Илғор, замонавий, рақобатдош
  • 29 Июль 2016

Илғор, замонавий, рақобатдош

“Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси томонидан “JV Man Auto Uzbekistan” қўшма корхонасининг Самарқанддаги сервис ва дилерлик марказида брифинг ўтказилди. Мазкур тадбир “MAN” русумли юк транспортлари учун кабиналар тайёрлашни маҳаллийлаштириш ҳамда ишлаб чиқаришга янги технологияларни жорий этиш масаласига бағишланди.

Таъкидландики, автомобилсозлик мамлакатимиз саноатининг жадал суръатларда ривожланаётган тармоқларидан бири ҳисобланади. Истиқлол йилларида юртимизда кўплаб турдаги енгил ва юк автомобиллари, шунингдек, махсус транспорт воситалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани бунинг яққол далилидир. Бунда 2009 йилда Германиянинг “Man Truck&Bus Group” компанияси билан ҳамкорликда “JV Man Auto Uzbekistan” қўшма корхонасига асос солингани  муҳим омил бўлди. Натижада юк автомобиллари ишлаб чиқариш, уларга техник хизмат кўрсатиш имконияти юзага келди. 

Президентимизнинг 2015 йил 11 февралдаги қарори билан тасдиқланган 2015 — 2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга доир дастур мазкур корхона ривожига янада кенг йўл очиб берди.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, тақдим этилаётган имтиёз ҳамда преференциялар маҳаллийлаштириш даражасини оширишга хизмат қилаяпти. “MAN” оғир юк кўтарувчи транспорт воситалари учун кабина тайёрлашни маҳаллийлаштириш бўйича ҳаётга татбиқ қилинган лойиҳа бунга мисол бўла олади.  

“JV Man Auto Uzbekistan” қўшма корхонаси янги лойиҳалар ва маҳаллийлаштириш департаменти директори Ойбек Аюбовнинг айтишича,  кабина ишлаб чиқариш жараёни тизимли равишда йўлга қўйилди. Яъни Хитойдаги “Sinotruk Import&Export Co Ltd” компанияси томонидан етказиб берилган кабинанинг металл панеллари корхонада пайвандлангач, Самарқанд автомобиль заводи бўяш цехи базасида емирилишга қарши қатлам сурилиб, бўялади. Сўнгра у “JV Man Auto Uzbekistan” қўшма корхонасига келтирилиб, ички ҳамда ташқи жиҳозлари ўрнатилади. 

Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун заводга Германия, Италия ва бошқа хорижий давлатлардан замонавий технологиялар келтириб ўрнатилди. Натижада  50 дан ортиқ қўшимча иш ўринлари очилиб, уларга, асосан, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари жалб этилди. 

Заводда кабиналар жорий йилнинг сентябрь ойидан серияли ишлаб чиқарила бошланади. Пировардида йилига 3 минг дона ушбу бутловчи буюм тайёрланиб, маҳаллийлаштириш даражаси янада оширилади.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn