Банк тизимининг нуфузи ортмоқда
  • 22 Июль 2016

Банк тизимининг нуфузи ортмоқда

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида банк тизимининг 2016 йилнинг I ярим йиллигидаги фаолияти якунлари ҳамда Президентимиз томонидан жорий йилнинг 15 январида Вазирлар Маҳкамаси мажлисида белгилаб берилган 2016 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифалари изчил ижросини таъминлашга бағишланган кенгайтирилган Бошқарув мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисни Марказий банк раиси Ф. Муллажонов бошқарди.

Таъкидланганидек, Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати 2016 йилга мўлжалланган макроиқтисодий кўрсаткичларнинг бажарилиши, банк тизимининг капиталлашув даражасини ошириш, унинг ликвидлигини янада мустаҳкамлашга қаратилди. Натижада 2016 йил 

1 июль ҳолатига кўра, тижорат банкларининг умумий капитали 8,6 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 23,3 фоиз ошди. Банк активлари эса 25,1 фоиз ўсиб, 73,4 трлн. сўмга етказилди. 

Тизимда эришилган кўрсаткичлар нафақат халқаро умумқабул қилинган меъёрларга мос келади, балки айрим йўналишлар бўйича ундан ҳам юқори эканлиги диққатга сазовор. Хусусан, капиталнинг етарлилик даражаси белгиланган халқаро меъёрлардан қарийб 3 баробар,  жорий ликвидлиги эса жаҳон амалиётида қабул қилинган минимал даражадан 2 баробар ортиқдир. Бу эса республикамиз барча тижорат банки “катта учлик”ка кирувчи халқаро рейтинг агентликларининг “Барқарор” рейтинг баҳоларини қўлга киритишида муҳим омил бўлди.

Саноатда юқори технологияли ва замонавий қувватларни ишга тушириш, ишлаб чиқаришни техник ҳамда технологик жиҳатдан янгилашга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш банклар фаолиятининг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланган. Шундан келиб чиқиб, кўрилган изчил чора-тадбирлар самараси ўлароқ, жорий йилнинг олти ойида иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредитларнинг умумий ҳажми 48 трлн. сўмдан ошди. Бундан ташқари, инвестиция мақсадларига ажратилган кредитлар ҳажми 5,8 трлн. сўмни, кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилган кредитлар 8,3 трлн. сўмни ташкил қилиб, бу борада ҳам жадал ўсиш суръатлари таъминланди. 

Банклар томонидан ёшларни, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, уларнинг бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. 2016 йилнинг биринчи ярмида ушбу мақсадларга 176,5 млрд. сўм сарфлангани бунинг яққол далилидир. 

Мамлакатимизда банк тизимини ислоҳ қилиш ҳамда эркинлаштириш борасида эришилган ютуқлар Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнесни юритиш — 2016” навбатдаги йиллик ҳисоботида яна бир бор ўз тасдиғини топди.

Гап шундаки, унда кредитлаш шартлари бўйича кейинги уч йилда Ўзбекистон рейтинги 112 поғона, яъни 154-ўриндан 42-ўринга кўтарилди. Шунингдек, “Кредит ахбороти алмашинуви индекси” бўйича банк тизимимиз мавжуд 8 балли тизимда 7 баллга баҳоланди. Бу Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (ОЕСD)га аъзо давлатлардаги ўртача кўрсаткичдан юқори эканлиги таҳсинга лойиқ. 

Мажлисда қўлга киритилган муваффақиятлар билан бирга, камчиликларга йўл қўйилгани, яъни айрим тижорат банклари мижозларга замонавий хизматлар кўрсатиш ва аҳолининг банкларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш борасидаги мавжуд ички имкониятлардан тўлиқ фойдаланмагани учун қаттиқ танқид қилинди. 

Тадбирда 2016 йилнинг II ярим йиллигида банк тизими олдида турган долзарб вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, банклар раҳбарлари эътибори “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ҳамда 2016 йил бандлик дастурида белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида бажаришга қаратилди. 

Саиджон РАҲМОНОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn