Илғор технологиялар, рақобатбардош маҳсулотлар
  • 15 Апрель 2014

Илғор технологиялар, рақобатбардош маҳсулотлар

Республикамизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, саноат корхоналарининг модернизация қилиниб, техник ва технологик жиҳатдан жиҳозланаётгани натижасида кўплаб янги маҳсулот турларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилаяпти.

Маълумки, юртимизда тайёрланаётган чарм, пойабзал ва чарм-атторлик маҳсулотларининг асосий қисми “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси тасарруфидаги корхоналар ҳиссасига тўғри келади. Сўнгги йилларда иқтисодиётимизни янада ривожлантириш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар, хорижий инвесторларга яратилаётган қулай шарт-шароитлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари қўллаб-қувватланаётгани туфайли мазкур тармоқда ижобий ўзгаришлар кузатилаётгани эътиборга лойиқдир.
— Айни пайтда тизимда 60 дан зиёд корхоналар фаолият юритмоқда, — дейди уюшма раиси ўринбосари Шарифжон Шералиев. — Ички ва ташқи бозорда харидоргир маҳсулотлар тайёрлаш, қўшимча иш ўринлари яратишда уларнинг мунтазам равишда модернизация қилинаётгани айни муддао бўлаётир. Хусусан, ўтган йили корхоналаримиз томонидан
264 миллиард сўмлик саноат, 434,9 млн.кв.дм. тайёр чарм маҳсулотлари, 7 миллион жуфт пойабзал, 118,7 миллиард сўмлик халқ истеъмоли моллари ҳамда 5 миллиард 280 миллион сўмликдан ортиқ чарм-атторлик буюмлари ишлаб чиқарилгани шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир. Айниқса, Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 17 та корхонада 23 та лойиҳа рўёбга чиқарилгани, мутахассисларимиз томонидан оёқ кийимларининг янги 92 та модели яратилиб, 148 турдаги чарм-атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани бу борада муҳим омил бўлди. Хусусан, “Хўжаобод”, “Фарғона чарм полимер”, “Имоно групп”, “Қўқон пойабзали” масъулияти чекланган жамиятлари, “Ўзсаламан”, “And-chin invest”, “Peng-Sheng” қўшма корхоналари, “Аюко Текст” ва “Муҳаммад салом Омина” хусусий корхоналарида амалга оширилган янгиланишлар уларда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳажмини ошириш, сифатини янада яхшилаш имконини берди.
Дарҳақиқат, маҳаллийлаштириш ишбилармонлар учун катта имкониятлар эшигини очмоқда. Чунки бирор бир тадбиркор хориждан технологик ускуна ёки унинг эҳтиёт қисмини келтирмоқчи бўлса, белгиланган тартибда божхона ва солиқ тўловларидан маълум муддатга озод қилинади. Қарабсизки, бу билан ўзимизда мавжуд хом ашёни маҳаллий корхоналарда қайта ишлаш, шу тарзда дунё бозорида талаб юқори бўлган яримтайёр ёки тайёр маҳсулотлар чиқариш учун йўл очиқ.
— Корхонамизга ўрнатилган янги технологиялар нафақат ходимлар сони ёки иш ҳажмини оширишга, балки маҳсулот сифатини яхшилашга ҳам хизмат қилмоқда, — дейди пойтахтимиздаги “Пойабзалчи” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мақсуд Миробидов. — Масалан, ўтган йили буюртмачиларга салкам 3 миллиард сўмлик маҳсулот етказиб бердик. Асосийси, зарур хом ашё — табиий чарм ўзимизда етиштирилаётгани боис маҳсулотларимиз турдошларига нисбатан анча арзон. Шу билан бирга, корхонамизда буюртмачиларнинг дидига мос дизайн ёки шаклни яратиш имкони мавжудлиги харидорлар сафини кенгайтирмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ўтган йили уюшма тасарруфидаги корхоналар томонидан жами 112,6 миллион АҚШ долларилик маҳсулот Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Испания, Италия сингари ўнлаб давлатларга экспорт қилингани бунинг тасдиғидир. 
— Албатта, бу кўрсаткичлар чегара эмас, — дейди Шарифжон Шералиев. — Шу боис мутахассисларимиз маҳсулотлар ҳажми ва сифатини ошириш йўлида доимий изланмоқда. Бундан ташқари, Президентимизнинг 2013 йил 18 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил инвестиция дастури тўғрисида”ги қарорига биноан, рўёбга чиқарилиши режалаштирилаётган 9 та лойиҳа учун 11,01 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя ўзлаштиришни мўлжаллаб турибмиз. Бешта корхонани эса “Ангрен” ва “Жиззах” махсус иқтисодий зоналарида ташкил этиш ниятидамиз.
Хуллас, мамлакатимизда саноатни ривожлантириш, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва рақобатбардош маҳсулотлар турини кўпайтириш борасида амалга оширилаётган бундай ишлар юртимиз иқтисодиётини юксалтиришдек эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

Дилшод ЖУМАБОЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn