Муқобил энергия воситасида ёритилади
  • 03 Август 2016

Муқобил энергия воситасида ёритилади

Пойтахтимиздаги Пушкин хиёбонида ёритиш чироқлари қуёш батареяларидан қувват олувчи светодиодлар билан жиҳозланди. Мазкур экологик акция Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ҳаётга татбиқ этилаётган “Ўзбекистон Республикасида экологик ташаббусларни амалга оширишга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида ўтказилди.

Шу муносабат билан ташкил қилинган тадбирда таъкидланганидек, юртимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш ҳамда уни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2013 йил 1 мартдаги “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борада кенг имкониятлар яратди. 

Айтиш жоизки, Ўзбекистонимизнинг деярли барча ҳудудида ноанъанавий энергия ресурслари, хусусан, қуёш энергиясидан фойдаланиш учун қулай шароит мавжуд. Табиат ато этган беназир бу туҳфани ўз ўрнида ишлатиш мақсадида турли қувватлардаги фотоэлектр станциялари, сув иситиш қурилмаларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилаяпти. Ўтган йили Поп туманида қуввати 130 кВт.га тенг қуёш фотоэлектр станцияси тест режимида ишга туширилган бўлса, айни пайтда Самарқанд вилоятида Марказий Осиёдаги энг йирик қуёш станциясини қуришга киришиш арафасида турилгани бунинг яққол далилидир. 

Мазкур йўналишда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тасарруфидаги “Эко-энергия” илмий-татбиқий маркази томонидан муайян тадбирлар амалга оширилаяпти. Гап шундаки, марказ жамоаси мустақиллигимизнинг 25 йиллиги нишонланадиган жорий йилда ижтимоий-иқтисодий соҳа объектлари, кўча ва хиёбонларга 400 та қуёш фотоэлектр станциясини ўрнатишни мақсад қилган. 37 та таълим муассасаси, 74 та қишлоқ врачлик пункти, 294 та ишлаб чиқариш корхонаси шулар жумласидан бўлиб, бугунги кунга қадар улар 200 га яқин қуёш батареялари билан таъминланди.  

“Эко-энергия” илмий-татбиқий маркази Тошкент шаҳридаги марказий кўчаларда қуёш энергияси асосида ёритишнинг намунавий ускуналарини жорий этишда ҳам жонбозлик кўрсатмоқда. Пушкин хиёбонида бажарилган ишлар бунинг дебочаси бўлди, дейиш мумкин.

Бу каби экологик лойиҳалар углеводород хом ашёларини тежаш, электр ҳамда иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш суръатини ошириш, аҳоли ва саноат тармоқларининг унга ортиб бораётган эҳтиёжини узлуксиз таъминлашга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади, албатта. 

С. ИБОДУЛЛАЕВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn