Табиийликда асл, тиниқликда тенгсиз, замонавийликда илғор
  • 26 Июль 2016

Табиийликда асл, тиниқликда тенгсиз, замонавийликда илғор

Ўзбекистоннинг енгил саноат тизими корхоналари маҳсулотларига ана шундай таъриф берилмоқда.

Бугунги кунда дунёнинг етакчи давлатлари енгил саноатни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилиб, иқтисодиётнинг мазкур соҳасига катта миқдорда инвестициялар йўналтирмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки ҳозирги даврда иқтисодий ва стратегик хавфсизликни таъминлаш, меҳнатга лаёқатли аҳоли бандлик -даражасини ошириш, уларнинг турмуш шароитини юксалтиришда енгил саноатнинг алоҳида ўрни бор.

Мамлакатимизда ҳам истиқлол йилларида мазкур тармоқ тараққиётига устувор аҳамият қаратилаётгани туфайли у иқтисодиётнинг замонавий технологияларни ўзида мужассам қилган илғор жабҳаларидан бирига айланди. Соҳа корхоналари эса энг жозибали бизнес субъектлари сифатида хорижлик инвесторлар назарига тушди.

Ваҳолонки, республикамизда ўтган асрнинг 90-йиллари бошида пахтани чуқур қайта ишлаш, халқаро стандартларга жавоб берадиган тўқимачилик маҳсулотларини тайёрлаш учун зарур техника ҳамда асбоб-ускуналар бўлмаган. Ушбу мураккаб ҳолатдан чиқишнинг йўли битта эди. У ҳам бўлса, ҳамкорликни йўлга қўйиш истагидаги чет эллик инвесторларни кенгроқ жалб этиб, жаҳон тажрибаси асосида юқори технологияларга асосланган ишлаб чиқариш қувватларини ташкил қилиш.

Шу мақсадда юртимизда, аввало, мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди. Хусусан, “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги, “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонунлар, шунингдек, давлатимиз раҳбари ҳамда ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган қарорлар ва бошқа қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳаётга татбиқ этилди. Бу каби тизимли саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, енгил саноатга йўналтирилаётган -инвестициялар ҳажми кўпайиб, таъбир жоиз бўлса, унинг тараққиётида сифат жиҳатидан янги босқич бошланди.

Албатта, бундай ижобий кўрсаткичга эришишда қабул қилинган манзилли дастурлар, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ҳамда техник ва технологик янгилаш бўйича лойиҳаларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, макроиқтисодий барқарорлик, жаҳондаги энг сифатли хом ашё, яъни пахта толасининг мавжудлиги, илғор ишлаб чиқариш субъектлари ҳамда юқори малакали ишчи кучи билан сифатли таъминлаш шароити вужудга келтирилгани муҳим роль ўйнади.

Келинг, шу ўринда саноатнинг ривожланиш тенденцияларига бир эътибор қаратайлик. Айтайлик, истиқлолнинг дастлабки пайтидан 1994 йилгача мазкур тизим корхоналарига жалб этилган хориж сармоялари, бор-йўғи, 5,2 миллион АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, 2001 йилда ушбу кўрсаткич 649,6 миллион долларга, 2010 йили 1,8 миллиард долларга, 2015 йилда эса 2,4 миллиард долларга етказилди. Фақат жорий йил якунига қадар яна 117 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ўзлаштирилиши режалаштирилган. Умуман, истиқлол йилларида 2,5 миллиард доллар хориж сармояси эвазига 290 дан зиёд йирик инвестициявий лойиҳалар амалга оширилди.

Бундай жадал ўсиш суръатлари ҳар йили 30 дан ортиқ янги корхоналарни ишга тушириш, мавжуд қувватларни техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилиш, янги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ўзлаштириш имконини бераётир. Хусусан, сўнгги йилларда жаҳон мода индустрияси талабларига тўла мос, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деган ёрлиқ остидаги кийим-кечаклар, ипак матолари ҳамда товарлари, жаккардо, рингель полотнолар, бамбук ва меланж (олачипор) калава иплари, кенг ассортиментдаги тайёр тикув ҳамда трикотаж маҳсулотлари тайёрланаяпти.

Айтиш жоизки, республикамизда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар туфайли жуда қисқа давр ичида пардозлаш, трикотаж ва тикувчилик қувватларини ўз ичига олган йирик замонавий тўқимачилик мажмуалари пайдо бўлди. Тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг замонавий талабларига мос равишда газламаларни бўяш, унга сўнгги ишлов ҳамда пардоз бериш тармоқлари ишлаб турибди.

Бундан ташқари, енгил саноат корхоналари нафақат тўқимачилик машинасозлигида дунёда етакчи ҳисобланган, балки дастурий таъминот ва робототехника бўйича инновацион ишланмалари билан танилган “Ритер”, “Тручлер”, “Заурер”, “Марцоли”, “Пиканоль”, “Тойота”, “Карл Майер”, “Дорньер”, “Террот”, “Оризио”, “Руми”, “Лонати”, “Фонкс”, “Жуки”, “Бразер” каби брендлар билан самарали кооперация алоқаларини йўлга қўйган.

Соҳадаги лойиҳалар нуфузли хориж компаниялари ҳамда йирик молия тузилмалари билан ҳамкорликда муваффақиятли рўёбга чиқарилди. Жумладан, жабҳага киритилган хориж инвестицияларининг 80 фоизи Жанубий Корея, Швейцария, Сингапур, Буюк -Британия, Германия, Ҳиндистон каби мамлакатимизнинг энг муҳим шериклари ҳиссасига тўғри келгани диққатга сазовор. Агар ўтган асрнинг 90-йилларида Корея Республикасининг биргина “ДЭУ Интернейшнл” корхонаси билан ҳамкорлик қилинган бўлса, бугунги кунга келиб, унинг сафига ушбу давлатнинг “Янгуан Корпорэйшн”, “Текстиль Техноложис Груп”, Сингапурнинг “Индорама Корпорэйшн” ва “Веригров”, Швейцариянинг “Ритер” ҳамда “Свисс Кэпитал”, Япониянинг “Тойота Цусё Корпорэйшн” сингари кўплаб компаниялари қўшилди. Натижада юртимиздаги енгил саноат қувватларига дунё бозорида сифатли ва рақобатдош ҳисобланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини берадиган энг илғор, юқори самарали технологиялар жорий қилинди.

Чунончи, Президентимиз ташаббуси билан Қўқон тўқимачилик комбинати негизида “Индорама Коканд текстиль” қўшма корхонаси очилди. Бунинг учун Сингапурнинг “Индорама Корпорэйшн” компанияси томонидан 165 миллион АҚШ долларилик инвестиция ажратилди. Ушбу йирик лойиҳа доирасида мингдан ортиқ иш ўринлари яратилгани ҳам эътиборга молик жиҳатдир.

Айни пайтда Хоразм вилоятида Швейцариянинг “Свисс Кэпитал” компанияси билан ҳамкорликда пайпоқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича мамлакатимиздаги энг йирик ҳамда технологик жиҳатдан Марказий Осиёда ягона бўлган корхонани барпо этиш лойиҳаси якунланмоқда. Бундан ташқари, Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида, -Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида Сингапурнинг “Хайтекс Сингапур” ва Голландиянинг “ЛТ Текстиль Кооператив” компаниялари капитали иштирокида йирик объектлар қурилиши охирига етиб қолди. Уларда аралаш ип ҳамда мато сингари тўқимачилик саноатимизда янгилик бўлган маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилади.

Шу ўринда тўқимачилик машинасозлиги ва илмий тадқиқот йўналишларида бажарилаётган инновацион лойиҳаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Хусусан, Тошкент шаҳрида замонавий тўқимачилик машиналари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Rieter Uzbekistan” хориж корхонаси фаолияти йўлга қўйилди. Табиийки, бунда “Ўзбекенгилсаноат” АЖ ҳамда Швейцариянинг жаҳонга машҳур “Maschinenfabrik Rieter” компанияси ўртасида 2011 йилда имзоланган келишув муҳим асос бўлди. Бугунги кунда бу ерда тайёрланган импорт ўрнини босувчи машина ва дастгоҳлардан Андижон, Фарғона, Бухоро, Самарқанд, Хоразм ҳамда бошқа вилоятлардаги корхоналарда самарали фойдаланиб келинаяпти. “Жиззах” махсус индустриал зонасида эса тикув машиналари, фурнитуралари (ёрдамчи материаллари) ва аксессуарлари (деталлари) ишлаб чиқариш ўзлаштирилгани эса Ўзбекистон тўқимачилик машинасозлигида ҳам юксак салоҳиятли давлатлардан бирига айланганлигини кўрсатади.

Ҳозирги кунда “Rieter Uzbekistan” хориж корхонаси қошида замонавий тренинг марказини ташкил қилиш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. У ерда доимий асосда илғор моделлар ҳамда конструкторлик ишланмалари, йигирув саноати жараёнлари бўйича чуқурлаштирилган билим берилади. Ўзбекистонлик мутахассисларнинг хом ашёни бекаму кўст қайта ишлашга эришиш учун тўқимачилик ускуналарининг технологик ва -механик созлаш бўйича кўникмалари бойитилади. Бу йигирув фабрикалари муҳандислик-техник жамоаси малакасини юксалтиришга хизмат қилади, албатта.

Қолаверса, жорий йил июнь ойида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти қошида замонавий Ўқув-тадқиқот тўқимачилик технопаркига тамал тоши қўйиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши тўқимачилик саноатида ахборот-коммуникация технологияларини, қайта тикланувчи энергия манбалари, технологик “ноу-хау”ларни қўллаш каби инновацион ечимларни ривожлантиришга қаратилган тажриба ҳамда илғор технологиялар алмашиш ҳажмини кўпайтириш, материалшунослик, бўяш-пардозлаш, янги матолар ва либослар дизайнини яратиш соҳаларида тадқиқот ишларини олиб бориш, енгил ҳамда тўқимачилик саноати учун мутахассислар тайёрлаш, инсон ресурсларини равнақ топтириш, халқаро анжуманлар ўтказиш, энг муҳими, тўқимачилик саноатига Жанубий Корея инвестицияларини янада кўпроқ жалб этиш имконини беради.

Президентимизнинг 2015 йил 4 мартдаги Фармонига биноан тасдиқланган 2015 — 2019 йилларда ишлаб чиқаришларни ислоҳ этиш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлашга доир дастурга мувофиқ, ушбу даврда 900 миллион долларлик тўғридан-тўғри хориж инвестицияларини йўналтириш ҳисобига 77 та йирик лойиҳани амалга ошириш, бўялган ип ишлаб чиқариш қувватларини 3 баробар, трикотаж матоларини 1,5 баробар, тайёр газламани 2 баробар, тикув-трикотаж маҳсулотларини 3 баробар, пайпоқ маҳсулотларини 2 баробар кўпайтириш, саноат моллари таркибида тайёр маҳсулотлар улушини 70 фоизга чиқариш, 40 мингдан ортиқ иш ўринлари яратиш, республикамизда ички ҳамда ташқи бозорда талаб катта бўлган тикувчилик ва тўқимачилик маҳсулотларини босқичма-босқич ўзлаштириш асосида либослар коллекциясини яратиш учун мода индустрияси тараққий этган давлатлардан дизайнерларни жалб қилиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида умумий қиймати 90 миллион долларлик ҳамда 1,6 мингдан ортиқ иш ўрнига эга бўлган яна 11 янги корхона фойдаланишга топширилади. Шубҳасиз, ушбу қувватлар пахта толасини қайта ишлаш ҳажмини бундан-да ошириш, енгил саноат корхоналарини юқори технологияли замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, жаҳон стандартларига тўла жавоб берадиган тайёр маҳсулотларни тайёрлаш ҳажмини кўпайтиришга хизмат қилади.

Шоҳруҳ РАҲИМОВ,

«Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти 

инвестицияларни жалб қилиш ва инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бошқармаси бошлиғи.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn