Ташқи таъсирларга чидамли
  • 22 Июль 2016

Ташқи таъсирларга чидамли

Учқўрғон туманининг Янгиобод қишлоғида лок-бўёқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Осиё селена” масъулияти чекланган жамияти фаолият бошлади.

Ҳозир бу ерда қиймати 350 миллион сўмга тенг бизнес лойиҳанинг биринчи босқичи амалга оширилиб, сувли бўёқ ҳамда безакли сувоқ ашёларини тайёрлашга киришилди. Технологик жараёнлар Япониядан келтирилган ускуналар ёрдамида бажарилиб, улар энергия тежамкорлиги билан ажралиб туради. Хусусан, электрлаштирилган қурилмани ҳаракатга келтириш учун, бор-йўғи, битта лампочкага талаб этиладиган қувват кифоя қилади. Маҳсулот сифати ҳам ўзига хос жиҳатлари билан турдошларидан фарқланади. Жумладан, улар ўткир ҳидсиз, фойдаланишда сарфи анча кам ва ташқи таъсирларга чидамли, яъни узоқ вақтгача жилосини йўқотмайди. 

— Йилига 900 тонна маҳсулот тайёрлашга мўлжалланган қувватларни ўзлаштириш давом этаяпти, — дейди МЧЖ раҳбари Қаҳрамон Раимжонов. — Шу кунгача 20 тонна миқдоридаги дастлабки қурилиш-пардозлаш материалларини ички бозорга чиқардик.         Лойиҳанинг кейинги босқичида технологик жиҳозларни тўлиқ компьютерлаштириш кўзда тутилган. У ниҳоясига етиши билан самарадорлик янада ортиб, жамоамиз аъзолари сони 20 нафарга кўпаяди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn