Иқтисодиётни ҳаракатлантирувчи куч
  • 11 Август 2016

Иқтисодиётни ҳаракатлантирувчи куч

Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш тармоқлари ривожида инвестициянинг аҳамияти беқиёс. Кейинги йилларда юртимизда чет эл сармояси иштирокида замонавий корхоналар фаолияти йўлга қўйилаётгани замирида ҳам ана шу мақсадлар мужассам.

Албатта, шаҳару қишлоқлар равнақини энг илғор технологиялар билан жиҳозланган саноат субъектларисиз тасаввур қилиш мушкул. Бу орқали аҳоли эҳтиёжидан ортган маҳсулотларнинг бир қисми жаҳон бозорига чиқарилаётгани эса янада қувонарлидир. 

Шу боис мамлакатимизда ўтган қисқа даврда мазкур соҳадаги қонунчилик асослари -мустаҳкамланди. Тадбиркорлик субъектларини ташкил этишни соддалаштириш ҳамда уларнинг фаолият юритишини енгиллаштириш билан боғлиқ 40 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб жойларда “ягона дарча” марказлари фаолияти йўлга қўйилиши ҳам ишбилармонларга яратилаётган қулайликлар сирасидандир.

Бунинг амалий самараси турли соҳалардаги юқори ўсиш суръатларида кўзга яққол -ташланади. Чунончи, Хоразм вилоятида жорий йилнинг ўтган олти ойида ялпи ҳудудий маҳсулотда кичик бизнеснинг улуши 61,7 фоизга етиб, тадбиркорларимиз саъй-ҳаракати билан 23 мингдан ортиқ иш ўринлари ташкил қилинди.

Бунда Урганч шаҳридаги “Megasfera” масъулияти чекланган жамиятининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. 2009 йили 310 минг АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестиция ҳисобига иш бошлаган ушбу корхона Италия ҳамда Германия технологиялари билан жиҳозланган. Жамоада ишлаётган 42 нафар ишчи-мутахассиснинг 90 фоизи касб-ҳунар коллежларини -битирган йигит-қизлардир.

Улар томонидан тайёрланаётган 70 дан ортиқ турдаги идора, ётоқхона, ошхона мебеллари республикамизнинг турли ҳудудларига етказиб берилаяпти. Ўтган йили “Megasfera”нинг 3 та савдо уйи орқали 

1 миллиард 500 миллион сўмлик маҳсулот сотилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 20 фоиз ошириш кўзда тутилган.

— Тадбиркорлик доимий изланиш, янгиликка интилиш ва ташаббускорликни талаб этади, — дейди корхона раҳбари Муроджон Ваисов. — Шундан келиб чиқиб, мебелларимиз рақобатдошлигини ошириш пайидан бўлаяпмиз. Қолаверса, модернизациялаш тадбирлари орқали ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, сифатини янада яхшилаш ҳамда таннархини арзонлаштиришни мақсад қилганмиз. Масалан, кейинги йилларда олиб борилган технологик янгиланишлар натижасида мавжуд цехларимизга 20 та замонавий дастгоҳ келтирилгач, корхонамиз қуввати 40 фоиз ошди.

Ишлаб чиқариш субъекти жамоаси кадрлар тайёрлаш масаласини ҳам эътибордан четда қолдираётгани йўқ. Жумладан, Урганч тадбиркорлик ва сервис коллежи ўқувчилари ҳар йили шу ерда амалиёт ўташади. Ишчи-хизматчиларнинг самарали ишлаши, дам олиши учун -етарлича шароит яратилгани эса меҳнат унумдорлигини янада ошириш имконини бераяпти.

 

Ойбек РАҲИМОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

Шомурот ШАРАПОВ олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn