Энергетика мустақиллиги
  • 18 Август 2016

Энергетика мустақиллиги

иқтисодиётни жадал тараққий топтириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш гаровидир

Электр энергетикаси иқтисодиётимизнинг етакчи соҳаларидан бири ҳисобланади. Зеро, барқарор иқтисодий ўсиш суръатлари таъминланиши, меҳнат унумдорлиги ошиши, аҳоли турмуш фаровонлиги ва ҳаёт даражаси юксалиши кўп жиҳатдан мазкур тармоқ истиқболи билан узвий боғлиқдир. Ўзбекистоннинг бой энергетика салоҳияти ҳамда самарали давлат бошқаруви мавжуд сув-энергетика ресурслари ва углеводород хом ашёсидан оқилона фойдаланиш, электр энергиясига бўлган талабни тўлиқ таъминлаш имконини беради.

Аммо мустақилликка эришгунимизга қадар электр қувватлари етишмаслиги туфайли республикамизга 1500 МВт.гача электр энергиясини четдан қабул қилишга тўғри келган. Оқибатда бутун энергетика тизими қўшни давлатлар ГЭС каскадлари иш режимига боғланиб қолган эди. Истиқлол йилларида энергетика мустақиллигига эришишга мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг муҳим омили сифатида жиддий эътибор қаратила бошланди. Соҳа ходимлари олдига ишлаб чиқаришга юқори самарали ҳамда замонавий технологияларни татбиқ этиш орқали электр энергиясини ҳосил қилиш, узатиш ва тақсимлаш харажатларини камайтириш, истеъмолчиларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш бўйича кўплаб вазифалар қўйилди. Шундан келиб чиқиб, тармоқда кенг кўламли модернизациялаш, техник ҳамда технологик янгилаш, шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришга йўналтирилган истиқболли лойиҳа ва дастурлар амалга оширила бошланди. Бунинг самараси эса узоқ куттирмади. Янги объектларнинг бунёд этилиши, мавжудлари модернизация қилиниши нафақат мустаҳкам миллий энергетика тизимини шакллантириш, балки унинг равнақида юқори босқични бошлаб берди.

Дарҳақиқат, иқтисодиёт тармоқлари ҳамда аҳолининг электр энергиясига ортиб бораётган эҳтиёжи узлуксиз равишда таъминланмоқда. Бунда соҳанинг асосини ташкил этадиган иссиқлик электр станциялари босқичма-босқич равишда буғ-газ ва газ-турбина қурилмалари билан жиҳозланаётгани муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Мисол учун, Янги Ангрен иссиқлик электр станциясида умумий қуввати 600 МВт.га тенг иккита, Толлимаржон ИЭСда қуввати 800 МВт.лик энергоблок фойдаланишга топширилган бўлса, Навоий ИЭСда қуввати 478 МВт.га тенг бўлган буғ-газ ускунаси ўрнатилди. Шунингдек, Тошкент иссиқлик электр марказида қуввати 27 МВт.ли когенерацион газ-турбина қурилмаси ишга туширилди. Бу каби технологик янгиланишлар Толлимаржон ИЭСда электр энергияси узатилишидаги йўқотишларни камайтириш имконини берган бўлса, Навоий ИЭСда ёқилғи сарфини деярли 1,4 баробар қисқартириш ҳамда харажатларни кескин тежашга мустаҳкам пойдевор ҳозирлади.

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан саноатда фойдаланиш электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқаришда табиий газ сарфини сезиларли даражада пасайтириш, атроф-муҳитга зарарли чиқиндилар чиқаришни камайтиришга хизмат қилади. Шунинг учун кейинги йилларда муқобил энергия манбаларини ёқилғи-энергетика балансига жалб қилиш борасида изчил чора-тадбирлар кўрилмоқда. Самарқанд вилоятида қуввати 100 МВт.ли қуёш фотоэлектр станцияси қурилаётгани, келгусида Наманган ҳамда Сурхондарё вилоятларида ҳам шу каби қуёш станциялари барпо этилиши кўзда тутилгани бунинг яққол тасдиғидир.

Аслида, “келажак энергияси” дея таърифланадиган муқобил энергия манбаларидан аллақачон республикамизнинг тоғли ва чўл ҳудудлари, Меҳрибонлик ҳамда Саховат уйлари, таълим муассасаларида унумли фойдаланилмоқда.

Магистраль ва ҳудудий электр тармоқларини модернизация қилиш масаласи ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Чунки тақсимлаш тармоқларининг оптималлаштирилиши энергетика тизимидан фойдаланиш ишончлилигини ошириш, электр қувватининг узатиш узлуксизлигини таъминлаш, исрофгарчиликларни камайтиришда қўл келади. Шу боис янги электр тармоқлари объектлари билан бирга, электр энергиясини юкланиш марказларига узатишга қаратилган лойиҳалар ҳам ҳаётга татбиқ этилаяпти. Бунга мисол тариқасида мустақиллик йилларида қурилган, узунлиги 123,2 километрлик “Янги Ангрен ИЭС — Сирдарё ИЭС” 500 кВ кучланишли ҳаво линияси ҳамда 500 кВ кучланишли замонавий “Ўзбекистон” подстанциясини келтириш мумкин. Бунинг эвазига электр станцияларда ишлаб чиқарилган қувватларни Фарғона водийсига узатишдаги мавжуд техник чеклашлар бартараф қилиниб, электр таъминоти янада яхшиланди.

Худди шунингдек, энергетика тизимининг Шимоли-ўарбий қисмида иккита юқори кучланиш линиясидан ташқари, 220 кВли “Қорақалпоғистон” ва 110 кВли “Технологик” подстанциялари ишга туширилди. Бу эса Қўнғирот сода заводи, Устюрт газ-кимё мажмуаси, қолаверса, бошқа истеъмолчиларни электр энергияси билан барқарор таъминлаш имконини бергани ғоятда аҳамиятлидир.

Бундан ташқари, Сирдарё ИЭСдан “Сўғдиёна” подстанциясигача, ўз навбатида, “Сўғдиёна” подстанциясидан “ўузор” подстанциясигача ўта юқори кучланишли электр узатиш линиялари ҳамда 500 кВли “Сўғдиёна” подстанциясининг ишга туширилиши Самарқанд — Бухоро қисмидаги электр станцияларининг ишончли ишлашини таъминлади. Энг асосийси, ҳудуднинг қўшни энергетика тизимлари таъминотига боғлиқлигини бартараф этди.

Электр энергиясига талаб мунтазам ўсиб боришини ҳисобга олган ҳолда, жаҳон молия институтлари иштирокида мазкур тизим объектларида модернизациялаш ишлари изчил олиб борилмоқда. Яъни паст ҳамда юқори кучланишли подстанцияларнинг асосий ускуналари — трансформаторлар, ўчиргичлар, релели ҳимоя ва автоматика жиҳозларини замонавийларига алмаштириш, уларнинг номинал қувватини ошириш, электр тармоқларининг ўтказувчанлик қобилиятини кўпайтириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўрилаяпти.

Мамлакатимиз энергетика тизимига ҳисобга олиш ҳамда назорат қилиш автоматлаштирилган тизими жорий этилаётгани шу йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Ушбу илғор технологиялар истеъмол қилинган ва узатилган электр энергиясининг аниқ ўлчовини амалга оширишга, тизимда иш самарадорлигини таъминлашга, қисқача айтганда, техник-иқтисодий кўрсаткичларни яхшилашга хизмат қилаётир.

Келинг, шу ўринда 2015 — 2019 йилларда ишлаб чиқаришни модернизация ҳамда диверсификациялаш, тузилмага ўзгартиришлар киритишни таъминлаш чора-тадбирларига доир дастур ижроси ҳақида қисқача тўхталсак. Мазкур дастурга биноан, иссиқлик энергетикасида 15 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиб, пировардида электр станциялари қуввати 1,5 баробар ортади. Шу боис айни пайтда чет эл сармоялари жалб этилган ҳолда, Толлимаржон, Навоий ва Тахиатош иссиқлик электр станцияларида қуввати 250 МВт.дан 450 МВт.гача бўлган буғ-газ ускуналарини қуриш лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, Наманган вилоятида 450 МВт. қувватга эга иккита буғ-газ қурилмали янги Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясини бунёд қилиш лойиҳаси ижросига киришилди. Бу эса ҳудудда 500 кВ магистрал электр тармоқларини ривожлантиради, қолаверса, Фарғона водийси истеъмолчиларининг энергия таъминотини сезиларли даражада оширади.

Яна бир инвестициявий лойиҳа Тошкент шаҳрининг 4-сонли иссиқлик марказида рўёбга чиқарилади. Унинг доирасида мазкур объект 27 МВт. қувватга эга 4 та газ-турбина қурилмаси билан қайта жиҳозлангач, электр ҳамда иссиқлик энергияси биргаликда ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Яна бир муҳим жиҳати, табиий газдан фойдаланиш самарадорлиги икки баробар оширилади.

Кейинги йилларда ёқилғи-энергетика тизимида қаттиқ ёқилғи улушини оширишга алоҳида аҳамият берилаяпти. Бунинг самараси ўлароқ, ҳозирги пайтда Ангрен ИЭСда 130 — 150 МВт. қувватли энергоблокни қуриш ишлари якунланиб, ишга тушириш тадбирлари кўрилмоқда. Объект Мустақиллик байрамига муносиб туҳфа сифатида 1 сентябрга қадар фойдаланишга топширилади ва энергия тизимига 160 МВт. қувват берилади. У куллик даражаси юқори бўлган кўмирни ёқишга мўлжаллангани билан аҳамиятлидир.

Энергетика тизимида 2020 йилгача бўлган даврда шу каби яна кўплаб замонавий технологиялар жорий қилиниши мўлжалланган. Бу ҳақда сўз юритилганда, гидроэлектр станциялардаги ўзгаришларга алоҳида тўхталиш жоиз. Гап шундаки, келгуси беш йилда 11 ГЭС қуввати оширилиши баробарида, Андижон, Қашқадарё ҳамда Тошкент вилоятларида 5 та кичик ГЭС қурилиши мўлжалланган.

Чорак асрлик тараққиётимиз даврида мамлакатимиз энергетика мустақиллигига эришиб, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энергетика салоҳияти юксак давлатга айланди. Бу жараёнда барча электр станциясининг параллел ва синхрон ишлашини таъминлайдиган, жойлашган ҳудудидан қатъи назар, истеъмолчиларга электр энергияси етказиб бериш ва экспорт қилиш имкониятига эга Ягона энергетика тизими ҳам вужудга келди. Шубҳасиз, қўлга киритилган ушбу ютуқлар замирида Президентимизнинг ташаббуси билан соҳа тубдан янгиланиб, йирик замонавий объектлар қурилгани, мавжудлари эса -дунёнинг етакчи компанияларининг технологик қурилмалари билан қайта жиҳозлангани, ушбу йўналишдаги тадбирлар изчил давом эттирилаётгани мужассамдир.

Буларнинг барчаси пировардида иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишнинг гарови бўлиб хизмат қилмоқда.

Дадажон ИСАҚУЛОВ,

«Ўзбекэнерго»

акциядорлик жамияти 

бошқаруви раисининг

биринчи ўринбосари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn