Маҳаллийлаштириш лойиҳалари ва амалий самаралар
  • 11 Август 2016

Маҳаллийлаштириш лойиҳалари ва амалий самаралар

Юртимиз шаҳару қишлоқларида саноат тармоқларининг жадал ривожи туфайли илгари валюта ҳисобига четдан келтирилган товарларнинг аксарияти эндиликда ўзимизда тайёрланаяпти. Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳалари изчил амалга оширилаётгани нарх-навони мақбуллаштириш ва сарф-харажатларни камайтириш имконини бераётир. Қолаверса, ишбилармонларимиз ташқи бозорларга ҳам дадил кириб бормоқда. Бунда ҳудудий дастурлар муҳим ўрин тутаяпти. 

Хусусан, 2016 — 2018 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси саноат салоҳиятини оширишга доир дастурга мувофиқ, минтақада 671 истиқболли лойиҳани рўёбга чиқариш орқали 14 мингга яқин иш ўринлари яратиш режалаштирилган. Шу пайтга қадар олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида Оролбўйида ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 2 триллион 749 миллиард сўмликка етди. Мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 96 фоиз юқоридир. Бинобарин, сервис ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларида 78 миллиард сўмлик 1261  лойиҳа рўёбга чиқарилиши туфайли 4756 кишининг бандлиги таъминланди. 

Албатта, бундай муваффақиятларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Амударё туманилик тадбиркор Жалғас Боймуродов ташаббуси билан ташкил этилган кўп тармоқли “Манғит Инвест плюс” масъулияти чекланган жамияти шулардан бири. 

— Корхонамиз қандолатчиликка ихтисослаштирилган, — дейди  унинг иш юритувчиси Соатбой Абдуллаев. — Қирқ беш минг АҚШ доллари ҳисобига харид қилинган технологияларимиз илғор ҳамда тежамкор. Уларни 10 нафар ишчи-мутахассис моҳирлик билан бошқармоқда. Бир кеча-кундузда 6 миллион сўмлик ширинликлар тайёрлаб, савдо нуқталарига етказиб бераяпмиз. 

Айни пайтда “Манғит Инвест плюс”нинг 3 — 5 килограммлик ҳажмдаги  полиэтилен идишларга қадоқланаётган хуштаъм неъматлари ички бозорда тобора харидоргир бўлиб бораётир. Шундан келиб чиқиб, келгусида бу ерда маҳсулотлар турини кўпайтириш чора-тадбирлари кўрилаётир.

Эътиборли жиҳати, Нукус шаҳридаги “Данияр бий”, “Нукус-мироб”, Қонликўл туманидаги “Эъзоза-Назий”, Беруний туманидаги “Бобожонов ўафур”, Қораўзакдаги “Қораўзак МИХ”, Қўнғиротдаги “Устюрт сульфат натрий” сингари масъулияти чекланган жамиятлари фаолиятидан ҳам ана шундай ижобий мисолларни келтириш мумкин. Муҳими, уларнинг саъй-ҳаракати билан минтақа иқтисодиётида юқори ўсиш суръатларига эришилаётир. Жорий йилнинг биринчи ярмида Қорақалпоғистон Республикаси ялпи ҳудудий маҳсулотида кичик бизнеснинг улуши қарийб 50 фоизга етгани бунинг тасдиғидир.

 

Ҳидоят АҲМЕДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn