Ўзбекистон республикасини 2016 йилнинг биринчи ярмида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари тўғрисида
  • 27 Июль 2016

Ўзбекистон республикасини 2016 йилнинг биринчи ярмида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари тўғрисида

I. Иқтисодиётда таркибий ўзгаришлар ва мамлакатни модернизация қилишни чуқурлаштириш, макроиқтисодий мутаносибликни таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жорий йил 15 январда бўлиб ўтган Республика Ҳукумати мажлисида белгилаб берган 2016 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари изчил амалга оширилиши туфайли шу йилнинг биринчи ярмида мамлакатимизда мустаҳкам иқтисодий ўсишнинг юксак суръатларини сақлаш таъминланди. 

2015 йилнинг биринчи ярмига нисбатан ялпи ички маҳсулот ҳажми 7,8 фоиз, саноат 6,7 фоиз, қишлоқ хўжалиги 6,8 фоиз, чакана савдо айланмаси 14,1 фоиз ўсди.

Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, транспорт ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган фаол инвестиция сиёсатининг амалга оширилиши ўзлаштирилган капитал қўйилмалар ҳажмини 11,8 фоиз ва пудрат-қурилиш ишлари ҳажмини 17,5 фоиз ошириш имконини берди.

Жорий йил бошидан буён 2016 — 2020 йилларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш дастури доирасида 6500 та сервис объекти ташкил этилгани хизматлар ҳажмининг 12,9 фоиз ва ялпи ички маҳсулот таркибида хизматлар улушини 2015 йил биринчи ярмидаги 57,1 фоиздан 57,6 фоизгача ошириш имконини берди. 

Юқори иқтисодий ўсиш суръатларига ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси, давлат бюджетининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз профицити ва 2,5 фоизни ташкил қилган инфляция даражасининг пастлигини ифода этган макроиқтисодий мутаносибликни  сақлаш орқали эришилди.

Ўзбекистон Республикасини 2016 йилнинг биринчи ярмида ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичлари

(2015 йилнинг шу давридагига нисбатан фоиз ҳисобида) 

Кўрсаткичлар                           Ўсиш суръатлари

Ялпи ички маҳсулот                                107,8

Саноат                                                     106,7

Чакана савдо айланмаси                          114,1

Қурилиш ишлари                                      117,5

Ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми     111,8

Қишлоқ, ўрмончилик ва

балиқчилик хўжалиги                               106,8

Жами хизматлар                                       112,9

  

Саноатда қайта ишлаш тармоқларининг улуши ўтган йилнинг шу давридаги 77,5 фоиздан 78,6 фоизга ошди ва бу жорий йил биринчи ярмида саноатнинг қарийб 80 фоиз ўсишини таъминлади. 

 Саноатдаги сифат ўзгаришлари 2015 — 2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари дастури ҳаётга самарали татбиқ этилаётганидан далолат беради. Хусусан, хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш асосида товарлар ишлаб чиқарадиган тармоқларда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг юқори ўсиш суръатлари қайд этилди. Жумладан, кимё маҳсулотлари, резина ва пластмасса буюмлар — 129,9, тўқимачилик, кийим-кечак ва чарм маҳсулотлари — 116,6, озиқ-овқат маҳсулотлари 113,9, фармацевтика маҳсулотлари ва препаратлари — 124, қурилиш материаллари 113,9 фоизни ташкил қилди.

Бунинг самарасида юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар, чунончи, полиэтилен, полипропилен, фасон ва махсус профиллар, маиший кимё маҳсулотлари, сеялкалар, насослар, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, дори-дармон ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли даражада ошди. 

Жорий йил бошидан буён тайёр тикувчилик-трикотаж буюмларининг янги 36 тури ва 45 модели, 69 турдаги янги қандолат, консерваланган мева-сабзавот ва сут-гўшт маҳсулотлари, 60 янги номдаги доривор препаратлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Тижорат банклари томонидан  технологик ускуналар харид қилиш ва истеъмол товарлари ишлаб чиқарадиган корхоналарнинг айланма капиталини тўлдириш учун ажратилган кредит ресурслари ҳажмининг 1,3 баробар кўпайгани тайёр истеъмол товарлари турларини кенгайтириш имконини берди.

Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган корхоналарда 35 дан ортиқ турдаги янги саноат маҳсулотлари, жумладан, нефть-газ-кимё ускуналари, электропечлар, электр тўплайдиган сув иситкичлар, спорт тренажёрлари, болалар велосипеди ва самокатлари, автомобиллар спидометри ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Умуман, жорий йил бошидан буён 2015 — 2019 йиллар учун тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни -маҳаллийлаштириш дастури асосида қиймати 2,3 триллион сўмдан зиёд маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилди ва 2015 йилнинг шу давридагига нисбатан ўсиш 1,5 баробар, импорт ўрнини босиш самарадорлиги 795 миллион долларни ташкил қилди.

Фаол инвестиция сиёсатининг амалга оширилиши саноатни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилиш жараёнларини чуқурлаштириш имконини берди. Шу йилнинг биринчи ярмида Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 1,9 миллиард долларлик 43 ишлаб чиқариш объекти ишга туширилди. Жумладан, “Жиззах вилоятидаги цемент заводини кенгайтириш”, “ЖМ Ўзбекистон” акциядорлик жамиятида “Т-250” русумидаги енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш”, “Индорама Қўқон текстиль” хорижий корхонасида йигирув корхонаси ташкил этиш (IV босқич)”, Андижон вилоятининг Булоқбоши туманидаги “Фантекс” масъулияти чекланган жамиятида йигирув корхонаси ташкил қилиш”, “Мойлисой кони қурилиши”, “ГМЗ-3 да техник сувни чиқариш мосламаси ва чучуклаштириш қурилмасини қуриш”, “Жиззах пластмасса” акциядорлик жамиятида полиэтилен плёнка ва қувурлар, “Жиззах” махсус индустриал зонаси ҳудудида шиша толасидан иссиқлик изоляция буюмлари ва кенг турдаги электр қурилма ҳамда электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва бошқа лойиҳалар шулар жумласидандир. Шу билан бирга, умумий қиймати 3,4 миллиард доллардан зиёд 72 йирик янги инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. 

Бундан ташқари, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳудудий дастурлари доирасида қиймати 2,4 триллион сўмдан зиёд 8,9 минг лойиҳа, жумладан, саноат соҳасида 2 мингдан ортиқ янги қувватларни ишга тушириш, 390 корхонанинг ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш ва 133 ишлаб чиқариш объектини модернизация қилишни ўз ичига олган 2,6 минг  лойиҳа амалга оширилди.

Молия-банк тизими барқарорлигини таъминлашга доир комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши фаол инвестиция сиёсатини ҳаётга татбиқ этиш имконини берди. Бунинг самарасида банклар умумий капитали жорий йилнинг биринчи ярмида 23,3 фоиз, уларнинг активлари 25,1 фоиз, банклардаги депозитлар 27,7 фоиз кўпайди. Натижада тижорат банклари маблағлари ҳисобидан иқтисодиётга кредит ажратиш ҳажми 26,2 фоиз ўсди. Бунда банк кредитларининг қарийб 80 фоизини инвестиция мақсадлари учун узоқ муддатли кредитлар ташкил қилди. 

Шу йилнинг биринчи ярмида иқтисодиётда ўзлаштирилган капитал қўйилмалар умумий ҳажмининг 23 фоиздан зиёдини хорижий инвестиция ва кредитлар ташкил этди. Уларнинг ҳажми ўтган йил шу давридагига қараганда 17,2 фоиз ўсди ва 1,8 миллиард долларни, жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 1,2 миллиард долларни ташкил қилди. Иқтисодиётнинг стратегик тармоқларида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан ўзлаштирилган маблағлар ҳажми 6,9 фоиз кўпайди ва 240 миллион доллардан ошди.  

Ўзлаштирилган капитал қўйилмаларнинг 51 фоиздан ортиғини корхона ва аҳоли маблағлари ҳисобидан йўналтирилган инвестициялар ташкил қилди. Бу фаол инвестиция сиёсатини амалга ошириш, шунингдек, тадбиркорлик даромадлари ўсишини рағбатлантириш ва аҳоли яшаш даражаси ҳамда ша-роитларини юксалтириш чора-тадбирларини рўёбга чиқариш учун қўшимча ички захиралар жалб этилгани самарасидир. 

Саноатни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш лойиҳалари, шунингдек, 2015 — 2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари дастурининг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида шу йилнинг биринчи ярмида йирик корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархини ўртача 9,8 фоиз, электр энергияси истеъмоли ҳажмини йилига ўртача 265,6 минг кВт/соат ва ялпи ички маҳсулотда энергия ҳажмини 7,6 фоиз камайтиришга эришилди. 

 

II. Иқтисодиётнинг рақобатдошлигини тубдан ошириш, экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлашни кучайтириш, экспортда фермер хўжаликлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иштирокини ҳар томонлама рағбатлантириш

Сўнгги йилларда иқтисодиёт тармоқларини диверсификация қилиш ва уларнинг рақобатдошлигини оширишга доир чора-тадбирларнинг изчил амалга оширилиши ҳамон сақланиб турган глобал инқироз ҳолатлари ва жаҳон бозоридаги нархларнинг мамлакат экспорт салоҳиятига салбий таъсирини сезиларли равишда камайтириш имконини берди. Бунинг самарасида маҳаллий экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш билан бир қаторда, шу йилнинг биринчи ярмида товар ва хизматлар экспорти ҳажмини 2,4 фоиз ошириш таъминланди. 

Мамлакатимиз экспортчиларининг ташқи бозордаги ўрнини сақлаш, шунингдек, юртимиз экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида ўтган даврда ташқи бозорга маҳсулот етказиб бериш ҳажмини кўпайтириш, экспорт қилинадиган маҳсулотлар тури ва географиясини диверсификация қилиш, экспорт фаолиятига янги корхоналарни жалб этиш ишлари давом эттирилди. 

Жорий йил бошидан буён илгари ўз маҳсулотларини экспорт қилмаган қарийб 600 корхона экспорт фаолиятига жалб этилди, 208 турдаги янги маҳсулот экспортга етказиб берилди. Янги экспорт бозорлари сони 44 тага кўпайди. Хусусан, Бирлашган Араб Амирликлари ва Жанубий Африка Республикасига енгил автомобиллар, Буюк Британияга куч агрегатлари, двигателлар таркибий қисмлари, Латвияга ғилдирак дисклари, Жанубий Кореяга автогенераторлар, Японияга виноматериаллар, АҚШ ва Исроилга вино-ароқ маҳсулотлари, ХХР, Туркия, Жанубий Корея, Латвия, Афғонистонга полиэтилен ва полипропилен, Швеция, Руминия, Болгария, Туркия, Индонезия, Молдова, Озарбайжонга минерал ўғитлар, Нидерландияга металл молибдени ва рений, Ҳиндистон ва Эронга металл рухи, Беларусга спорт пойабзаллари, Польша ва Жанубий Кореяга чарм буюмлари ва бошқа маҳсулотлар экспорт қилинди. 

Ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан полиэтилен (18,8 баробар), молибден маҳсулотлари (2,5 баробар), супрефос (1,9 баробар), аммоний сульфати (1,3 баробар), юк автомобиллари (1,3 баробар), қора металл прокати (1,3 баробар), трикотаж полотно (2,2 баробар), пахтадан тайёрланган матолар (1,4 баробар) ва бошқа юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотларни экспортга етказиб бериш ҳажми ошди. 

Мамлакатимизда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилиши, жумладан, “Ўзагроэкспорт” ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси ташкил этилгани натижасида жорий йил биринчи ярмида 354 минг тоннадан зиёд ёки 2015 йилнинг шу давридагига нисбатан 1,3 баробар кўп ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари, жумладан, 270 минг тонна сабзавот, 130 минг тоннадан ортиқ мева ва узум, 1,3 минг тонна полиз маҳсулотлари экспортга етказиб берилди. 

 

III. Муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш 

Жорий йилнинг биринчи ярмида 2015 — 2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт -инфратузилмасини модернизация қилиш ва ривожлантириш дастурини амалга ошириш фаол давом эттирилди. 

Хусусан, Фарғона водийси вилоятларини мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари билан тўғридан-тўғри темир йўл орқали боғлайдиган, 19,2 километр узунликдаги ноёб туннелга эга 123,1 километрлик Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўли ишга туширилди.

Самарқанд — Бухоро темир йўл линиясини электрлаштириш, “Навоий — Конимех — Мискин темир йўл линиясини қуриш” ва “Қандим газни қайта ишлаш заводига олиб борадиган темир йўл қуриш” лойиҳалари доирасида темир йўл қуриш, 54 километрлик темир йўл участкаларини қайта тиклашга доир ишлар амалга оширилди. 

2013 — 2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида телекоммуникация технологиялари, тармоқлари ва алоқа инфратузилмасини ривожлантириш дастурининг амалга оширилиши самарасида жорий йил биринчи ярмида кенг полосали фойдаланиш учун 1250 километрдан зиёд оптик-толали тармоқлар барпо этилди. Аҳолини рақамли телевидение билан қамраб олиш даражаси 68 фоизга етказилди. Давлат ахборот ресурслари сони 318 тага етказилди, давлат органлари ахборот тизимлари 485 га етди, 286 турдаги интерфаол хизматлар жорий этилди. Ўтган даврда Ягона портал орқали 677 мингдан зиёд хизматлар кўрсатилди ва ўсиш ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 2,7 баробарни ташкил қилди. 

Аҳоли ҳаёт даражасини янада ошириш мақсадида шу йилнинг биринчи ярмида мамлакатимизда 6 миллион квадрат метр, жумладан, қишлоқ жойларда 4,4 миллион квадрат метр уй-жой, шунингдек, узунлиги 856,7 километр, қишлоқ жойларда эса 641,6 километр сув тармоқлари фойдаланишга топширилди. Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши дастури доирасида 5,1 мингдан зиёд уй қурилди. 

 

IV. Хусусий мулк, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жадал ривожлантириш ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодиётда давлат иштироки улушини босқичма-босқич камайтириш 

Иқтисодиётда давлат иштирокини янада камайтириш мақсадида жорий йил биринчи ярмида қиймати 267,5 миллиард сўмлик инвестиция мажбуриятларини қабул қилиш шарти билан 305 давлат активлари хусусий мулкдорларга сотилди.     

Акциядорлик жамиятларига хорижий инвесторларни жалб қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар дастури доирасида 30 акциядорлик жамиятида хорижий инвесторларга низом жамғармасининг 15 ва ундан кўп ҳажмдаги давлат улушлари сотилди. Бунинг самарасида низом жамғармасида давлат улушига эга акциядорлик жамиятлари сони 1,8 баробар, яъни 374 тадан 202 тага камайди. 

Жорий йил бошидан буён 361 акциядорлик жамиятида замонавий халқаро менежмент услублари талабларига мувофиқ Корпоратив бошқарув кодексини жорий қилиш бошланди. 

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун кичик бизнес субъектларига  8,3 триллион сўмлик кредитлар ажратилди, ўсиш 2015 йилнинг шу давридагига нисбатан 1,3 баробарни ташкил қилди. Жумладан, қиймати 1,8 триллион сўмлик микрокредитлар ажратилди. Халқаро молия институтларининг 102,4 миллион доллар миқдоридаги кредит линиялари ўзлаштирилди. Ўзбекистон Банклар ассоциацияси ҳузуридаги Инвестиция лойиҳалари бўйича лойиҳа ҳужжатларини тайёрлашни молиялаштириш жамғармаси кўмагида қиймати 25 миллиард сўмлик 31 лойиҳа молиялаштирилди. 

Жорий йил бошидан мамлакатимиз туман ва шаҳарларида тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари 16 турдаги давлат хизматлари кўрсатиш бўйича “E-ijro” идоралараро электрон ҳамкорлик тизимини жорий этиш орқали фаолият бошлади. Ўтган даврда “ягона дарча” марказлари орқали 48 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектига давлат хизматлари кўрсатилди.

Хусусий тадбиркорликнинг товар ва хом ашё бозорларидан фойдаланиши кенгайтирилиши туфайли Республика Товар-хом ашё биржасида давлат харидлари бўйича ўз товар ва хизматларини етказиб берувчи сифатида рўйхатга олинган кичик бизнес субъектлари сони 10,2 фоиз кўпайди ва 40 минг субъектни ёки давлат харидлари иштирокчилари умумий сонининг 97,7 фоизини ташкил қилди. 

Қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда янада рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар шу йилнинг биринчи ярмида 16,4 мингдан ортиқ янги кичик бизнес субъектлари, уларнинг асосий қисмини саноат ва қурилиш соҳасида (31,4 фоиз) ташкил қилиш, ялпи ички маҳсулотда кичик бизнес улушини 2015 йилнинг биринчи ярмидаги 44,7 фоиздан 46 фоизга, саноатда 35,5 фоиздан 41,9 фоизга, инвестицияларда 33,5 фоиздан 37,7 фоизга, бандликда 77,3 фоиздан 77,7 фоизга ошириш имконини берди. 

 

V. Қишлоқ хўжалигида ислоҳотлар ва таркибий ўзгаришларни янада чуқурлаштириш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш

2016 — 2020 йилларда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича дастурий чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида ўтган даврда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳосилдорлиги ҳамда унумдорлигини янада ошириш, мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш учун экин майдонларини кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини модернизация қилиш чора-тадбирлари бажарилди. Мева-сабзавот етиштириш бўйича фермерларга ўз маҳсулотини давлат эҳтиёжлари ва экспорт қилиш учун кафолатли сотишни таъминлайдиган давлат буюртмаси жорий этилди.  

Экин майдонларининг оптималлаштирилиши самарасида жорий йилда унумдорлиги ва ҳосилдорлиги паст ерлар ҳисобидан пахта далалари 30,5 минг гектарга қисқартирилди. Пахтадан бўшаган ерларга илғор агротехнологияларни жорий қилиш асосида мева-сабзавот экилди. Фермер хўжаликлари сони 17,6 мингтага кўпайди ва 101 мингтани ташкил этди. 

Қишлоқ хўжалиги ерларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва унумдорлигини ошириш мақсадида жорий йил биринчи ярмида узунлиги 501,4 километрлик коллектор, 137,2 километр ёпиқ коллектор-дренаж тармоқлари, 80 вертикал дренаж қудуғи, 432 кузатув қудуғи, 12 гидротехник иншоот барпо этилди ва реконструкция қилинди. 

2016 — 2020 йилларда мева-сабзавотларни сақлаш бўйича моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш доирасида 27,6 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш учун 57 янги совитиш камераси ташкил этилди ва 250 тонна мева-сабзавот сақланадиган 2 совитиш камераси модернизация қилинди.

Жорий йил бошидан буён тижорат банклари чорвачилик сектори салоҳиятини янада ошириш мақсадида қиймати 296 миллиард сўмдан зиёд кредитлар ажратди. Қорамол боқиш, паррандачилик, асаларичилик хўжаликларини ривожлантириш ва балиқ етиштиришни кўпайтириш бўйича 34,6 мингта лойиҳа амалга оширилди.

Бунинг самарасида жорий йил биринчи ярмида 1,5 миллион тонна картошка (2015 йилнинг шу давридагига нисбатан 109,1 фоиз), 2,9 миллион тонна сабзавот (109,5 фоиз), 176,6 минг тонна полиз маҳсулотлари (108,3 фоиз), 906,7 минг тонна мева ва резаворлар (108 фоиз) ва 26,6 минг тонна узум (109,4 фоиз) етиштирилди. Қорамоллар умумий бош сони 11,7 миллиондан ошди (105,6 фоиз), 1008,1 минг тонна гўшт (106,8 фоиз), 4205,5 минг тонна сут (107,1 фоиз), 3065,8 миллион дона тухум (109,1 фоиз) ва бошқа маҳсулотлар тайёрланди.

 

VI. Ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳоли ҳаёт даражаси ва сифатини янада ошириш

Аҳоли бандлигини таъминлаш вазифасини изчил амалга ошириш мақсадида 2016 йил биринчи ярмида Иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг амалга оширилиши самарасида 462,5 минг янги иш ўрни, жумладан, қишлоқ жойларда 276,7 минг (умумий соннинг 59,8 фоизи) ташкил этилди.

2015/2016 ўқув йилида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ва бандлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир ҳудуд бўйича тегишли манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Касб-ҳунар коллежларининг 468,9 минг битирувчиси билан тўрт томонлама  — “коллеж — корхона — битирувчи — ҳоким” шартномалар тузилиб, кейинчалик иш билан таъминлаш мақсадида амалиёт ўташи учун улар 222 мингта корхона ва ташкилотга бириктирилди. 

Таълим жараёни ва тиббиёт хизмати сифатини янада юксалтиришга доир амалга оширилаётган чора-тадбирлар доирасида жорий йил бошидан буён таълим ва тиббиёт муассасалари объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шунингдек, замонавий инвентарлар билан жиҳозлаш учун қиймати 684,6 миллиард сўмлик капитал қўйилмалар ўзлаштирилди (2015 йилнинг шу давридагига нисбатан 107,1 фоиз). Болалар спорти объектларини барпо этиш ва реконструкция қилиш учун Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг 203 миллиард сўмдан ортиқ маблағи ўзлаштирилди.

Бунинг самарасида 2016 йил бошидан буён 16,8 минг ўқувчига мўлжалланган 47 умумтаълим мактаби, 2 мусиқа ва санъат мактаби, 120 ўқувчига мўлжалланган 2 касб-ҳунар коллежи ва 100 ўринли 1 ётоқхона, 50 болалар спорти объекти, 440 ўринли ва бир сменада 225 кишини қабул қилишга мўлжалланган тиббиёт муассасалари барпо этилди. 

 

VII. “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг сифатли ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида шу йилнинг биринчи ярмида оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, мустаҳкам, соғлом ва аҳил оилани шакллантиришда жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар давом эттирилди.

Оила қураётган ёшларни тиббий кўрикдан, ҳомиладор аёлларни скрининг текширувидан ўтказиш, болаларни 12 та бошқариладиган инфекцияга қарши эмлаш ишлари кучайтирилди ва кенгайтирилди. 

147 мингдан зиёд бола имтиёзли йўлланмалар асосида болалар соғломлаштириш оромгоҳларига юборилди. Оилалар, хотин-қизлар ва болаларни соғломлаштириш ва уларнинг дам олиш шароитларини яхшилаш мақсадида мамлакатимиздаги 5 санаторий-профилакторийда қиймати 12,1 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди.

Жорий йил бошидан буён “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида жами 4,4 триллион сўм ва 111 миллион доллардан зиёд маблағ ўзлаштирилди.

Ўзбекистон Республикасини 2016 йилнинг биринчи ярмида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари жаҳон иқтисодиётида чуқур тизимли муаммолар давом этаётган шароитда дунёда тараққиётнинг “ўзбек модели” сифатида эътироф этилган, пухта ўйланган ва миллий манфаатларимизга мос келадиган стратегиянинг изчил ҳамда мақсадли амалга оширилаётгани самарасида иқтисодий юксалиш ва макроиқтисодий мутаносибликнинг барқарор юқори ўсиш суръатларини сақлаш таъминланаётганидан далолат беради.

Мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар самарадорлиги халқаро молия институтлари ва жаҳон ҳамжамияти, жумладан, шу йилнинг 23-24 июнь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентда юксак савияда ўтказилган ўн бешинчи юбилей саммитида ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари  томонидан юқори баҳоланди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг шу йил 15 январда Вазирлар Маҳкамаси мажлисида белгилаб берган ва иқтисодиётда чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, хусусий мулкни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва мамлакатимиз аҳолисининг тадбиркорлик даромадлари узлуксиз ўсишини таъминлашга қаратилган 2016 йилги иқтисодий дастурнинг муҳим устувор йўналишларини изчил амалга ошириш учун ички захираларни жалб этиш ва қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқиш келгуси йилларда иқтисодиётимиз барқарорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим вазифалар ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси

 Давлат статистика қўмитаси

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn