Тежамкор ва инновацион технология
  • 27 Август 2016

Тежамкор ва инновацион технология

Ангрен иссиқлик электр станциясида янги энергоблок фойдаланишга топширилди. Энг улуғ, энг азиз байрам — Мустақиллик кунини муносиб туҳфалар билан қарши олиш эзгу анъанага айланган. Истиқлолимизнинг қутлуғ 25 йиллиги шодиёналари тобора яқинлашаётган айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудида замонавий инфратузилма объектлари, кўркам тураржойлар, янги саноат корхоналари, қўшимча қувватлар ишга туширилаётир.

Юртимиз энергетика тизимида ҳам кўплаб йирик лойиҳалар байрам арафасида фойдаланишга топширилмоқда. Жумладан, Ангрен иссиқлик электр станциясида қуввати 130 — 150 МВт.га тенг бўлган янги энергоблок қурилиб, ишга туширилгани айёмга муносиб совға бўлди.
Ўзбекистонимизнинг энергетика салоҳияти юқори, ундан оқилона фойдаланиш, иқтисодиётимизнинг мазкур етакчи тармоғини ривожлантиришга эса устувор аҳамият қаратилмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки барқарор иқтисодий ўсиш суръатлари таъминланиши, меҳнат унумдорлиги ошиши, аҳоли турмуш фаровонлиги ҳамда ҳаёт даражаси юксалиши кўп жиҳатдан унинг истиқболи билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис кейинги йилларда тизимда модернизациялаш жараёни изчил давом эттирилиб, иссиқлик электр станциялари босқичма-босқич равишда буғ-газ ва газ-турбина қурилмалари билан жиҳозланаяпти. Натижада электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми тобора ортиб, унга бўлган эҳтиёж тўлиқ таъминланмоқда.
Кейинги йилларда ёқилғи-энергетика тизимида қаттиқ ёқилғи улушини оширишга қаратилган истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилинаяпти. Бунинг самараси ўлароқ, электр ҳамда иссиқлик энергияси ишлаб чиқаришда табиий газ сарфини сезиларли даражада пасайтириш, атроф-муҳитга зарарли чиқиндилар чиқаришни кескин камайтиришга эришилмоқда. Ангрен иссиқлик электр станциясида бунёд этилган янги энергоблок куллик даражаси юқори, яъни 45 фоиз ва ундан кўп бўлган кўмирни ёқишга мўлжаллангани билан ғоятда аҳамиятлидир. Натижада “Ангрен” конида кўмир қазиб олиш жараёнида ҳар йили тўпланиб қоладиган тахминан 1 миллион тонна ана шундай ёқилғидан самарали фойдаланиш имконияти юзага келди.
Мазкур йирик лойиҳа “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти томонидан Хитой Халқ Республикасининг “Harbin Electric International Company Ltd” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди. Бунинг учун жами 226 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция йўналтирилди.
— Президентимизнинг 2013 йил 5 мартдаги қарорига мувофиқ, қурилиши бошланган мазкур иншоот муддатидан тўрт ой олдин, яъни 32 ой ичида ишга туширилди, — дейди “Ангрен иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамияти бош муҳандиси Баҳром Умиров. — Қурилиш ҳудуди том маънода ҳамжиҳатлик майдони, тажриба мактабига айланди. Негаки, бу ерда мингга яқин хорижий ҳамда маҳаллий мутахассислар бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилдилар. Бу жараёнда ўзбекистонлик 21 нафар ёш мутахассис 14 ҳафта давомида Хитой Халқ Республикасининг турли ҳудудларида малака ошириб қайтгани айни муддао бўлди.
Қурама тоғ ёнбағирларида қад кўтарган янги иншоотни кўрган кўз қувонади. У ҳудуд қиёфасига алоҳида файз ва кўрк бағишлаб турибди.
— Янги энергоблокнинг яна бир афзаллиги энергия тежамкорлигидир, — дейди “Ангрен иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамияти буғ-турбина машинисти Камолхон Ҳожихонов. — Масалан, бошқа шундай қурилмаларда 1 киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш учун 431 грамм шартли ёқилғи сарфланган бўлса, янги энергоблокда бу кўрсаткич 343 граммни ташкил этади. Эътиборлиси, бундай тежамкор технология Ўзбекистонда биринчи марта қўлланилмоқда.
Ишлаб чиқариш чиқиндиси ҳисобланган кўмир кули ҳамда қурумига эса ҳозирдан қурилиш ташкилотларидан буюртмалар тушаяпти. Пировардида бу хом ашёни етказиб бериш бўйича шартномалар тузилаётир.
Энергоблокда истеъмолчиларнинг талабига кўра, электр энергияси билан бир вақтда иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш ҳам мумкин. Муҳими, у фойдаланишга топширилиши билан ҳудуд аҳолиси ва саноат корхоналари, айниқса, “Ангрен” махсус индустриал зонасидаги ишлаб чиқариш субъектларининг электр ҳамда иссиқлик энергияси таъминоти тубдан яхшиланади.
...Энергоблок бошқарув пунктини корхонанинг бош миясига қиёслаш мумкин. Бу ерда етук мутахассислар барча жараённи энг замонавий мониторлар воситасида тўғридан-тўғри кузатиб, бошқариб боришади. Мурватлар ишлаб чиқаришга таъсир кўрсатиш, зарур ҳолларда, ўзгартириш киритиш имкониятини беради.
Мустақилликнинг яна бир ноёб иншооти — Ангрен иссиқлик электр станциясининг янги энергоблоки йилига 840 миллион киловатт/соат қувват ишлаб чиқаради. Аввалгиси билан қўшиб ҳисоблаганда, мазкур кўрсаткич 1 миллиард 50 миллион киловатт/соатга етади. Шунча электр қуввати халқ хўжалигига хизмат қила бошлайди.


Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,
Ҳасан ПАЙДОЕВ (суратлар),
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn