Автомобилсозлик: Салоҳият ва янгиланиш мезони
  • 14 Апрель 2014

Автомобилсозлик: Салоҳият ва янгиланиш мезони

Бугун мамлакатимиз иқтисодиётида изчил олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли четдан келтирилаётган хом ашё ҳамда бутловчи буюмларни ўзимизда тайёрлаш имконияти тобора кенгайиб бораётир. Бу эса ички бозорни импорт ўрнини босувчи рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдириш, саноат корхоналарининг экспорт салоҳиятини янада юксалтириш, валюта маблағларини тежаш ҳамда қўшимча иш ўринлари яратишда муҳим омил бўлаяпти.

Хусусан, автомобилсозлик саноати мисолида сўз юритадиган бўлсак, кейинги йилларда “GM Uzbekistan” ёпиқ акциядорлик жамиятида янги русумдаги автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши билан уларга зарур эҳтиёт қисмлар етказиб беришга ихтисослаштирилган ўнлаб қўшма корхоналарда маҳаллийлаштириш жараёнлари жадаллашиб бормоқда. Табиийки, бундай муваффақиятлар кенг кўламли техник ва технологик янгиланишлар, маҳаллий муҳандис-техниклар томонидан яратилаётган рационализаторлик таклифлари ҳамда амалиётга кенг жорий этилаётган инновацион лойиҳалар самарасидир.
Жумладан, Асака шаҳридаги “ЎзДонгВонКо” қўшма корхонасида биргина ўтган йилнинг ўзида 3 та истиқболли лойиҳа рўёбга чиқарилди. Пировардида бу ерда автомобиллар учун овоз сўндиргичлар (глушитель), ёнилғи тутуни чиқариш тизими мосламалари, каталитик нейтрализаторлар, эшиклар учун зарбга қарши балкалар, панель қисмлари ишлаб чиқариладиган бўлди.
— Лойиҳаларимиздан иккитаси “Gentra” русумли автомобиллар учун янги турдаги эҳтиёт қисмлар, яна бири эса “Spark” автомобилига мўлжалланган зарбга қарши балка ишлаб чиқаришга қаратилган, — дейди корхонанинг қисмларни ривожлантириш бўлими бошлиғи Дилмурод Жўраев. — Бунинг учун 21 номдаги пайвандлаш дастгоҳлари келтириб ўрнатилди. Натижада 18 хил бутловчи қисмлар тайёрлаш ўзлаштирилди. Ўз навбатида, 20 дан зиёд кишининг бандлиги таъминланди.
Корхонанинг стратегик ривожлантириш бўлимида ҳам иш қизғин. Бу ерда жорий йилнинг биринчи чорагида жами 11 турдаги спорт жиҳозлари тайёрлашга киришилди.
— Маҳсулотларимизнинг асосий қисми спортнинг гимнастика тури, қолганлари эса енгил атлетика ҳамда стол тенниси машғулотларига мўлжалланган, — дейди стратегик ривожлантириш бўлими менежери Собитхон Исмоилов. — Уларни жорий йилнинг
25-27 март кунлари Тошкентда ўтказилган спорт инвентарлари кўргазмасида ҳам муваффақиятли намойиш этдик. Натижада тадбир якунида 74 миллион сўмликдан зиёд шартномалар имзолашга муваффақ бўлдик.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Қўшма корхона қошида касаначилик асосида фаолият кўрсатувчи цех ҳам ташкил этилган. Ҳозир бу ерда ишчилар учун ойига 10 минг жуфт қўлқоп тикилаяпти. Келгусида цехга Хитойдан янги дастгоҳлар келтирилгач, мазкур кўрсаткич янада ортиши кўзда тутилган. Ана шунда маҳсулотнинг корхона эҳтиёжидан ортган қисмини бошқа буюртмачиларга етказиб бериш имконияти юзага келади.
Дарҳақиқат, саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш “ЎзДонгВонКо” сингари корхоналар истиқболига кенг йўл очаётир. Андижон вилоятида биргина жорий йилда 735 тадан ортиқ лойиҳаларни рўёбга чиқариш мўлжалланаётгани, шундан 17 таси автомобилсозлик саноатига йўналтирилгани бунга мисол бўла олади.

Саидаҳмад ШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn