Энергетика тизимида яна бир истиқболли лойиҳа
  • 25 Август 2016

Энергетика тизимида яна бир истиқболли лойиҳа

Талимаржон иссиқлик электр станциясида янги буғ-газ қурилмаси фойдаланишга топширилди.

Президентимизнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида жорий йилда бажарилиши лозим бўлган улкан ишлар қаторида Талимаржон иссиқлик электр станциясида ҳар бири 450 мегаватт (МВт) қувватга эга бўлган иккита буғ-газ турбинаси ишга туширилиши ҳам режалаштирилгани алоҳида таъкидланган эди.

Энг улуғ, энг азиз байрам — Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида ана шу эзгу ният амалга ошиб, нафақат Қашқадарё вилояти, балки бутун республикамиз иқтисодиёти тараққиёти учун хизмат қилувчи ушбу қурилмаларнинг дастлабкиси фойдаланишга топширилди.

Қайд этиш жоизки, юртимизда электр энергияси ишлаб чиқариш тизимини ислоҳ қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бинобарин, мустақил ҳамда ягона энергетика тизимини яратиш, энергетика тармоғи фаолиятини тубдан такомиллаштириш иқтисодий тараққиёт гаровидир. Шу мақсадда ўтган давр мобайнида электр ва иссиқлик манбаларининг қувватлари оширилиб, Янги Ангрен иссиқлик электр станциясида 300 МВт, Талимаржон иссиқлик электр станциясида 800 МВт қувватга эга бўлган энергоблоклар ишга туширилди. Навоий иссиқлик электр станциясида эса қуввати 478 МВтга тенг замонавий буғ-газ қурилмаси бунёд этилди. 

Шубҳасиз, Талимаржон ИЭСда қуввати 800 МВтли энергоблокнинг барпо қилиниши соҳада рўёбга чиқарилган  йирик лойиҳалардан биридир. Чунки мазкур иншоотнинг қурилиши билан Самарқанд — Бухоро энергетика тизимидаги тақчиллик ҳамда электр тармоқларидаги йўқотишларни камайтириш, саноат корхоналари ва миллионлаб аҳолини электр энергияси билан ишончли таъминлаш, турли йўналишларда стратегик лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда электр энергияси экспортини кўпайтириш учун имконият яратилди.  

Қолаверса, ушбу объектнинг ишга туширилиши натижасида минтақадаги энг йирик истеъмолчилар — нефть-газ саноати корхоналарига электр энергияси етказиб беришда масофа ҳам, сарф-харажат ҳам қисқартирилди. 

Ушбу гигант конденсацион иссиқлик электр станциясида бир кеча-кундузда генерация қилинаётган электр энергияси ҳажми 18,5 миллион киловатт/соатни ташкил этса, мазкур кўрсаткич бир ойда 555 миллион, бир йилда эса 6 миллиард киловатт/соатдан ошади. Бу юртимизда жами ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг тахминан 12 фоизи айнан -Талимаржон ИЭС ҳиссасига тўғри келади, деганидир.

Ўзбекистон энергетика тизимининг ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва тежамкор технологиялардан фойдаланишни кўзда тутувчи ушбу 

2 та буғ-газ қурилмаси ишга туширилиши билан бу ерда қўшимча 900 минг кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб,  станциянинг умумий ўрнатилган қуввати 1700 МВтга етказилади. Шу тариқа йилига қўшимча 7,2 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб -чиқариш имконияти вужудга келади.

Станциянинг ишлаб чиқариш техника бўлими бошлиғи ўринбосари Панжи Равшановнинг айтишича, мазкур буғ-газ қурилмасининг афзаллиги шундаки, биринчи навбатда, истеъмол учун ёқилаётган газга компрессорлар ёрдамида катта босим остида ҳаво аралаштирилиб, газ турбинасига йўналтириш эвазига  314 МВт электр энергияси ҳосил қилинади. Фойдаланиб бўлинган ёқилғининг юқори иссиқлиги ҳисобига эса буғ турбинасида яна 157,7 МВтдан зиёд қўшимча электр энергияси ишлаб чиқаришга эришилади. Япониянинг соҳадаги етакчи компаниялари томонидан тайёрланган буғ-газ турбиналари автоматик бошқарув тизими билан таъминланган. Бу эса иш унумдорлиги ҳамда сифатини оширишда қўл келади.

Эътиборлиси, фойдали иш коэффициенти 52 — 55 фоизни ташкил этувчи  ушбу қурилма бир кВт/соат электр энергия ишлаб чиқариш учун ҳозирги энергоблокка нисбатан 80 — 90 грамм кам ёқилғи сарфлайди. Шунинг ҳисобидан эса бир кунда 1,5 млн. куб метр, бир ойда 45 млн. куб метр ва йилига 540 млн. куб метр табиий газ тежаб қолинади. 

Айни пайтда давлатимиз раҳбарининг  тегишли қарорлари асосида иккинчи буғ-газ қурилмасини ишга тушириш бўйича синов-созлаш ишлари амалга оширилмоқда.

— Мустақиллик беқиёс имкониятлар берди, — дейди Қашқадарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Эсанбой Ражабов. — Айтиш мумкинки, истиқлол даврида Ўзбекистонда асрларга татигулик ишлар амалга оширилди. Талимаржон ИЭСдаги янги лойиҳа бунга яққол мисол бўла олади. Зотан, унинг ижроси туфайли нафақат мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш, балки электр қувватини экспорт қилиш ҳажми ҳам ошди. Шу маънода, мазкур ИЭСдаги янги энергоблок кўчаларимиз ҳамда уйимизга чароғонлик бағишлаб, юртимиз иқтисодиётини янада юксалтиришга хизмат қилади, албатта. 

 

Аҳад МУҲАММАДИЕВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn