Маҳаллийлаштириш ва инновация — иқтисодий тараққиёт гарови
  • 28 Июль 2016

Маҳаллийлаштириш ва инновация — иқтисодий тараққиёт гарови

Ҳар қандай давлатнинг салоҳиятини ифодалашда унинг энергетика имкониятлари алоҳида ўрин тутади. Шу маънода, Ўзбекистон бу борада етарли шароит, куч-қудратга эга мамлакат, деб айтишга барча асосимиз бор. Чунки республикамиз ҳудудида аниқланган биргина кўмир захиралари 3,3 миллиард тоннага тенг бўлиб, шундан фойдаланилаётган конлар захираси “Ангрен” кўмир конида 1,8 миллиард тоннани, “Шарғун” ва “Бойсун” кўмир конларида 45,9 миллион тоннани ташкил этади.

Агар истиқболда Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Фарғона, Сурхондарё ҳамда Қашқадарё вилоятларида топилган янги кўмир конлари ҳам босқичма-босқич ўзлаштирилишини инобатга оладиган бўлсак, бу нафақат республикамиз аҳолиси ва иқтисодиёт тармоқларининг қаттиқ ёқилғига бўлган эҳтиёжини барқарор таъминлаш, балки экспорт ҳажмини муттасил ошириб бориш имконияти юқорилигидан далолат беради.
Бироқ собиқ иттифоқ даврида бу каби ер ости бойликларимиз пешма-пеш ташиб кетилар, фақат марказ манфаатлари учун хизмат қилар эди. Аҳолининг қаттиқ ёқилғи билан таъминланиш даражаси ачинарли аҳволда бўлиб, одамлар “катта”лардан юрак ютиб, сўрашга ботина олмаган. Ҳатто, болалар боғчаси, таълим муассасалари, -шифохоналар учун арзимаган миқдордаги кўмирни ажратиш пайсалга солинганига нима дейсиз?! 
Шукрки, бундай бедодликлар истиқлол туфайли барҳам топди. Ўз мулкимизга ўзимиз эга чиқиб, уни халқ манфаати, турмуш фаровонлиги йўлида тасарруф эта бошладик. Мамлакатимизда, хусусан, кўмир саноатини ривожлантириш иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланиб, пировардида ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг қаттиқ ёқилғи билан таъминланиш даражаси тубдан яхшиланди. Соҳада самарадорликка фақат маҳсулот қазиб олиш ҳажмини ошириш эвазига эмас, балки саноат корхоналарини модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш ҳамда уни мувозанатли ривожлантириш орқали эришилгани диққатга сазовордир. Бунда давлатимиз томонидан мустақиллик йилларида қабул қилинган тегишли дастурлар муҳим омил бўлди.
Эътиборлиси, бу борадаги ишлар кўлами йил сайин кенгаймоқда. Жумладан, “Ўзбек-кўмир” акциядорлик жамияти томонидан иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг кўмир маҳсулотларига тобора ўсиб бораётган эҳтиёжини тўлиқ қондиришга йўналтирилган инвестициявий лойиҳалар амалиётга татбиқ этилаяпти. Шу билан бирга, ресурс базасини кенгайтириш, кон ишларини олиб бориш хавфсизлигини таъминлаш, тармоқ корхоналари учун мутахассислар тайёрлаш масаласи доимий диққат-эътиборда турибдики, буларнинг барчаси кўмир саноати равнақида қўл келмоқда. Буни маҳсулот тайёрлаш ҳажми йил сайин ортиб бораётгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Юртимизда мустақилликнинг илк йилларида ўртача
2 миллион 513 минг тонна кўмир қазиб олинган бўлса, мазкур кўрсаткич 2001 — 2010 йилларда 2 миллион 769 минг тоннани, ҳозирги кунга келиб эса, 3 миллион 651 минг тоннани ташкил этаяпти.
Кўмир саноатини ривожлантириш дастурининг изчил ижроси, айтиш жоизки, соҳа тараққиётида қўшимча имкониятлар эшигини очаётир. Сабаби, у мавжуд кўмир захираларидан унумли фойдаланиш, республика ёқилғи-энергетика балансида қаттиқ ёқилғи улушини ҳозирги 5 фоиздан келажакда 20 — 25 фоизгача ошириш борасидаги истиқболли режаларни қамраб олган. Бошқача айтганда, 2019 йилда кўмир қазиб олишни ўртача
5 миллион 400 минг тоннага, 2030 йилда эса 14-15 миллион тоннага етказиш кўзда тутилган.
Тоғ-кон ишларининг ўзига хос хусусияти шундаки, кўмир қазиб олиш жараёни муҳити тез-тез ўзгариб туради. Бу эса тезкор маълумот алмашувини талаб этади. Шу боис 2015 йилда “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти томонидан технологик алоқа ҳамда маълумот алмашуви корпоратив тармоғи тўлиқ янгиланди. Бундан ташқари, корхоналарнинг технологик жараёнига Марказлашган диспетчерлик назорати ва ишлаб чиқаришни бошқаришнинг автоматлаштирилган ахборот тизими жорий қилиниб, тармоқларнинг ўзаро ахборот алмашувини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга эришилди. Шу тариқа машаққатли соҳа ходимларининг меҳнат муҳофазаси янада кучайтирилиб, қулай шарт-шароит яратилди.
Кўмир саноатини ривожлантириш дастурининг устувор йўналишларидан яна бири аҳоли ҳамда истеъмолчиларга маҳсулот етказиб бериш тизимини такомиллаштиришдан иборатдир. Шундан келиб чиқиб, “Ўзбеккўмир” томонидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, бугунги кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Фарғона, Наманган, Хоразм ва Бухоро вилоятларида ҳудудий-дистрибьюторлик марказлари қурилиб, улар тўлиқ жиҳозланди. Жамиятнинг ҳудудий тармоқлари ҳисобланган мазкур марказлар аҳолига тўғридан-тўғри хизмат кўрсатиб, истеъмолчиларнинг қаттиқ ёқилғига бўлган эҳтиёжини барқарор таъминлаб келаётир.
Таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда кўмир саноатида ишлаб чиқаришни модернизациялаш ҳисобига кўмир қазиб олиш ҳажмини янада кўпайтириш пайидан бўлинмоқда. Шу мақсадда “Шарғун” кўмир ҳавзасини модернизациялаш, “Апартак” кўмир конини қайта қуриш тадбирлари жадаллаштирилган. Бу ишлар якунига етказилгач, “Апартак” конида кўмир қазиб олиш ҳажми 2013 йилдагига нисбатан 1,3 баробар, “Шарғун” конида эса тахминан 45 баробар ортиши мўлжалланаяпти.
Умуман олганда, Кўмир саноатини ривожлантириш дастури доирасида ҳозирги кунгача “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти томонидан жами 182,8 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя ўзлаштирилди. Бунинг эвазига кўмир қазиб олиш, ташиш ҳамда бошқа ишлаб чиқариш жараёнларида қўлланиладиган 132 та асосий, 128 та ёрдамчи техника воситалари сотиб олиниб, моддий-техника базаси мустаҳкамланди. Ваҳолонки, илгари жамият ишчи-ходимлари меҳнат жараёнида нафақат технологик жиҳатдан эскирган, балки маънан яроқсиз бўлиб қолган техника воситаларидан фойдаланишга мажбур эди. Саноатдаги бундай мислсиз ўзгаришлар мустақиллик берган инъомлардан биридир.
Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 2 июлдаги “Республикада кўмир брикетлари -ишлаб чиқариш ва сотишни комплекс ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудида қаттиқ ёқилғининг янги тури — кўмир брикети тайёрлаш йўлга қўйилди. Бунда соҳага кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари кенг жалб қилингани айни муддао бўлди.
Гап шундаки, бугунги кунда юртимизда кўмир саноатига ихтисослаштирилган 106 та кичик корхона фаолият юритаётган бўлиб, улар йилига қарийб 770 минг тонна брикет ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу, ўз навбатида, истеъмолчиларга сифатли ёқилғи маҳсулотлари етказиб беришда қўшимча имкониятни вужудга келтираяпти. Аниқроғи, кўмир соҳасини истиқболли ривожлантириш прогнозларига кўра, 2030 йилда брикет тайёрлаш ҳажми қарийб
2,5 миллион тоннага етказилиши кўзда тутилган.
Маҳаллийлаштириш дастури  жамият қошидаги “Тоғ-кон ускуналарини таъмирлаш” корхонаси фаолиятида юксалиш даврини бошлаб берди, десак, муболаға бўлмайди. Негаки, мазкур ҳужжатга мувофиқ, тақдим этилаётган имтиёзу преференциялар туфайли бу ерда импорт ўрнини босувчи эҳтиёт қисмлар тайёрлаш муваффақиятли ўзлаштирилаётир. Айтайлик, мустақилликнинг дастлабки йилларида умумий қиймати 360 миллион сўмлик бўлган 20 — 22 турдаги зарур эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилган бўлса, ҳозирги кунга келиб, маҳаллийлаштирилган эҳтиёт қисм ва ускуналар тури 229 тадан, уларнинг қиймати 4 миллиард сўмликдан ошиб кетди. Натижада маҳаллийлаштириш даражаси 35 фоизга етказилиб, жамият корхоналарида 1,7 миллион АҚШ долларини тежаш имконияти юзага келди.
Ушбу йўналишдаги иқтисодий самарадорлик келгусида яна ортиб бораверади. Чунки тоғ-кон технологик ускуналарини таъмирлашда замонавий технологияларни жорий қилишга қаратилган кўплаб лойиҳалар амалга оширилаяпти. “Ангрен” махсус индустриал зонасида Польша ҳамда Эстония давлатлари билан ҳамкорликда ташкил этилаётган қўшма корхона шулардан биридир. Мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилиши кутилаётган ушбу янги қувват мавжуд тоғ-кон -технологик ускуналаридан самарали фойдаланиш, тизимда маҳаллийлаштириш кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади, албатта.
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, бар-қарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари”  асарида “Ангрен” кўмир ҳавзаси ноёб кон эканлиги ҳақида сўз юритилиб, бу ерда қўнғир кўмирдан ташқари, кўплаб бошқа фойдали қазилмалар мавжудлиги, бу бебаҳо бойликдан самарали фойдаланишимиз зарурлиги алоҳида қайд этилган.
Чиндан ҳам, ушбу кондан кўмир билан бирга, каолин, оҳактош, кварц, қум, тош қотишмалар ҳамда кам учрайдиган бошқа элементлар ҳам қазиб олинмоқда. Улар ҳозирги ишлаб чиқариш жабҳаларининг кўпгина турларини ривожлантириш учун кучли хом ашё базаси бўлиб хизмат қилади. Мисол учун, каолиндан саноат тармоқларида глинозём (алюминий оксиди) ва алюминий, ўтга чидамли материаллар, керамик қопламалар, пардозлаш плиткалари, чинни электр изоляторлар, дренаж ҳамда канализация қувурлари, қоғоз саноатида ишлатиладиган тўлдиргич, оқ цемент, ўта пишиқ ғишт каби маҳсулотлар тайёрлаш учун хом ашё сифатида фойдаланиш мумкин. Буни ривожланган давлатлар тажрибаси яққол кўрсатиб турибди. Яъни ана шу мамлакатларда кўмир ва иккиламчи йўлдош фойдали қазилмалардан қарийб 70 хилдаги самарадор компонентлар олиш техно-логиялари ишлаб чиқилган.
“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятида ҳам ушбу йўналишда бир нечта истиқболли -лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилинаётгани эътиборга моликдир. Яъни йиллар давомида йиғилиб қолган кўмирли қолдиқлардан қишлоқ хўжалиги учун органо-минерал ўғитлар, -каолиндан инновацион қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби саъй-ҳаракатлар бошланган.
Буларнинг барчаси мамлакатимиз иқтисодиётини, жамиятимиз ижтимоий бар-қарорлигини таъминлашда кўмир саноатининг ўрни беқиёс эканлигини кўрсатиб турибди. Соҳани замон талаблари асосида ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида устувор аҳамият қаратиб келинаётганининг боиси ҳам шунда. Зеро, энергетика мустақиллигини мустаҳкамлаш ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг изчил фаолият юритишини таъминлашга хизмат қилади.


Шуҳрат ПЎЛАТОВ,
«Ўзбеккўмир» акциядорлик жамияти бош директори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn