қолингани йўқ. Хом ашёни чуқур қайта ишлаш, янги йўналишларни ўзлаштириш, шунинг эвазига  қўшимча иш жойлари очиш чора-тадбирлари кўрилаяпти. Давлатимиз томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар бунда рағбатлантирувчи омил бўлмоқда.

Набижон СОБИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn