Электротехника саноатини ривожлантириш истиқболлари
  • 25 Июль 2016

Электротехника саноатини ривожлантириш истиқболлари

Мустақил тараққиётимизнинг ўтган йигирма беш йили мобайнида барча соҳада изчил амалга оширилган ислоҳотлар бугун ҳаётимиздаги беқиёс ўзгаришларда, кенг кўламли янгиланишларда, бунёдкорлик ишларида яққол намоён бўлмоқда.

Ўзбекистон аграр ўлкадан саноати жадал ривожланаётган мамлакатга айлангани, сўнгги йилларда республикамиз иқтисодий ўсиш суръатлари 8 фоиздан кам бўлмай келаётгани фикримиз далилидир.

Айниқса, саноат тармоқларини диверсификациялашга қаратилган изчил саъй-ҳаракатлар мамлакатимизда электротехника соҳасининг дунё иқтисодиётида шиддат билан тараққий этаётган йўналишларининг амалиётга муваффақиятли жорий қилинишини таъминлади. Натижада замонавий маиший техника, жумладан, телевизорлар, кир ювиш машиналари, электр печ ва плиталар, светодиод лампалар ҳамда турли ёритқичлар, шунингдек, кондиционер, совиткич, газ ва электр плиталарнинг янги моделлари сингари йигирмадан зиёд қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ўнлаб янги корхоналар ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистонда электротехника саноатининг ривожланиши ҳолати ҳамда истиқболларига бағишланган тадбирда ана шулар хусусида атрофлича сўз юритилди. 

Парламент қуйи палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, “Ўзэлтехсаноат” АК таркибига кирувчи корхоналар раҳбарлари ҳамда журналистлар иштирок этган мазкур тадбирда юртимизда истиқлол йилларида элек-тротехника саноатининг вужудга келиши ва шаклланиши босқичлари ҳамда электротехника саноатини тараққий эттиришнинг муҳим жиҳатлари қизғин муҳокама қилинди. 

Қайд этилганидек, электротехника саноати республикада жадал ривожланаётган тармоқлардан бири ҳисобланади. 2005 йилда соҳада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 80 миллиард сўмни, 2015 йилда 1 триллион 300 миллиард сўмни ташкил этди. 

Бугунги кунда “Ўзэлтехсаноат” АК тизимида 50 га яқин корхоналар турли йўналишларда, яъни кабель, электротехника, маиший техника маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича фаолият юритмоқда. Компания таркибидаги 27 та корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган рақобатдош маҳсулотлар Марказий Осиё, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳамда бошқа мамлакатларга экспорт қилинаётгани эътиборга молик.

Тадбирда 2005 — 2015 йилларда ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш натижасида маҳсулот тайёрлаш сезиларли ўсгани таъкидланди. Хусусан, маиший техника маҳсулотларининг улуши 2005 йилда 3,7 фоизни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2015 йилга келиб 29 фоизга етган. 

Иштирокчилар электротехника саноатини тараққий топтиришнинг истиқболларига алоҳида эътибор қаратишди. Таъкидланганидек, ҳозирги пайтда тармоқни ривожлантириш дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра, 2030 йилгача соҳада 22 турдаги янги маҳсулотни ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва барча корхонани модернизациялаш ҳисобига маҳсулот тайёрлаш ҳажми 5,1 баробар ортиши кутилмоқда. Шунингдек, компания томонидан 2016 — 2019 йиллар давомида ҳудудларни иқтисодий ривожлантириш ҳамда қишлоққа саноатни олиб киришни жадаллаштиришга қаратилган 95 та инвести-циявий лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. 

Муҳокамалар давомида тармоқда таркибий ўзгаришларни янада чуқурлаштириш, саноат ишлаб чиқаришини модернизациялаш ва диверсификациялаш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмлари ҳамда турларини кенгайтириш, янги ташқи бозорларни аниқлаш, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп замонавий электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларни изчил давом эттириш лозимлиги, бу борада ҳали фойдаланилмаётган захиралар ҳамда имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. Айни чоғда электротехника саноатини ташкил қилишга доир қонунчилик базаси ва тармоқ учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, соҳага замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этишни жадаллаштиришга доир фикр-мулоҳазалар билдирилди. 

Тадбир доирасида “Ўзэлтехсаноат” АК тизимида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг тақдимотлари ўтказилиб, қатнашчилар маиший техника маҳсулотлари ишлаб чиқараётган корхоналар фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Якунда электротехника саноатини янада ривожлантиришга оид таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Зиёда АШУРОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn