Иқтисодий тараққиётимизнинг муҳим таянчи
  • 17 Август 2016

Иқтисодий тараққиётимизнинг муҳим таянчи

Республикамизда хусусий мулк, кичик бизнес ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш, бу йўлдаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш мақсадида узоқни кўзлаб олиб борилаётган сиёсат самарасида бугунги кунда мазкур соҳа иқтисодиётимизнинг чинакам таянчига айланмоқда.

Дарҳақиқат, юртимизда мустақилликнинг илк йиллариданоқ қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, тадбиркорлик субъектларини ишончли муҳофазалаш ҳамда уларни жадал ривожлантириш борасида олиб борилаётган комплекс чора-тадбирлар аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаётир. Айни чоғда фуқароларнинг мулкка бўлган эгалик ҳуқуқини қонуний мустаҳкамлаш давлатимиз томонидан кафолатланган бўлиб, Конс-титуциямизнинг 36-моддасида белгилаб қўйилганидек, ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли.

Асосий Қонунимиз талаб ва қоидалари барча соҳада, мамлакатимизни ислоҳ этиш ҳамда ривожлантириш йўлида мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлмоқда. Бунда тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун ҳуқуқий база ва зарур шароитларнинг мунтазам равишда такомиллаштириб борилгани, хўжалик юритувчи субъектлар ҳуқуқлари ҳимояси самарали таъминланаётгани алоҳида аҳамиятга эга бўлаяпти.

Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 22 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида депутатлар ҳамда сенаторлар билан бўлиб ўтган учрашувда сўзлаган нутқида юртимиз мустақил тараққиёт йўлига қадам қўйган дастлабки йиллар ҳақида тўхталиб, бизга эски мустабид тузумдан бир ёқлама ривожланган, пахта монополияси авж олган, асосан, хом ашё етказиб беришга мослашган заиф ва ночор иқтисодиёт мерос бўлиб қолганини таъкидлади.

Бугун эса мамлакатимиз иқтисодиёти равнақида хусусий мулкка кенг йўл очиб берилгани муҳим омил бўлмоқда. Соҳа учун қулай шароитлар, имтиёзу преференциялар яратиш, хусусий мулк ҳамда мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича қонун ҳужжатлари қабул қилингани долзарб аҳамиятга эга бўлди.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари муҳофазаси янада кучайтирилгани улар фаолиятига давлат ҳамда назорат идоралари томонидан асоссиз аралашувларни чеклади. Жумладан, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда мулкдор ҳуқуқи устуворлиги тамойили мустаҳкамланди.

Ушбу йўналишда олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар туфайли мамлакатимизда макроиқтисодий мутаносиблик ҳамда иқтисодиёт ўсишининг барқарор юқори суръатлари таъминланмоқда. Жорий йилнинг олти ойида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 

8 фоизни ташкил этди, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 8 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқариш 6,8 фоиз, чакана товар айланмаси 15 фоиздан зиёд, пуллик хизматлар ҳажми 10,8 фоиз ўсди. Эришилган бундай натижалар, аввало, иқтисодиётда ижобий таркибий силжишларга, сифат ўзгаришларига ва тенденцияларга, шунингдек, самарали пул-кредит ва солиқ-бюджет сиёсати ўтказилишига, аҳолининг тадбиркорлик билан кенг шуғулланиши ҳамда даромадлари ортишига хизмат қилмоқда.

Эътиборлиси, кейинги беш йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида микрофирмалар ҳамда кичик корхоналарнинг ишлаб чиқариш ҳажми кўпайгани, ўз навбатида, ягона солиқ тўлови тушумларининг ўсишига олиб келди. Солиқ юкининг муттасил камайтирилиши, хусусий тадбиркорлик субъектларига берилган банк кредитлари кўпайтирилиши кичик бизнеснинг жадал ривожланишига ижобий таъсир кўрсатди. Бу иқтисодиётнинг кўпгина соҳалари ва тармоқларини равнақ топтиришда муҳим ўрин тутди. Бундай фикрлар жойларда ўтказилаётган учрашувлар, мулоқотларда сайловчилар томонидан билдирилаётгани, айниқса, қувонарлидир.

Гарчи мулк бўйича дастлабки ҳуқуқий ислоҳотлар 1990 йилдаги “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”ги Қонун билан бошланган бўлса-да, 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилиниши ҳамда унда мулкдорлар ҳуқуқлари кафолатланиши тарихий воқеа бўлди. Мазкур соҳанинг ҳуқуқий асосларини шакллантириш ва тизимли равишда такомиллаштириш давлатимизнинг доимий эътиборидадир.

Бинобарин, айнан шу мақсадлардан келиб чиққан ҳолда, 2015 йил 15 майда Президентимиз томонидан “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармоннинг имзоланиши мазкур соҳадаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди.

Ушбу Фармон ижроси доирасида турли вазирлик ҳамда давлат идоралари, кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳаси вакиллари, қолаверса, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокамалар ташкил этилди. Уларнинг натижасида Олий Мажлис томонидан янги — “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъект-ларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Қонун асосида амалдаги 33 та Қонун ҳамда 10 та Кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бу янгиликлар, ўз моҳиятига кўра, мамлакатимизда хусусий мулк ҳуқуқи ҳимоясини мустаҳкамлашга, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ишончли муҳофаза этиш механизмларини янада -кучайтиришга йўналтирилган.

Умуман айтганда, истиқлол тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, имкониятларини тўла-тўкис рўёбга чиқаришга кенг шароит яратди. Эътиборлиси, мазкур масала давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Зотан, хусусий мулк ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва улар фаолиятининг дахлсизлиги кўплаб қоидалар билан мустаҳкамлаб қўйилгани “Ким эдигу ким бўлдик?!” деган ҳаётий, эзгу ғоянинг амалий ифодасини яққол тасдиқлайди.

 

Элбек ШУКУРОВ,

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn