Тараққиётнинг миллий модели самаралари
  • 26 Июль 2016

Тараққиётнинг миллий модели самаралари

Шу кунларда халқимиз мустақиллик байрами шукуҳи билан яшамоқда, юртимизнинг ҳар бир гўшасида ободонлаштириш, бунёдкорлик тадбирлари қизғин тус олган, одамларимиз буюк келажакка комил ишонч билан интилаяпти. Бунга жойларда электоратимиз билан ўтказилаётган учрашувларда яна бир карра гувоҳ бўлаяпмиз.

Сайловчиларимиз турмушларидаги ижобий ўзгаришлар ҳақида, айниқса, ҳаёт сифати тубдан яхшиланаётгани, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги мавқеи янада мус-таҳкамланиб бораётганини ғурур ва ифтихор билан сўзлаб беришмоқда.  

Дарҳақиқат, ўтган асрнинг 80-йилларида юртимиз барча асосий иқтисодий ҳамда ижтимоий кўрсаткичлар бўйича собиқ иттифоқ республикалари орасида охирги ўринларда турар, аҳоли жон бошига миллий даромад эса иттифоқдаги ўртача кўрсаткичдан анча паст эди. Қишлоқ хўжалигида пахта яккаҳокимлиги ҳукмронлиги оқибатида озиқ-овқат масаласида ўзгаларга қарам эдик. Кундалик эҳтиёж учун зарур истеъмол молларининг учдан икки қисми, ҳатто оддий туз ва гугурт ҳам четдан олиб келинарди. Бинобарин, давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 22 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар ҳамда сенаторлар билан бўлиб ўтган учрашувда таъкидлаганидек, собиқ тузум даврида Ўзбекистон яриммустамлака даражасидаги республика эди.

Энг ёмони, ўша пайтда мамлакатимизнинг ўзида биронта ҳам мустақил бошқарув, режалаштириш идораси йўқ эди. Биз ҳатто солиқни қандай йиғиш, давлат хазинасини қандай тўлдириш, одамларни қандай боқиш кераклигини ҳам билмас эдик. 

Бугун эса бутунлай ўзгача вазият. Истиқлол шарофати билан тараққиётнинг миллий модели асосида амалга оширилаётган бозор иқтисодиётини босқичма-босқич ривожлантириш, диверсификациялаш, жаҳон майдонида миллий иқтисодиётимиз рақобатдошлигини юксалтиришга қаратилган ислоҳотлар юксак самара бермоқда. Айниқса, саноат соҳасини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар, жумладан, йирик лойиҳалар амалиётга татбиқ этилиши натижасида 1990 — 2015 йилларда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 4 мартадан кўпроққа, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши эса 17,6 фоиздан 33,5 фоизга ўсди. Ваҳолонки, Ўзбекистонда мустақиллик остонасида иқтисодиётнинг мазкур соҳаси ниҳоятда заифлашиб қолганди. Саноат маҳсулотлари таркибида тайёр товарлар улуши жуда кам, юқори технологияларга асосланган тармоқлар ҳақида эса гап бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Технологик ускуна ва жиҳозлар, турли хом ашёлар, ҳатто, озиқ-овқат маҳсулотлари четдан олиб келинарди. 

Истиқлол йилларида мамлакатнинг экспорт географияси кенгайди, экспортдаги пахта “яккаҳокимлиги”га барҳам берилди. Саноат тармоқларини диверсификация қилишга қаратилган фаол инвестиция сиёсатини амалга ошириш натижасида юртимизда автомобилсозлик каби янги юқори технологик тармоқлар вужудга келди, нефть-газ-кимё, электротехника, нефть-газ машинасозлиги, темир йўл машинасозлиги, замонавий қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, тўқимачилик, қурилиш материаллари ҳамда фармацевтика саноати жадал ривожланди. Айни дамда бозорни кенгайтириш, янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг ўсиши, соҳа корхоналарининг халқаро кўргазмаларда фаол иштирок этган ҳолда, дунё бозорига интеграциялашуви туфайли саноат соҳасининг экспорт салоҳияти тобора юксалиб бормоқда.

Ўзбекистон бугун кийим-кечакдан тортиб, озиқ-овқат маҳсулотларигача, қурилиш ашёларию автомобилдан мураккаб технологик маҳсулотларгача — деярли барча турдаги товарларни жаҳон бозорига чиқармоқда. Миллий маҳсулотларимиз юқори сифати ва рақобатдошлиги билан бошқа ривожланган давлатларда тайёрланган товарлардан қолишмаяпти. 

Мамлакатимизда иқтисодиётни модернизациялаш, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, чет эл инвестицияларини тўғридан-тўғри жалб қилиш, бунинг учун махсус индустриал-иқтисодий зоналарни ривожлантириш бугун жуда муҳим вазифаларга айланди.  “Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Қонун асосида республикамизда ташкил этилган “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий, “Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зоналари бу борада улкан ютуқларга эришиш ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган саноат корхоналари ташкил қилиш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароит ва кенг имкониятлар яратишга катта ҳисса қўшмоқда. Унинг қатнашчилари бир неча турдаги солиқ ҳамда божхона тўловларидан озод этилгани эса нафақат халқаро экспертлар томонидан юксак баҳоланмоқда, балки дунёдаги энг нуфузли ишлаб чиқарувчиларни ҳам ўзига жалб қилаяпти. 

Тарихан жуда қисқа давр ичида мамлакатимиз эришаётган ютуқ ва марралар дунё ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда. Хусусан, Жаҳон иқтисодий форуми рейтингига кўра, Ўзбекистон 2014 — 2015 йиллардаги ривожланиш якунлари ҳамда 2016 — 2017 йилларда иқтисодий ўсиш прогнозлари бўйича дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакат қаторидан жой эгаллади.

Бундай ютуқларга эришишнинг ўзи бўлгани йўқ, албатта. Уларга саноатни изчил ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш ҳамда экспорт салоҳиятини юксалтириш борасида кўзланган мақсадлар оғишмай, босқичма-босқич амалга оширилиши эвазига қўлга киритилди.

Юртимиз ялпи ички маҳсулоти барқарор ўсишини таъминлашнинг асосий йўналиши ички ривожланиш манбаларига таяниш ҳамда иқтисодиётнинг реал секторига чет эл инвестицияларини жалб этиш, мамлакатимиз ҳудудларида юқори технологик ва самарали маҳаллий бизнесни тараққий топтириш учун кенг имкониятлар яратиш, ер ости бойликлари ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида амалий ишларнинг ҳуқуқий базасини янада мустаҳкамлаш бугунги кунда ҳаётий заруратдир. Бу биз, депутатлар зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклайди. Бу борада қабул қилинган қонунларнинг ижросини ўрганиш ва шу асосда уларни такомиллаштириш масалалари Қонунчилик палатасининг доимий диққат-эътиборидаги масалалардан бири бўлиб, бунга айём арафасида жойларда сайловчилар билан бўлиб ўтаётган учрашувларда янада кенгроқ тўхталганимиз айни муддао бўлди.    

Азамат ПАРДАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn